ШАХС ДАХЛСИЗЛИГИ — ҚОНУН МЕЗОНИ ЁКИ 8 ЙИЛДАН СЎНГ ЎЛИМИ ҚАЙД ЭТИЛГАН ШАХСНИНГ ҚИСМАТИ ХУСУСИДА
Маълумки, худди турар жой дахлсизлиги каби иш ва касб-ҳунар танлаш ҳам ҳар кимнинг ўз ҳуқуқидир. Шу бос, ҳамюртларимиз дунёнинг турли давлатларида ўз меҳнат фаолиятини амалга оширишига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди.
Мамлакатимизда бунинг учун барча ҳуқуқий асослар яратилган. Аммо қонуний йўл қолиб, ноқонуний тарзда ўзга юртларга иш излаб кетиш оқибатида сарсону саргардонликни бошдан кечирган, ҳатто бундан-да аянчли қисматга гирифтор бўлганлар ҳам орамизда йўқ эмас.
Мисол учун Бағдод туманида яшаган Саидазим Раҳмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2005 йилда Россия Федерациясига ишлаш учун кетади-ю, орадан йиллар ўтса ҳам, уйига қайтиб келмайди. Фақатгина оила аъзолари билан телефон орқали боғланиб, ҳол-аҳвол сўрашиб туради, холос.
Бироқ нима сабабдандир 2012 йил апрель ойидан кейин С. Раҳмоновдан салкам бир йил мобайнида умуман дарак бўлмайди. Натижада аёли, фарзандлари ва қариндош-уруғлари жиддий хавотирга тушади.
Шу боис, 2013 йил ўрталарида С. Раҳмоновнинг ўғли Миржалол Маҳмуджонов отасини қидириб, Россияга боради ва суриштирсаки, отаси 2012 йил 9 апрелда охирги ишлаган жойи — Свердловск вилоятида йўл-транспорт ходисаси туфайли вафот этган экан.
Бу хусусда 2012 йил 4 майда шаҳар суд-тиббий экспертиза бўлимининг 125-сонли далолатномаси расмийлаштирилган. Қолаверса, мазкур ҳолат юзасидан 2012 йил 15 августда тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Оқибатда М. Маҳмуджонов ана шу ҳужжатлардан нусха олиб, ортига қайтади.
Шундан кейин орадан 7 йил вақт ўтади. Жорий йилга келиб, оилада мерос масаласи кўтарилганда, Миржалол Маҳмуджонов отасининг ўлимини қайд этишни сўраб, Бағдод туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилади.
Оила кодексининг 225-моддасида ўлимни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ёки суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори, шунингдек, марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади, деб белгиланган.
ФҲДЁ бўлими томонидан М. Маҳмуджонов тақдим этган ҳужжатлар Саидазим Раҳмоновнинг ўлимини қайд этиш учун етарли эмас деб топилади. Яъни ФҲДЁ бўлими Миржалолнинг аризасини рад этиб, судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради.
Шундан сўнг М. Маҳмуджонов Бағдод туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, айни масалада амалий ёрдам кўрсатишни сўрайди. Албатта, туман адлия бўлими томонидан ушбу мурожаат ўрганиб чиқилгач, унинг манфаатини кўзлаб Бағдод туман маъмурий судига шикоят аризаси киритилади.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши қайд этилган.
Суд ана шу қонуний асосларга таянган ҳолда, Бағдод туман ФҲДЁ бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топди. Бўлим зиммасига Саидазим Раҳмоновнинг 2012 йил 9 апрель куни Россия Федерацияси Свердловск вилоятида вафот этганини рўйхатга олиш мажбуриятини юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Тўғри, шу тариқа суд томонидан фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди.
Аммо юз берган воқеа барчамизни жиддий фикр-мулоҳаза юритишга ундайди.
Доно халқимизда «Узоқнинг буғдойидан — яқиннинг сомони афзал» деган пурҳикмат ибора бор. Яъни мамлакатимизда ишлайман, имкониятларимни юзага чиқараман, деган киши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Бошқача айтганда, пул топиш учун хорижга бориш шарт эмас. Масалан, «Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастури асосида оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мумкин.
Ҳеч йўқса, ҳар бир фуқаро ўз хонадонида томорқасидан унумли фойдаланиб, ўзга юртда бир йилда топадиган пулини 3-4 ойда — бир экин мавсумида топса бўлади-ку.
Кундалик ҳаётимизда, ён-атрофимизда, ўз маҳалламизда ҳам 1-2 сотихлик иссиқхонасида меҳнат қилиб, машина олаётган, тўй қилаётган, яшаш шароитларини ҳамма ҳавас қилгудек даражага етказаётган юртдошларимиз оз эмас.
Бунинг учун ҳар бир туманда «Томорқа хизмат» масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилган. Улар аҳоли хонадонларига уруғлик, кўчат, кимёвий воситалар ва минерал ўғит сингари бошқа зарур ашёларни етказиб бериб, яқиндан кўмаклашади. Ҳатто томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни сотиб ҳам олади.
Ёки Миржалол Маҳмуджоновнинг ҳаракатини олайлик. Яъни у 2013 йилда Россиядан отасининг вафотига оид ҳужжатларни олиб келган бўлса-да, қачонки оилада мерос масаласи кўтарилгандагина унинг ўлимини қайд этишни сўраб, Бағдод туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилганини қандай тушуниш мумкин?
Шундай экан, баён этилган воқеа кўпчиликка сабоқ бўлади, деган умиддамиз.
Аброржон ОМОНОВ,
Бағдод тумани
маъмурий судининг раиси
Фикр қолдириш