ЎҒИРЛИКНИ КАСБ ҚИЛГАН АЁЛ ИККИ ЙИЛ МОБАЙНИДА БЕШ МАРОТАБА СУДЛАНДИ
Мана, икки ойдирки, Тошкент вилоятида яшовчи Фахриддин Орифжонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва Санобар Орифжонованинг ичига чироқ ёқса ёришмайди. Бу бежизга эмас, албатта. Негаки, бу оиланинг фарзанди — Сабоҳат Орифжонова жиноий қилмишларга қўл ургани туфайли озодликдан маҳрум этилгани уларнинг юзини шувит, қаддини дол қилиб қўйди.
С. Орифжоновага дастлаб ўғирлик жиноятини содир этгани учун унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2018 йил 13 июлдаги ҳукмига биноан, 11 ой 23 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланганди. Аслида, бу жазо унга қилмишидан тегишли хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олиши учун берилган бир имконият эди. Аммо С. Орифжонова бу бағрикенгликнинг қадрига етмади. Энг ачинарлиси, у 2018 йил 18 сентябрда фарзандли бўлгач, қўлида чақалоғи билан иккинчи маротаба ўғирликка қўл уради. Шу боис жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судининг 2019 йил 19 февралдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади. Бироқ суд Жиноят кодексининг 533-моддаси 1-қисмидаги, озодликдан маҳрум этилган маҳкуманинг ёш боласи бўлса, у уч ёшга тўлгунга қадар ҳукм ижросини кечиктириши мумкинлиги ҳақидаги қоидадан келиб чиқиб, Сабоҳатга тайинланган жазо 2021 йил 18 сентябрга қадар кечиктирилади. Агар С. Орифжонова содир этган жиноятининг оқибати ва моҳиятини теран англаб етганда эди, қайта жиноятга қўл урмаган бўларди. Бироқ сўқир кўзи очилмаган «қаҳрамон»имиз учинчи, тўртинчи маротаба ўғирлик кўчасига киради. Бунинг учун жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2019 йил 4 июлдаги ва жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2019 йил 8 октябрдаги ҳукмларига кўра, озодликдан маҳрум этилса-да, фарзанди 3 ёшга тўлмагани боис иккала сафар ҳам тайинланган жазо ижроси кечиктирилади.
Аммо ахлоқан тузалмаган бу аёлнинг ўрганган кўнгли 2019 йил 29 декабрдан 30 декабрга ўтар кечаси бешинчи маротаба ўртаниб қолади. Маълум бўлишича, Сабоҳат 2019 йил 10 декабрь куни Нодир исмли таниши билан бирга Юқори Чирчиқ тумани Йик-ота маҳалласи, Фидойилар кўчасида яшовчи Зарина Ҳожибоевадан ижарага уй сўраб боради. У ўзини З. Ҳожибоевага «Робия» деб таништиради. Бундан бехабар хонадон соҳибаси эса, унинг ҳомиладорлигини кўриб, қолаверса, қиш фасли эканлигини инобатга олиб, ойига 800 000 сўм ҳақ тўлаш шарти билан ижарага қўяди.
Шундан сўнг С. Орифжонова ушбу ижара уйда яшаркан, хонадондан нималарнидир ўмаришни режалаштириб, бунинг учун қулай пайт келишини пойлай бошлайди. 2019 йил 30 декабрь куни эса, ғараз мақсадига эришади.
Шуни таъкидлаш зарурки, қайнона-қайнотаси Самарқанд вилоятида яшашгани боис, ўша куни Зарина Ҳожибоева эри билан бирга уларни кўриш ҳамда янги йил байрамини нишонлаш мақсадида, йўлга чиқишади. Зарина опа ўзига қўшни бўлиб яшовчи укаси Абдумутал Ҳожибоевга ҳам уйига, ҳам оғироёқ «Робия»га кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлайди. Шу билан бирга, З. Ҳожибоева Сабоҳатга кечки овқат учун масаллиқларни ҳам тайёрлаб беради. Лекин С. Орифжонова соат 03:30 ларда уй меҳмонхонасининг деворига ўрнатилган, баҳоси 2 500 000 сўмлик «ROYSON» русумли телевизор, баҳоси 3 500 000 сўмлик 3 дона тилла занжир, баҳоси 1 600 000 сўмлик 2 дона узук, 950 000 сўмлик аёллар атири, 950 000 сўмлик 2 дона чойшабни ўзи ёллаган автомашинага ортган ҳолда ғойиб бўлади. Сўнгра ўғирланган буюмларни пойтахтимиздаги Янгиобод ихтисослаштирилган бозорида арзон-гаровга сотиб юборади.
Буни қарангки, Абдумутал Ҳожибоев ўша куни тушлик маҳали воқеадан хабар топади. Бинобарин, опасига сим қоқиб, телевизори жойида йўқлиги ва уй бетартиб ҳолатда эканлигини айтади. Бу хабардан эсанкираб қолган Зарина опа эса, ўша заҳотиёқ Сабоҳатга қўнғироқ қилади. Аммо С. Орифжонова гўшакни кўтармайди. Шунинг учун эр-хотин шоша-пиша ортга қайтишади. Улар уйга етиб келгач, телевизордан бошқа нарсалар ҳам ўғирланганини кўришадию, дарҳол туман ички ишлар бўлимига хабар беришади.
Албатта, жиноятга жазонинг муқаррарлиги Жиноят кодексининг, янада аниқроғи, қонун устуворлиги таъминланган жамиятнинг талабидир. Шу маънода айтганда, Сабоҳат Орифжонованинг галдаги қилмиши ҳам жавобсиз қолмай, жабрланувчиларнинг мурожаатига асосан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди эса, қайта-қайта имкони берилишига қарамай, қасддан янги жиноят содир этгани сабабли судланувчини жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имкони йўқ деган хулосага келди. Шу боис суд уни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, озодликдкан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Судланувчига жазо тайинлашда жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2019 йил 8 октябрдаги ҳукмига асосан, тайинланган жазо ҳам инобатга олинди. Қолаверса, суд ҳукмида айбдордан жабрланувчига етказилган 9 462 000 сўм миқдоридаги зарарни ундириш ҳам белгиланди.
Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Сабоҳат-ку қилмишига яраша жазо муддатини ўтаб чиқади. Бироқ ҳали эсини таниб улгурмаган фарзандлари беғубор болалигининг маълум муддатини она меҳридан мосуво ҳолда ўтказадиган бўлишди. Бу муддат норасидалар учун қанчалар оғир кечишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Алишер НУРМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича
Зангиота тумани судининг судьяси
Фикр қолдириш