АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ БИРИНЧИ БОСҚИЧ СУДИ ҲУКМИНИ БЕКОР ҚИЛИБ, СУДЛАНУВЧИЛАРНИ ОҚЛАДИ

Маълумки, ички ишлар органлари таянч пунктлари бевосита фуқаролар — жамоатчилик билан ишлайдиган, ҳамюртларимиз кўпроқ мурожаат қиладиган тузилма саналади. Шу маънода айтганда, профилактика инспекторлари ўз хизмат ҳудуди аҳолисининг қувончу ташвишларига шерик бўладиган ходимлардир.

Аммо Риштон туман ИИБ профилактика катта инспектори Аброржон Аъзамов ва профилактика инспектори Азаматбек Турсуновлар туманнинг Жалаер маҳалласида юз берган жанжал туфайли ноҳақ айб­ловга гирифтор бўлишди. Аниқроғи, жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судининг 2020 йил 14 февралдаги ҳукмига биноан, улар Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, шу кодекснинг 45-моддаси тартибида 1 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳу­қуқидан маҳрум қилиш ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ ту­затиш иши жазосига маҳкум этилган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Жалаер маҳалласида қандай жанжал юз бергандики, бир эмас, икки нафар профилактика инспектори айб­дор деб топилиб, жа­зога маҳкум этилди?

Суд ҳукмида қайд этилишича, ушбу маҳаллада яшовчи Аваз Юлдашев 2019 йил 26 август куни қўшниси Гулнора Юл­дашеванинг уйига маст ҳол­да кириб, хонадон со­ҳи­ба­си­ни ҳақоратлайди.

Шу боис, қўшни аёл про­фи­лактика инспекторлари А. Аъзамов ва А. Турсуновларга мурожаат қилади. Натижада улар ўша хонадонга бориб, воқеа тафсилотларидан воқиф бўлгач, ҳуқуқбузарни «Бешкапа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хизмат уйига олиб кетишади. Сўнгра Авазбекни шу ердаги қурилиши тугалланмаган намунали уй ҳовлисига олиб кириб, бўйин соҳаси орқа то­монига уриб йиқитишади. Ке­йин эса, юзи ва баданининг турли жойларига уриб-тепиб, тан жароҳати ет­кази­шади. Бу ҳаракатлари би­лан улари Ички ишлар вазирининг 2017 йил 12 июндаги «Ички ишлар органларининг ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси бўлимлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги 151-сонли буй­руғи би­лан юклатилган хизмат ваколатлари доирасидан четга чиқишган. Оқибатда иккала ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳук­ми асосида уларга тегишли жазо та­йинланади.

Шундан сўнг собиқ инспекторлар ўзларининг айбсизлигини тасдиқловчи бир қатор важларни келтириб, апелляция шикояти беришган ҳамда оқлов ажрими чиқаришни сўрашган.

Буни қарангки, апелляция суди мажлисида биринчи бос­қич суди томонидан суриштирув даврида тўпланган далилларга ишончлилик ва мақбуллик нуқтаи назаридан баҳо берилмагани, А. Аъзамов ва А. Турсуновларнинг айбдорлигига оид шубҳа ҳамда қарама-қаршиликлар бартараф этилмагани, фақатгина уларни айблаш нуқтаи назаридан шошма-шошарлик билан бир ёқлама суд тергови ўтказилгани аён бўлди. Қолаверса, дастлабки суриштирув даврида йиғилган ва биринчи босқич суди томонидан айблов ҳукми чиқаришга асос қилиб олинган далилларнинг асоссизлиги ҳамда мақбул эмаслиги, жиноят ишига Аброржон Аъзамов ва Азаматбек Турсуновларнинг дахли йўқлиги, жиноят иши қўзғатишга асос бўлган маълумотлар ҳаққоний эмаслиги ҳам аниқланди.

Бундан ташқари апелляция судида ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинган жабр­ланувчи Авазбек Юлдашев ўзини айнан ким урганини билмаслиги, маҳалла посбони «Сизни А. Аъзамов ва А. Тур­суновлар урган», деб айт­гани учун ўша пайтда шун­дай мазмунда кўрсатма бергани, бу ҳақда бирон-бир жойга ариза билан мурожаат қилмагани, шунингдек, ҳеч кимга нисбатан даъвоси йўқ­лигини билдирди.

Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддасида «Айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади.

Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалла­ри­да маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга бар­ҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим» дея қайд этилган. Ушбу кодекснинг 464-моддасига мувофиқ эса, жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, судланувчи содир этган қилмишда жи­ноят­ таркиби бўлмаса, жи­ноят­ содир этилишига судланувчи дахлдор бўлмаса, жиноят бош­қа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланса, шунингдек, судланувчига қў­йилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан ке­йин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд уш­бу кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган асосларга кў­ра, судланувчини оқлайди.

Қисқаси, юқорида қайд этилган қонуний асосларга таянган жиноят ишлари бў­йича Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судининг 2020 йил 14 февралдаги ҳукмини бекор қилиб, Аброржон Аъзамов ва Азаматбек Турсуновни айб­сиз деб топиб, оқлади.

Шу ўринда жиноят ишининг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратсак. Гап шундаки, Жиноят процессуал кодексининг 11-моддасида судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек, жи­ноят ишини юритишда иш­­тирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу кодекс ва бошқа қонунларга аниқ риоя этиши ва уларнинг талабини бажариши шартлиги, қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қи­лишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра, юз берганидан қатъи назар, жиноят процессида қонунийликни бузиш ҳисобланиши ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши, кодекснинг 485-моддасида эса, иш бўйича ушбу кодекснинг 82-84-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланмаган бўл­са, кўрсатмалари ишни ҳал қилишга таъсир этиши мумкин бўлган шахслар сўроқ қилинмаган, зарур бўлишига қарамай экс­пертиза ўтказилмаган, худди шунингдек, ҳужжатлар, ашёвий далиллар талаб қи­либ олинмаган ёки натижалари иш учун аҳа­мият­ли бўлиши мумкин бўлган бошқа суд-тергов ҳаракатлари ўтказилмаган бўлса, дастлабки тергов ёхуд суд тергови тўлиқ эмас ёки бир ёқ­лама ўтказилган деб эътироф этилиши белгиланган. Бинобарин, апелляция инс­танцияси томонидан тергов жараёнидаги қонунбузилишлар юзасидан хусусий ажрим ҳам чиқарилиб, муҳокама қилиш учун Фарғона вилоят прокуратурасига юборилди.

Умид қиламизки, ушбу ҳо­лат бошқаларга ҳам сабоқ бўлади. Зеро, судлар тоонидан муқаддам ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланиши Президентимиз Шавкат Мирзиёев­ ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарасидир.

Раҳматжон АРАПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона вилояти судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: