АНТИҚА АЛДОВ ЁКИ ОНА НИҚОБИДАГИ ФИРИБ

Эҳтиётсизлик оқибатида юз берган фожиа ортидан кутилмаганда яна ташвиш туғилса, киши буткул гангиб қоларкан. Яна денг, бу дилхираликнинг бошида ўзинг аввалдан яхши таниган, билган одамлар турса, ишончингни суиистеъмол қилиб, алдаса, бундан ёмони йўқ экан.

Фалокат кутилмаганда рўй берди. Бобоқул Омонқулов (исм-шарифлар ўзгартирилди) автомашинани бошқариб бораётиб, кўчада эҳтиётсизлик оқибатида Н. Холбўтаевни уриб юборди.

Шу йил 22 февраль куни ушбу ҳодиса рўй берган жойдаги дўконда ишловчи М. Исоев жабр­ланган Н. Холбўтаевга биринчи ёрдам кўрсатишда Б. Омонқуловга кўмаклашганди. Яъни улар Н. Холбўтаевни зудлик билан туман марказий шифохонасига олиб боришади, бироқ жабрланувчи вафот этади.

Орадан икки-уч кун ўтгач, кў­чада Бобоқул Омонқулов М. Исоев билан учрашиб қолади. Шунда М. Исоев кўнгил сўрайди. Б. Омонқулов эса, жабрланувчи томоннинг алами босилмаётганини айтади.

Буни эшитиб, М. Исоев ға­лати гапни айтади:

— Вафот этган йигитнинг онаси узоқроқ қариндошим бўлади, — дейди у. — Мен сизга ёрдам беришим мумкин. Хўп десангиз, гаплашиб, яраштириб қўяман.

Бу гапни эшитиб, рўй берган фожиадан гангиб юрган Б. Омонқуловнинг кўнгли бироз тасалли топгандай бўлади. Ярашиш харажатсиз битмаслигини ўйлаган Б. Омонқулов бу ҳақда яқинлари билан маслаҳатлашишини айтиб, уйига кетади.

Маслаҳат нима бўлди? Орадан бир неча кун ўтса-да, бу ҳақда Б. Омонқуловдан жавоб йўқ эди. Ниҳоят, М. Исоевнинг ўзи унга қўнғироқ қилади.

— Марҳум Н. Холбўтаевнинг онаси кеча олдимга келди, — дейди у. — Дўконга ўрнатилган кузатув камерасидаги автоҳалокат видеоёзувларини сўради, жаҳл отидан тушадиганга ўхшамайди. Сиз тушкунликка тушманг, ора бироз совисин, мен уйига бориб, гаплашиб кўраман.

Албатта Б. Омонқулов М. Исоевдан яхши хабар кута бошлайди.

Ниҳоят, М. Исоев қўнғироқ қилади. У вафот этган йигитнинг уйига боргани, онаси билан гаплашгани, кечирмайман, ярашмайман, дея жавоб берганини айтаркан, гапининг охирида «барибир сизларни яраштириб қўя­ман», дейди.

Орадан уч кун ўтгач, Б. Омон­қулов М. Исоев билан яна учрашади.

Шунда М. Исоев ундан ярашиш учун қанча пул бера олишини сўрайди. «Ўт­тиз миллион сўм атаб қўйганман», деб жавоб қилади Б. Омонқулов.

Буни эшитиб, М. Исоев ич-ичидан қувониб кетади, аммо сир бой бермайди, марҳумнинг онаси билан яраштириб қўйишга яна ваъда беради.

Шундан сўнг орадан кўп ўтмай М. Исоев Б. Омонқуловнинг олдига хушнуд кайфиятда келади. «Рози бўлди, — дейди у. — Эртага ваъда қилинган пулнинг ярмини қа­риндошлари олдида Гулзебо опага берамиз».

Қисқаси, эртаси куни ҳо­жатбарор М. Исоев Б. Омонқуловнинг опаси Ю. Алиева, поччаси Ғ. Алиев, ўртоғи С. Пирназаров ва адвокат В. Саидовларнинг гувоҳлигида марҳумнинг онасига қўнғироқ қилади, «уйингизга адвокат билан бирга боряпмиз», дейди.

«Мен сизларни кўришни хоҳламайман, — зардали жавоб эшитилади нариги тарафдан. — Уйимга келманглар, туман электр тармоқлари корхонаси биноси олдидаги кўчага опамнинг қизини чиқараман. Пулни унга қолдириб кетаверинглар».

Бу гапни эшитгач, адвокат В. Саидов М. Исоевдан қўл телефонини олиб, гапга аралашади, учрашиб, гаплашиб олиш лозимлигини айтади. Шунда нариги тарафдан «уйи­мизга келманглар, мен сизлар билан кўришишни хоҳламайман, бирон киши кўриб қолса, нотўғри тушунади», деган жавоб эшитилади.

Шундан сўнг улар айтилган манзилга боришса, кўча бошида вояга етмаган қизча — Ж. Рашидова «омонат»ни кутиб турган экан. Пул солинган целофан пакетни бераркан, М. Исоев Г. Фахриддинованинг қўл телефонига уланиб, уни қизчага беради. У эса, «олдим», деган хабарни айтади.

Шу ўринда нега ўттиз миллион эмас, унинг ярми — ўн беш миллион сўм олди-берди қилинганига ойдинлик киритадиган бўлсак, телефон орқали суҳбат чоғида Г. Фахриддинова ҳозирча ярашиш учун келишилган пулнинг ярмини бериб кетишини айтганмиш. Ҳал ҳолда бу М. Исоевнинг гапи. Унинг айтишича, агар биратўла ўттиз миллион сўм олса, одамлар боласининг ўлигини сотибди, деб гап қилармиш.

Пулнинг қолганини қачон беришни аёлнинг ўзи айтармиш.

Бу ёқда денг, вақт ўтиб борар, автоҳалокат юзасидан олиб борилаётган суриштирув ва тергов ҳаракатлари ниҳоясига етиб, жиноят иши судга ўтиш арафасида эди. Бундан Б. Омонқулов ва унинг қариндошлари хавотири ошгандан ошиб бораётганди. Шунинг учун улар Г. Фахриддиновага қўнғироқ қилишади, адвокат жабрланган аёл билан гаплашади. Шунда улар «Бухородан меҳмонлар келган, бугун учрашолмаймиз, бошқа куни ўзим айтаман», деган жавобни эшитишади.

Жавоб шубҳали эди. Чунки республика бўйича пандемия сабабли карантин жорий этилган бир пайтда Бухородан меҳмон келиши кишида шубҳа уйғотади. Шунинг учун Б. Омон­қуловнинг опаси Ю. Алиева автоҳалокат бўйича тергов ҳаракатларини олиб бораётган терговчига қўнғироқ қилади, вафот этган йигит онасининг телефон рақамини сўрайди. Сўнг ўша телефон рақамига қўнғироқ қи­либ, «опа, пулни ярмини олдингиз, қолганини ҳам олиб, бизларга даъвоингиз йўқлиги ҳақида тилхат ёзиб беринг», деб сўрайди.

Ҳеч бир кутилмаганда фарзандидан ажралиб, юрак-бағри хун аёлнинг бу гапдан сўнг қай аҳволга тушишини тасаввур қилиш оғир.

Муҳими, ай­ни шу қўнғироқдан сўнг ҳаммаси ойдинлашади: фарзанди вафот этган Г. Фахриддинова ролини ўйнаган бош­қа аёл экан.

Шундан сўнг Б. Омонқулов ИИБ бўлимига бориб, бу ҳақда ариза билан мурожаат қилади.

Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан шу йилнинг 7 апрель куни тадбир ўтказилади. Жабрланувчи Б. Омонқулов М. Исоевга учрашади ва ўртага масалани қатъий қўяди. «Гулзебо опа пулнинг қолганини олиб, даъвоси йўқлиги ҳақида тилхат ёзиб берсин, акс ҳолда, олган пулларни қайтарсин».

Бу талабдан сўнг М. Исоев Г. Фахриддинова ролини бажараётган аёл билан телефонда боғланади. Аёл ўғлининг ўлимига сабабчи бўлган Б. Омонқуловни кўришни истамаслигини айтиб, ўртоқларидан биридан пулни бериб юборишни, шунда даъвоси йўқлиги ҳақида тилхат ёзиб беражагини билдиради. Хуллас, ўша куни соат ўн тўртларда оқ кўзойнак таққан, эгнига кўк рангли аёллар халати, бошига малла ва оқ рангли рўмол ўраб, мотамсаро либосга ўралган аёл М. Исоев айтган Бўстон маҳалласидаги дўконга кириб келади.

Дўконда М. Исоев ёлғиз эмас эди. Ўн беш миллион сўмни бериш учун Б. Омонқулов номидан ўртоғи С. Пирназаров ҳам у билан бирга келганди. Бир варақ қоғозга ёзилган тилхатни аёл оқ қоғозга кўчириб беради. Шундан сўнг ҳалиги аёл С. Пирназаров стол устига қўйган пулларни олиб, уйига кетади.

Аёл уйига етиб келгач, унинг ортидан ички ишлар идораси ходимлари ҳам кириб келишади.

Энди воқеага аниқлик киритиш мавриди етган кўринади. Гап шундаки, рўй берган автоҳалокат оқибатида вафот этган Н. Холбўтаевнинг онаси ролини бажаришга М. Исоев қайнакасининг турмуш ўртоғи Шаҳло Арзиева билан ўзаро жиноий тил бириктирганди.

Агар тарозига қўйиш имкони бўлганида, воқеалар ривожида судланувчи М. Исоевнинг иштирокчилик даражаси ниҳоятга кўп тош босган бўларди. Чунки 1986 йил Пахтачи туманида туғилган, ўрта махсус маълумотли, оилали, икки нафар фар­занд­нинг отаси М. Исоев йигирма икки ёшидан ҳозиргача Жиноят кодексининг турли моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этиб, тўрт марта судланган.

Бировнинг бошига тушган фожиадан мўмай даромад топишдек ғараз ниятда судланувчи М. Исоев янгаси — жиноий шериги Ш. Арзиевага йўл-йўриқ кўрсатиб турган. Жабр­ланувчи Б. Омон­қулов бир маҳаллада яшаганликлари сабабли, М. Исоев сингари Шаҳло Арзиевани ҳам яхши танирди. Шу сабабли, М. Исоев Ш. Арзиевани Б. Омонқулов ва унинг қариндошларига юзма-юз келмаслик чораларини излайди.

Вояга етмаган Ш. Рашидова целофан халтага солинган ўн беш миллион сўмни олаётган паллада гумроҳ аёл Ш. Арзиева туман электр тармоқлари корхонаси биноси ичида деразадан воқеани кузатиб турганди.

Энди судланувчиларга нисбатан жазо тайинлаш масаласига тўхталадиган бўл­сак, суд дастлабки тергов идораси томонидан судланувчи М. Исоевнинг жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари ҳамда судланувчи Ш. Арзиеванинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари ва 127-моддаси 3-қисми билан но­тўғри квалификация қилинган деган хулосага келди.

Негаки, ушбу қилмиш Жиноят кодексининг 165-моддаси таркибини бермайди. Тов­ламачиликнинг моҳияти шундаки, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўр­лик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қи­лиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулк­ни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш билан боғлиқ ҳолатлар бўлиши керак.

Бироқ М. Исоев ва Ш. Арзиевалар жабрланувчи Б. Омонқуловнинг ишончига кириб, уни алдаган, 30 мил­лион­ сўмни йўл-транспорт ҳодисаси бўйича жабр­ланувчи деб топилган Г. Фахриддиновага даъвосидан воз кечиши учун бераётганига ишонтиришган.

Шунингдек, судда аниқланган ҳолатларга қараганда, М. Исоев ва Ш. Арзиеваларнинг қасди жабрланувчи Б. Омонқуловнинг 30 миллион сўмини қўлга киритишга қаратилган. Дастлаб 15 миллион сўмни қўлга киритишгач, ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, қолган 15 миллион сўмни олгач, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, фирибгарлик жиноятини охирига етказа олишмаган.

Суд юқорида қайд этилганларни эътиборда тутиб, судланувчи М. Исоев ва Ш. Арзиеванинг жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” банд­ларидан кодекснинг 25,168-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларига қай­та квалификация қилишни лозим топди.

Воқеа тафсилотларидан маълумки, судланувчи Ш. Арзиева вояга етмаган жияни Ж. Рашидовага судланувчи М. Исоев келиб, унга целофан пакетда бир нарса ташлаб кетишини, уни олиб қолишини ва ўзига келтириб беришини айтган. Маълум бўляптики, қизча ушбу пакетда нима борлигини билмаган, фирибгарлик жиноятидан унинг хабари йўқ. Суд юқо­ридаги ҳолатга асосланиб, Ж. Рашидованинг ушбу қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмас, деб ҳисоблади ва уни Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топди.

Ҳар қандай жиноий қилмишнинг ибтидоси ва интиҳоси бор. Бу гал ҳам шундай бўлди, суд ҳар иккала судланувчига қилмишларига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинлади.

Воқеа баёнидан хабардор бўлган киши кўнглидан дафъатан халқимизнинг «Букрини гўр тўғрилайди» деган нақли кечади. Ушбу нақл табиатида жиноятга мойиллик ҳар доим устун М. Исоев ва унинг аврашларига учиб, жиноят кўчасига кирган Ш. Арзиева сингари кимсаларга нисбатан айтилган бўлса керак.

Ғараз нияти кўнглида ниш уриб турган бу кимсалар ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тортмади. Ҳатто азадор аёл либосини кийиб, ўзгалар бойлигини эгаллашдан ҳам ҳайиқишмади.

Охир-оқибат эса, қилмишларининг аччиқ таъмини таътиб кўришга мажбур бўлишди.

Бундан кўринадики, ҳаётда ёмонлик ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Буни сира унутмаслик керак.

Азиз АКРАМОВ,

 жиноят ишлари бўйича

Пахтачи тумани судининг раиси,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ, журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: