БЕБОШЛИКНИНГ БОШИ БЕРК КЎЧАСИ

Халқимизда «Ёшлик — бебошлик» деган ибора бор. Шу икки сўз замиридаги теран маъно мисолида ёшларни хуш ахлоқли ва юксак интизомли инсонлар этиб тарбиялаш масаласи асрлар оша долзарблигини йўқотмай келаётганини тушуниш қийин эмас.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида нав­батдаги жиноят ишини кўриб чиқиш чоғида хаёлимиздан ўтган фикрлар шу бўл­ди. Суднинг қора курсисида ўтирган икки йигит айни ор­зу, ишонч, келажакка буюк режалар тузиш палласида жиноятга қўл ургани учун бошлари эгик.

Жиноятга икки ёшнинг бетайин режаси етаклаб келган. Маълум бўлишича, «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамиятининг электр-чилангари Жасур (исм-шарифлар ўз­гар­тирилган) ҳамкасби, аккумляторчи вазифасида ишлайдиган На­би билан йўловчи вагоннинг совутиш тизими иш­лашини таъминловчи «Delixi» қурилмасини ўғирлаш устида бош қотириб ўтиришмади.

Ҳар иккиси ҳам қурилма мўмай пул туришини билишарди. Шу боис, икковлан уни сездирмай ўғирлаш ҳаракатига тушишди. 

Нафс балоси уларни жи­ноят кўчасига осонгина етаклади. Узоқни кўра билмаслик, калтафахмлик ва бебошлик уларни шу кўй­га солди.

Шундай қилиб, илк бор ўғирлик ўтган йилнинг 13 декабрь куни содир бўлди.

Ўша кунги «иш»нинг ми­си чиқмади. Чунки иш вақти тугашини кутишгани, унгача қурилмани бирор-бир тинч, кўздан пана жойда сақлашгани сабабли ўғирликни ҳеч ким пайқамади.

Қаранг, икки навқирон йигитнинг эгриликни қай тарзда бажаришга етган ақллари тўғри юришнинг ҳам мукофоти борлигига етмасмиди? Аксинча, улардаги бебошлик ақлнинг «кўзлари»га парда тортди.

Улар қурилмани Янгиобод бозорида Лола исм­ли «чаққон олибсотар» аёлга 2 миллион 800 минг сўмга пуллаб юборишди.

Шахсий эҳтиёжлари йўлида тез сарф бўлган текин даромадга маза­хўрак бўлган ҳамтавоқлар яна ўғрилик кўчасиги киришди.

Орадан икки кун ўтиб, «шов­воз»­лар ўша қурилмалардан яна бирини «тинчитиш»ди. Бу гал ҳам уларнинг «маҳсулот»ига айни ўша «чаққон олибсотар» аёл харидор бўлди.

Учиничи ўғирлик эса, орадан беш кун ўтиб содир этилди. Асосий фикримиздан чалғимаслик учун воқеалар кетма-кетлиги тафсилотларига тўх­­талишни лозим топмадик.

Муҳими, содир этилган жиноят кўп ўтмасдан фош бўлди. Ўғирликка қўл урган ҳамтавоқлар тегишли жазосини олди.

Ачинарлиси шундаки, агар ана шу ёшлар ҳам тенгдошлари каби орзу, ишонч, келажакка тузилган улкан режалар ҳақи­даги ўй-фикрлар билан банд бўлганида, бугун суднинг қора курсисида ўтиришмаган бўларди.

Санжар ИБОДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой тумани

судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: