ТАРБИЯДАГИ КЕМТИКЛИК БОРА-БОРА ЧУҚУР ЖАРЛИККА АЙЛАНДИ
Маълумки, фарзанд тарбиясида, айниқса, ўғил бола тарбиясида мўътадил оилавий муҳит ва отанинг ўрни беқиёсдир. Негаки, қаттиққўллик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик ва бошқа фазилатлар ўғил қалбига ота тарбияси орқали кўпроқ сингади.
Наманган шаҳрида яшовчи, айни пайтда 26 ёшли Мансур Мадумаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) болалигидан отасиз, ёлғиз онаси қўлида ўсгани боисми, жуда бебош, такасалтанг, энг ачинарлиси, жиноий қилмишларга мойил бўлиб улғайди. Буни у ҳали вояга етмай туриб, 16 ёшидаёқ жиноят кўчасига киргани, 24 ёшигача нақд 7 марта судланганидан ҳам билиб олиш мумкин.
Мансур ҳар гал айнан ўғирлик жинояти учун суднинг қора курсисига ўтирган. Фақат у тўртинчи марта ўғирлик билан бирга Жиноят кодексининг 267-моддасида назарда тутилган транспорт воситасини олиб қочиш жиноятига ҳам қўл урган.
Бироқ биринчи маротаба судланишида ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддаси тартибида 1 йил синов муддати белгилангани, кейинги гал жазони ўташдан муддатидан аввал шартли равишда озод қилингани, тўртинчи гал судланишида амнистия актига кўра, ўталмай қолган 2 йилу 2 ой 23 кун жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилганига қарамай унинг сўқир кўзи очилмаган — ахлоқан тузалмаган.
Еттинчи марта эса, жиноят ишлари бўйича Уйчи тумани судининг 2018 йил 6 мартдаги ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 59-моддаси тартибида 5 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Лекин ҳукуматимиз томонидан унга нисбатан яна бағрикенглик кўрсатилиб, жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2019 йил 24 августдаги ажримига мувофиқ, ўталмаган 4 йилу 5 ой 20 кун жазоси иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда шу муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган.
Аммо М. Мадумаров озодликка чиққач, орадан 4 ой ўтиб, яна оғир ва ўта оғир жиноятларга қўл урди. Аниқроқ айтганда, Мансур ахлоқ тузатиш иши жазосини ўташни бошлагач, шаҳардаги «Гранд Мед Медикал Центр» масъулияти чекланган жамиятига ёлланма ишга жойлашганди. Бинобарин, 2019 йил 29 декабрь куни ушбу жамият раҳбари Аюбхон Толиповнинг корхона қўйхонасида сақланаётган 23 бош қўйларини ўғирлашни режалаштиради. Бироқ қўйларни олиб чиқиб кетиши учун жамият қоровули — 76 ёшли Роҳатали Баҳриддинов тўсқинлик қилиши мумкинлиги эсига тушади. «Аввал чолни гумдон қилишим керак», — деб ўйлади у. Шунинг учун соат 12.00 ларда ҳеч иккиланмай пичоқ билан қуролланиб, кекса ва ожиз аҳволдаги, хизмат ҳамда фуқаролик бурчини бажараётган Р. Баҳриддиновга ҳужум қилади. Яъни қоровулнинг юзига бир неча маротаба қўли билан уриб, уни ўзини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум этади. Натижада Роҳатали ота эмаклаган кўйи қоча бошлайди. Мансур уни қувиб етиб, кўкрак қафаси, бўйни ва баданининг турли соҳаларига 7 марта пичоқ санчади. Сўнгра ўта шафқатсизлик билан жабрланувчини қийноққа солган ҳолда судраб, жамият омборига олиб кириб яшириб қўяди. Оқибатда Р. Баҳриддинов олган тан жароҳатлари натижасида жон таслим қилади.
Шундан сўнг М. Мадумаров далилларни йўқ қилиш мақсадида, қон доғлари сачраган кийимларини шоша-пиша алмаштиради-да, «Спарк» русумли автомашинасида шаҳарнинг Й. Охунбобоев кўчасида жойлашган ахлатхонага бориб, уларни бир литр бензин сепиб ёқиб юборади. Кейин соат 15.40 ларда яна «Гранд Мед Медикал Центр» масъулияти чекланган жамиятига қайтиб келиб, қўйхонадаги 23 бош, бозор баҳоси 34 500 000 сўмлик қўйларни ўзига нотаниш ва содир этилган жиноятдан хабари бўлмаган Муҳиддин Кимсановга 19 000 000 сўмга сотиб юборади. Харидорни шубҳалантирмаслик учун эса, ўзини масъулияти чекланган жамият раҳбари сифатида таништиради.
Буни қарангки, кейинги галда Мансур таниши Ғолибжон Боймирзаевни алдаб, ундан маълум муддат қоровулхонада ўтириб туришини илтимос қилади.
— Ҳадемай сизни қоровул вазифасига ишга жойлаштириб қўяман. Ҳозир эса, шу ерда ўтириб, сўраганларга ўзингизни қоровул эканлигингизни айтиб турсангиз бўлди. Ишчилар кетишгач, хабар берсангиз, мен эшикларни ёпиш учун келаман, — дейди у.
У шундай деб қўйларни сотишдан тушган 19 000 000 сўмни олиб чиқиб кетади. Сўнг шаҳарнинг Амир Темур кўчасига бориб, 8 636 000 сўмга «Спарк» автомашинаси учун эҳтиёт қисмлари ҳамда 519 000 сўмига «Richman» номли савдо мажмуасидан ўзига янги кийим-кечаклар сотиб олади. Қолган пулларни эса, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Шу ўринда бир гап. «Гранд Мед Медикал Центр» масъулияти чекланган жамияти биносида якка тартибдаги тадбиркор Юсуфжон Иминжонов ва «Амелия Смарт АР» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Марина Кузнецова биргаликда фаолият юритишарди.
Ғолибжоннинг ҳамма ишчи-хизматчилар кетгани ҳақидаги хабаридан сўнг қайтиб келган Мансур Мадумаров Ю. Иминжонов ва М. Кузнецованинг пулларини ўғирлашга киришади. Бунинг учун аввалига иккала тадбиркорнинг хоналарига ўрнатилган кузатув камераларига тушиб қолмаслик мақсадида, электр токини тармоқдан узиб қўяди. Кейин Ю. Иминжоновнинг хонасига кириб, темир сейфни бузиб очади. Пировардида сейфда турган 81 500 000 сўм ва 500 АҚШ доллари (ўша пайтда 1 АҚШ доллари 9 516 сўмга тенг бўлган) ни ўмаради. Худди шундай усулда Марина опанинг хонасидаги темир сейфни ҳам очиб, 2 000 000 сўмни ўғирлайди.
Лекин «қаҳрамони»имизнинг жиноий ҳаракатлари шу билан якунланмайди. Аниқроғи, у «Спарк» русумли автомашинасида Учқўрғон туманига қочиб бориб, туманнинг Қумтўғон маҳалласи Янгиобод кўчасидаги 30-уйга ўғирликка тушади. Яъни хонадон соҳиби Исмоил Тешабоевнинг жами 810 000 сўмлик кийим-кечакларини ўғирлайди. Аммо автомашинасида Наманган шаҳрига қайтаётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ўзининг орқасидан тушишганини сезиб қолади. Негаки, 2019 йил 30 декабрь куни Роҳатали Баҳриддиновнинг мурдаси омбордан топилгач, «Гранд Мед Медикал Центр» масъулияти чекланган жамияти ишчилари ички ишлар бўлимига хабар беришганди. Шу боис, Мансур автомашинасини Учқўрғон тумани марказида қолдириб, ўзи пиёда дала майдонлари орқали Наманган шаҳрига қайтади.
Бироқ 2020 йил 1 январь куни соат 18.00 ларда шаҳарнинг 5-кичик тумани — ҳозирги Давлатобод тумани ҳудудида ички ишлар идорасининг тезкор ходимлари томонидан ушланади. Учқўрғонда қаровсиз қолдирилган автомашинасидан эса, тадбиркор Ю. Иминжоновга тегишли 36 000 000 сўм топилиб, далилий ашё тариқасида олинди.
Шундан сўнг қотил, ўғри ва босқинчи йигитга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди эса, уни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «г», «ж», «и» бандлари, 164-моддаси 4-қисми «а» банди, 169-моддаси 3-қисми «а» банди ва 219-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топди ва кодекснинг 59, 60, 61-моддалари тартибида жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Қолаверса, Мансур Мадумаров Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан, ўта хавфли рецидивист деб топилди. Шунингдек, суд ҳукмида Наманган вилоят прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамига топширилган 49 845 000 сўм маблағни фуқаровий даъвогар ва жабрланувчиларга қайтариш, судланувчидан жабрланувчи Роҳатали Баҳриддиновнинг ўғлига 42 000 000 сўм моддий ва 10 000 000 сўм маънавий зарар, жабрланувчи Ю. Иминжоновга 44 413 000 сўм, фуқаровий даъвогар М. Кимсановга 19 000 000 сўм моддий зарар ундириш ҳам белгиланди.
Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Ота тарбиясини кўрмаган ноқобил фарзанд навқирон 26 ёшида саккизинчи маротаба судланиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазо муддатини ўтаб чиққанда эса, у 46 ёшда бўлади.
Бундан ташқари вояга етмай туриб, жиноятчига айланган йигитнинг тақдирига ва юриш-туришига маҳалла оқсоқоли, фаоллари ҳамда ҳудуд профилактика инспекторининг лоқайдлик билан қарагани, у билан дўстона мулоқотга киришиб, етарлича чора-тадбирлар белгиланмагани туфайли 8 йил мобайнида 7 маротаба судлангани ҳар қандай кишини ўйлантириб қўяди. Яъни ёлғиз она ёлғиз ўғлини тўғри йўлга сололмаган экан, бу муаммони жамоатчилик аралашуви билан ҳал қилиш мумкин эди-ку?! Мана оқибати — биргина масъулиятсизлик ва лоқайдлик нафақат онаизорга чексиз азоб-уқубат етказди, балки маҳалла шаънига ҳам ўчмас доғ туширди. Бу ҳолат эса, барча ота-оналар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари масъулларига сабоқ бўлади, деган умиддамиз.
Илёсжон УСМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Наманган вилояти судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш