ТАДБИРКОРНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚИ СУД ТОМОНИДАН КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ
Бош Қомусимизнинг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги, 53-моддасида эса, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида бўлиб, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Айтиш керакки, учкўприклик тадбиркор Икромжон Йўлдошев ҳам ана шу конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, 2006 йил 18 апрелда Данғара туманидаги собиқ «Ишонч» ширкат хўжалиги қайта ташкил этиш комиссияси билан имзоланган олди-сотди шартномасига асосан, хўжаликнинг чорвачилик фермаси бино ва иншоотларини 16 909 430 сўмга сотиб олганди. Кейинчалик — фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2014 йил 21 июлдаги ҳал қилув қарорига биноан, олди-сотди шартномаси қонуний деб топилади ва бино-иншоотлар Фарғона вилояти «Ермулккадастр» давлат корхонаси Данғара туман филиали томонидан хусусий мулк сифатида давлат рўйхатидан ўтказилади. 2015 йил 8 июлда эса, чорвачилик фермасининг бино ва иншоотларидан ташқари амалда эгаллаб турган 30 950,73 метр квадрат ер майдони фойдаланиш ҳуқуқи билан давлат рўйхатига олиш тўғрисида туман ҳокимининг 620-сонли қарори қабул қилинади.
Орадан 2 йил ўтиб, яъни 2017 йил 19 августда туман ҳокимининг 1008-сонли қарори билан ферма бино-иншоотлари атрофидаги бўш ер майдонида қўшимча тунукасозлик устахонаси, ошхона, чойхона, савдо дўкони, иссиқхона ва ишчилар дам олиш хоналари қурилишига рухсат берилади.
Бинобарин, И. Йўлдошев ушбу қарор асосида қурилиш ишларини бошлаб юборади. 2018 йил 29 декабрга келиб эса, Фарғона вилоят қурилиш бошқармаси томонидан янги барпо этилган биноларга нисбатан 129-сонли «АПЗ» ҳужжати лойиҳалари тасдиқланади. 2019 йил 31 майда эса, Фарғона вилоят «Ермулккадастр» давлат корхонаси Данғара туман филиали ва туман қурилиш бўлими бошлиқлари томонидан 50-сонли қурилиши тугалланган нотурар бино-иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси имзоланиб, тасдиқланади.
Бир қарашда, ҳаммаси рисоладагидек кетаётган, тадбиркор йилдан-йилга ўз фаолиятини кенгайтираётгандек туюлади. Аслида ҳам, шундай.
Аммо 2019 йил 21 июнда туман ҳокимининг чорвачилик фермаси бино-иншоотлари атрофидаги бўш ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш ҳақидаги 2632-сонли қарори қабул қилинади.
Буни қарангки, Икромжон Йўлдошев туман ҳокимининг ушбу қароридан орадан саккиз кун ўтгач, хабар топади-ю, ҳайрон тортиб қолади. Кейин эса, қонуний йўл тутишга аҳд қилади. Яъни у туман ҳокимининг айни қарорининг ўзига тегишли қисмини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан Данғара туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, амалдаги Ер кодексининг 36-моддасида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун бериб қўйилган ер участкасидан уч йил мобайнида фойдаланилмаганида бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган. Бироқ Данғара туман ҳокимлиги ва «Ермулккадастр» давлат корхонасининг туман филиали ер майдонларини захирага қайтариш хусусида И. Йўлдошевни тегишли тартибда огоҳлантирмаган. Қолаверса, ҳар икки идора ҳам ерни захирага қайтариб олиш муддатига риоя қилмаган.
Яъни тадбиркорга ушбу ер майдонида қўшимча тунукасозлик устахонаси, ошхона, чойхона, савдо дўкони, иссиқхона ва ишчилар дам олиш хоналари қуриш учун туман ҳокимининг 2017 йил 19 августдаги 1008-сонли қарори билан рухсат берилганини назарда тутсак, ана шу санадан 3 йил муддат ўтмай туриб, ер майдонини асоссиз равишда туман захирасига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Бундан ташқари «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасида «Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ қўлга киритган мол-млкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир. Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди. Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратади», дея қайд этилган.
Мазкур қонуннинг 5-6-моддаларида эса, хусусий мулк ҳуқуқи муддатсизлиги, мулкдор мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш муддати белгиланишига йўл қўйилмаслиги, давлат бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланиши ва унинг суд орқали ҳимоя қилинишини кафолатлаши белгиланган.
Қолаверса, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 67-моддасига биноан, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Маъмурий органларнинг низолашилаётган ҳужжатларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари қарорларининг, улар мансабдор шахслари ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) қонунийлигини исботлаш мажбурияти тегишли органлар зиммасига юклатилади. Мазкур органлар ўз эътирозларига асос қилиб келтираётган фактларни ҳам тасдиқлаши шарт.
Лекин судда жавобгар — Данғара туман ҳокимлиги вакили ҳокимнинг 2019 йилнинг 21 июндаги 2632-сонли қарори асосли ва қонуний эканлигини исботлаб бера олмади. Қолаверса, ўз важларини тасдиқловчи далиларни судга тақдим қилмади. Аслида, бундай далилларнинг ўзи йўқ. Шундай экан, Данғара туман ҳокимининг ушбу қарорини қонуний ва адолатли деб бўлмайди. Ана шу асосларга таянган суд Икромжон Йўлдошевнинг аризасини қаноатлантириб, Данғара туман ҳокимининг қайд этилган қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Аммо жавобгар — Данғара туман ҳокимлиги ўз хатосини тан олиш ўрнига суд қароридан норози бўлиб, Фарғона вилоят маъмурий судига кассация шикояти билан мурожаат қилди. Гарчи туман ҳокимлиги ўз шикоятида И. Йўлдошевнинг ер майдонидан мақсадсиз фойдаланганини важ қилиб келтирса-да, кассация инстанцияси судида бу важлар асоссиз эканлиги аён бўлди. Негаки, тадбиркор низоли ер майднида 12 та бино ва 7 та иншоотни қуриб битказган. Буни «Ермулккадастр» давлат корхонаси Данғара туман филиали ва туман қурилиш бўлими томонидан имзоланган 50-сонли қурилиши тугалланган бино-иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси ҳам тасдиқлайди. Бундай ҳолатда биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас. Бинобарин, вилоят маъмурий суди кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, суд қарорини ўзгаришсиз қолдирди.
Афсуски, юқоридаги каби қонун талабларини менсимаслик ёки уларга риоя этмаслик ҳолатлари кундалик ҳаётимизда ҳали-ҳануз учраб турибди.
Айниқса, давлат органи саналган маҳаллий ҳокимликлар томонидан бундай салбий ҳолатларга йўл қўйилаётгани жуда ачинарли. Шунинг учун келгусида бундай салбий ҳолатларга чек қўйиш мақсадида, ер ажратишга оид қарорларни бекор қилиш ваколатини судларга бериш кўзда тутилмоқда.
Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятимизда, қайд этилгани сингари, ғайриқонуний ҳолатлар билан асло муроса қилиб бўлмайди.
Элмуроджон ОРТИҚОВ,
Данғара тумани
маъмурий судининг раиси
Фикр қолдириш