ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ
2020 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар аввало фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш орқали уларни суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро андозалар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бўйича судлар ролини ошириш тўғрисида”, “Суд томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида” ва “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги қарорлари лойиҳаси муҳокама қилинди.
Пленум мажлисида муҳокама этилган “Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бўйича судлар ролини ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси судлар томонидан жиноятларнинг олдини олиш чораларига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларининг тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Маълумки, Жиноят-процессуал кодексининг 296-моддасига мувофиқ суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят иши бўйича иш юритишда жиноят сабабларини ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлашлари шарт бўлиб, бу жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фаолият самарадорлигини жиддий тарзда ошириш воситаси ҳисобланади. Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш масаласини ҳал қилиш чоғида, судлар суриштирув ёки дастлабки тергов органи томонидан процессуал қонун талаблари, шу жумладан жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлашга доир талаблари бажарилган-бажарилмаганлигини синчковлик билан текширишлари зарур. Қонуннинг бу талаби бажарилмаган бўлса, суд бундай ҳолатлар аниқланишини таъминловчи чоралар кўриши шарт. Қонунга кўра, суд жиноят содир этилишига имкон берган ҳолатларга тааллуқли фактик маълумотларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқишга мажбур. Шу мақсадда, зарурат бўлганда, суд мажлисига қўшимча гувоҳларни чақириш, бошқа далилларни талаб қилиб олиш лозим. Ишлаб чиқариш технологияси бузилганлиги, механизмлар техник ҳолати ва ҳ. к. билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш учун суд мутахассислар ёрдамидан фойдаланишга, зарурат туғилганда, экспертиза ўтказишга ҳақли. Агар суд муҳокамаси давомида қонун бузилганлиги ёки мансабдор шахслар томонидан хизмат вазифалари виждонан бажарилмаганлиги, шунингдек, фуқароларнинг ишлаб чиқаришда ёки турмушда ноўрин хулқи-атвори, улар томонидан ижтимоий бурч бузилганлиги билан боғлиқ ҳолатлар аниқланса, суд мазкур шахсларни суд мажлисида гувоҳ тариқасида сўроқ қилишга ҳақли. Ушбу Пленум қарори лойиҳасига кўра, судлар жиноятлар профилактикасига оид фаолиятида суд процессида жамоатчилик иштироки самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар кўришлари зарур. Суд муҳокамасида жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси иштирок этишига рухсат бериш тўғрисидаги масала жамоат ташкилоти ёки меҳнат жамоаси илтимосномасига кўра, судьянинг ажрими билан ҳал қилинади. Бунда, жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси ваколатли орган томонидан юборилганлиги, унинг ваколатлари тегишли тартибда тасдиқланганлиги, муайян шахснинг суд муҳокамасида иштирок этишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар (кўриб чиқилаётган ишда жабрланувчи, гувоҳ, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этиши, иш натижасидан шахсан манфаатдорлиги ва ҳ. к.) бор-йўқлиги текширилиши керак. Шуни назарда тутиш лозимки, жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси жамоат ташкилоти умумий йиғилиши ёки унинг сайланадиган органи томонидан, корхона, муассаса, ташкилот меҳнат жамоасининг ёки унинг ташкилий бўлинмаси (бирлашманинг ишлаб чиқариш бирлиги, цех ва ҳ. к.) умумий йиғилиши томонидан кўрсатилиши мумкин. Жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячисини корхона ёки муассаса маъмурияти илтимосномасига кўра ишда иштирок этишига рухсат бериш қонунга асосланмаган. Бир жамоат ташкилоти ёки меҳнат жамоасидан айнан бир судланувчига нисбатан жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси иштирок этишига йўл қўйилмайди, чунки бундай ҳолларда жамоатчиликнинг ҳаққоний фикри ифода этилмайди. Ишни судда кўриш учун тайинлангандан сўнг, ишда иштирок этишга рухсат этилган жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячисига, унинг илтимосига кўра, иш материаллари билан танишиш ва зарур маълумотларни ёзиб олиш имконияти берилиши, суд мажлисининг тайёрлов қисмида эса, процессуал ҳуқуқлари тушунтирилиши лозим.
Қисқа қилиб айтганда, ушбу Пленум қарорининг қабул қилиниши жиноятларни олдини олиш ҳамда уларга чек қўйиш, шунингдек, уларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш имконини беради. Суд процессида жамоатчилик вакилларининг иштирок этиш тартиб-тамойилларига янада ойдинлик киритади.
Янги Фуқаролик процессуал кодекси амалга киритилиши муносабати билан, шунингдек фуқаролик ишлари бўйича далилларга оид қонун нормалари судлар томонидан тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ҳамда Пленум мажлисида муҳокама этилган “Суд томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан судларга Фуқаролик процессуал кодексининг 71-моддасига кўра, фуқаролик иши бўйича далиллар деганда, тарафлар ўз талаблари ва эътирозларини асослаётган ҳолатлар, шунингдек ишнинг тўғри ҳал қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳар қандай ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини суд қонунда белгиланган тартибда аниқлаши учун асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумотлар тушунилиши тушунтирилмоқда.
Бу маълумотлар тарафлар ва учинчи шахслар тушунтиришларидан, гувоҳлар кўрсатмаларидан, ёзма ва ашёвий далиллардан, аудио ва видеоёзувлардан, экспертлар хулосаларидан ҳамда мутахассислар маслаҳатлари (тушунтиришлари) дан олиниши мумкин. Тарафлар ва учинчи шахслар тушунтиришлари деганда, ушбу шахслар ва уларнинг вакиллари томонидан иш учун аҳамиятга эга ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни судга билдиришлари тушунилиши лозим. Тарафлар, учинчи шахслар ва улар вакилларининг тушунтиришлари оғзаки тарзда ҳам, ёзма кўринишда ҳам берилиши, шунингдек Фуқаролик процессуал кодексининг 209-моддасида белгиланган тартибда видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш йўли билан олиниши мумкин. Гувоҳларни сўроқ қилиш суд томонидан Фуқаролик проецессуал кодексининг 229-231-моддаларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Гувоҳларнинг далилларни таъминлаш ёки суд топшириғи тартибида олинган кўрсатувлари суд мажлисида ўқиб эшиттирилади. Тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар илтимосига ёки суднинг ташаббусига кўра, ишни кўраётган суд жойлашган жойдан бошқа ерда яшовчи гувоҳлар суд топшириғи тартибида ёки видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланиш орқали сўроқ қилинишлари мумкин. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, фуқаролик иши бўйича вакил ёки жиноят иши бўйича ҳимоячи сифатида қатнашган шахс вакил ёки ҳимоячи вазифасини бажарганлиги муносабати билан унга маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида, шунингдек жисмоний ва руҳий нуқсонлари сабабли фактларни тўғри идрок қилишга ёки улар тўғрисида тўғри кўрсатмалар беришга лаёқатсиз шахс гувоҳ бўла олмайди. Шу билан бирга, ишда иштирок этувчи шахсларга нисбатан қариндошлиги, хизмат бўйича ёки бошқа қарамлиги ёхуд шахсий адовати борлиги шахснинг ишда гувоҳ сифатида қатнашишига тўсқинлик қилмайди. Мазкур ҳолатлар суд томонидан гувоҳ кўрсатмаларини баҳолашда эътиборга олиниши лозим. Ушбу Пленум қарорига кўра Фуқаролик процессуал кодексининг 84-моддасига мувофиқ, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган рақамли, график ёзув шаклида бажарилган, шу жумладан факс, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш имконини берадиган ўзга усулда олинган ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллар ҳисобланади. Бир қатор ҳужжатлар (ФХДЁ органлари томонидан бериладиган гувоҳномалар, нотариал ҳужжатлар, векселлар) ҳуқуқий шакли тартибга солинган ва улар учун муайян ҳимоя даражасига эга бўлган махсус бланкалар, махсус реквизитлар (муҳр, штамп ва бошқалар) ва шаклига нисбатан бошқа талаблар назарда тутилган бўлиб, улар мазкур талабларга мувофиқ бўлмаганда, шунингдек улар имзоланмаган ёки ваколат берилмаган шахс томонидан имзоланган ҳолларда, улар суд томонидан ёзма далиллар сифатида қабул қилиниши мумкин эмас. Фуқаролик процессуал кодексининг 87-моддасига кўра, ёзма далиллар судга, қоида тариқасида, асл нусхада ёки тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхада тақдим этилади. Агар ҳужжатнинг кўчирма нусхаси тақдим этилган бўлса, суд зарур ҳолларда, унинг аслини талаб қилиб олишга ҳақли. Агар кўриб чиқилаётган ишга ҳужжатнинг фақат бир қисми тааллуқли бўлса, унинг тасдиқланган кўчирма нусхаси тақдим этилиши мумкин. Ишга ҳужжатнинг аслини қўшиб қўйиш имкони бўлмаган ҳолларда, судья ҳужжатнинг кўчирма нусхаси устига унинг аслига мослиги тўғрисида белги қўяди. Имзосиз хатларда келтирилган, шунингдек келиб чиқиши номаълум бўлган ёки қонун бузилган ҳолда олинган маълумотлар далил бўла олмайди. Фукаролик процессуал кодекси 80-моддасининг саккизинчи қисмига кўра, фақат ҳужжатнинг ёки бошқа ёзма далилнинг кўчирма нусхаси билан тасдиқланган ҳолатлар, башарти тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатнинг кўчирма нусхалари ўзаро бир хил бўлмаса ва ҳужжатнинг асл мазмунини бошқа далиллар ёрдамида аниқлашнинг иложи бўлмаса, исботланган деб ҳисобланмайди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу Пленум қарорида далиллар тушунчаси, уларни олиш тартиби, исботлаш предмети ва мажбурияти, далиллар мақбуллиги ва алоқадорлиги ҳамда бошқа бир қатор муҳим процессуал масалалар ўз аксини топган.
Пленум йиғилиши иштирокчилари иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан мазкур масалага доир қонун ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар.
Маълумки, иқтисодий ишлар бўйича суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат. “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат божи деганда, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўлов тушунилади. Давлат божи бошқа мажбурий тўловлар қаторида давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этиши туфайли, судлар иқтисодий ишлар бўйича давлат божи ундиришга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиши шарт. Иқтисодий ишлар бўйича давлат божи судларга бериладиган даъво аризаларидан, ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан, низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан, чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризалардан, апелляция, кассация шикоятларидан ва назорат тартибидаги шикоятлардан ҳамда суд ҳужжатларининг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун ундирилади. Шунингдек, давлат божи даъво миқдорини кўпайтириш ва суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалардан ҳам ундирилади. Иш ҳужжатларидан фотонусха кўчириш учун давлат божи ундирилмайди. Иқтисодий ишлар бўйича давлат божини тўлаш билан боғлиқ муносабатлар Иқтисодий процессуал кодексининг 12-боби ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Давлат божи даъво ариза (ариза), шикоят судга берилгунга қадар тўланади, агар қонунда бошқача белгиланмаган бўлса (масалан, тўловчи давлат божини тўлашдан озод қилинган ёки суд давлат божи тўлашни кечиктирган бўлса). Давлат божи нақд пулсиз шаклда тўланганлиги факти банкнинг тўлов қабул қилинганлиги тўғрисидаги белгиси бўлган тўлов топшириқномаси билан тасдиқланиши шарт. Давлат божи нақд пул шаклида тўланганлиги факти банк томонидан тўловчига бериладиган белгиланган шаклдаги квитанция билан тасдиқланиши керак. Агар муайян судда кўрилиши керак бўлган бир нечта аризалар бўйича давлат божи бир тўлов топшириқномаси билан тўланган бўлса, тўлов топшириқномаси ишлардан бирига илова қилинади. Қолган ишларга судья томонидан тўлов топшириқномаси санаси ва рақами кўрсатилган ҳамда тўлов топшириқномаси қўшиб қўйилган ишга ҳавола қилинган ҳолда давлат божи тўланганлиги тўғрисида белги қўйилади (маълумотнома тузилади). Мазкур қоида почта харажатларига нисбатан ҳам қўлланилади.
Пленум қарори лойиҳасида иқтисодий ишларни кўришда давлат божи ундириладиган аризалар ва шикоятлар турлари, давлат божи, почта ва бошқа суд харажатларини ундириш ҳамда тарафлар ўртасида тақсимлаш хусусиятлари, давлат божидан озод қилиш ва уни қайтариш асослари каби масалалар баён этилган бўлиб, иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан мазкур масалага доир қонун ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилган.
Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Ушбу Пленум қарори лойиҳаси билан жиноят ишлари бўйича 7 та, иқтисодий ишлар бўйича 16 та Пленум қарорларига, шунингдек, 3 та қўшма Пленум қарорларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур ҳужжат билан янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ айнан қандай солиқлар ва йиғимлар жорий қилингани, содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш асослари, қайси ҳолатларда бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги, тадбиркорлик фаолияти субъектлари яна қандай ҳуқуқларга эга эканлиги, тадбиркорлик фаолиятини махсус рухсатнома олмасдан ва рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаган ҳолда амалга оширилганида шахснинг қилмиши квалификацияси каби масалаларга атрофлича тушунтириш берилмоқда. Пленум қарори содир этилган жиноятларни тўғри квалификация қилишда, жиноят ишларини суд муҳокамасида кўриб чиқишда дастлабки тергов ва бошқа органлар ҳамда судлар учун долзарбдир. Шу билан бирга сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасини тартибга солувчи қонунчиликка жадал суръатда ўзгартиришлар киритилаётганлиги амалдаги иқтисодий ишлар бўйича Пленум қарорлари ҳамда қўшма Пленум қарорларидаги тушунтиришларни қонунларга мувофиқлаштиришни тақозо этади. Шу муносабат билан Пленум қарори лойиҳасида тадбиркорлик субъектларининг банкротлиги, қурилиш пудрати, лизинг, кредит, суғурта, ер муносабатлари ва бошқа шартномалардан келиб чиқадиган, шунингдек, акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари иштирокидаги ҳамда корпоратив низоларни ҳал этиш, суд ҳужжатларини ижро этиш масалалари ҳам ёритилган. Бу эса, ўз навбатида иқтисодиёт соҳасида тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Йиғилишда таъкидланганидек, муҳокама этилган Пленум қарорлари жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишларни қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади. Шунингдек, айнан қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги ҳамда хато ва камчиликларга йўл қўйилишини олдини олиш юзасидан мазкур Пленум қарорлари барча судлар ҳамда ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар ва мансабдор шахслар учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Мажлисда Пленум қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳолига, тадбиркорларга, давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига, судьяларга тушунтириш бўйича вилоятларда ва маҳаллаларда тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги қайд этилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н. Йўлдошев иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш