ХАТАРЛИ МУНОСАБАТ ЖАЗО ТАЙИНЛАНИШИГА САБАБ БЎЛДИ

Интернетда ишлашни билган яхши. Зарур ахборотларни олиш, дунёда юз бераётган янгиликлардан хабардор бўлиш фойдадан холи эмас, албатта. Лекин виртуал тармоқнинг зарари ва хатарли жиҳатлари ҳам борлигини асло унутмаслик керак.

Сир эмас, инсон он­ги ва тафаккурини эгал­лашда ҳозирги кун­­­­да ахборотнинг таъсир ку­чи кўз илға­мас даражада жадаллашди. Одам­­лар ўзаро мулоқотсиз яшай олмагани ка­би эндиликда ахборотсиз ҳам яшай ол­маяп­ти. Атиги бундан ўн йил олдин ҳеч ким интернет ҳақи­қий учрашувлар ва телефон қўнғироқларининг ўр­ни­ни босишини хаёлига ҳам келтирмасди.

Ижтимоий тармоқларнинг фойдали жиҳатлари, яъни тезкор, арзон, кенг қамровдаги алоқа ва ҳамкорлик ишларида қулайлиги кўп­чиликка маъқул тушмоқда. Глобал тармоқ кишиларнинг дунёқарашини кен­гайтирмоқда, бошқа мамлакатларда яшовчи танишлари, яқинлари, тенгдошлари билан турли соҳа­лар­да фикр алмашиш имконини бермоқда. Дунёнинг исталган бурчагидан туриб, масофавий мулоқотларни ташкил этиш, кутубхоналардаги адабиёт ва манбалар билан танишиш, ҳатто уммон ортидаги мамлакат олий таълим муассасасининг талабаси бўлиш ҳам мумкин.

Бироқ бир яхшининг бир ёмони бўлгани ка­би виртуал тармоқнинг ҳам жамиятга ва шахсга зарарли таъсири йўқ эмас.

Мисол учун интернет тармоғи дин ниқоби остидаги экстремистик гуруҳларга ўз ғараз мақсадлари йўлида тарғибот-ташвиқот юритишга имкон бермоқда.

Кибертеррорчилик тузилмалари ғаразли мақсадлари йў­лида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга жон-жаҳд­лари билан уринишаётгани ҳа­қи­да ҳам маълумотлар йўқ эмас.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судининг видеоконференцалоқа режимида ўтказилган очиқ суд мажлисида «Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб ки­­риш ёки тарқатиш» жинояти билан айб­­­ланиб, судга берилган В. Жўраев (исм-шарифлар ўзгартирилди) хатти-ҳаракатига оид жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди.

Судланувчи Ваҳоб Жўраев 1990 йилда Қизилтепа туманида туғилган, маълумоти ўрта махсус, оилали, бир на­фар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз.

В. Жўраев 2013 йилнинг июль ойида ўзининг «SAMSUNG GALAXY AS» русумли уяли алоқа воситаси орқали жаҳон интернет тармоғининг «Одноклассники.ру» ижтимоий тармоғида «Проста Ваҳоб» номли профиль очади ва ундан фойдаланиб келади. Қўлидаги телефон аппарати вақт ўтиб, носоз ҳолга келгач, у турли уяли алоқа воситалари орқали ўз профилига кириб турган.

Ўшанда 2018 йилнинг декабрь ойи ниҳоялаб қолганди. В. Жўраев Мос­ква шаҳридаги дўконларнинг биридан «RED MI A6» русумли телефон аппарати сотиб олади. Ана шу янги уяли алоқа воситасида 2019 йилнинг январидан декабрь ойига қадар профилга кириб, фойдаланиб келади.

Одам ижтимоий тармоқларда берилаётган видеоларнинг моҳиятини, фойда ва зарарини чуқур англаб етмаса, қийин экан. Гап шундаки, В. Жўраев ўз профилига келиб тушган «Abdulloh Buxoriy Halifalik xaqida.mp4», «Abdulloh Buxoriy Musulmonlar Aziz.mp4», «Musulmonlar ko`rsin.mp4», «Abdulloh Zufar nega yig`ladi…», «Xijob haqida domla rostini aytdi.mp4», «Abdulloh Buxoriy yolg`onchi fitnachilar haqida.mp4», «Abdulloh Buxoriy dayus haqida.mp4», «Er-хotin sirlari Rashod­xon qori.mp4 (1)», «Musulmonlar ko`rsin ya Alloh Muslim va Muslimalarga yordam b»­ номли видеоларга муносабат белгисини босган. Шу тариқа В. Жўраев ушбу ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда диний-экстремистик мазмундаги видеомаърузаларни ўзининг виртуал дўстлари, судда гувоҳ тариқасида сўралган Ф. Нарзиқулов, Ж. Саидмуродов ва Т. Алимовларга тарқатган.

Мазкур жиноят ишини судда кўриш чоғида маълум бўлдики, судланувчи В. Жўраев глобал тармоқ хатарли маърузаларининг зарарли оқибатларини тушуниб етмаган. Судланувчи диний-экстремистик мазмундаги видеоматериалларни ким ёки кимлар томонидан, қандай усулда ўзига юборилганини ҳам билмайди.

Жиноят ишида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита диншунослик экспертизасининг «Ўзбекистон ислом ҳаракати» террорчилик ташкилоти аъзоси Абдуллоҳ Бухорийнинг диний-экстре­мис­тик мазмундаги даъватлари, «Тав­ҳид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилоти етакчиларидан би­ри Абу Солиҳнинг жиҳод учун ҳаракат қилиш ҳақидаги фикрлари ақидапарастлик ғояларига йўғрилганлиги, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқлангани ҳақидаги шу йил 5 мартдаги МП-084-сонли ху­ло­саси мавжуд.

Дастлабки тергов органи томонидан В. Жўраевнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди билан тўғри малакаланган.

Суд Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарори 3-банди раҳбарий кўрсатмаларига таянди. Маълумки, ушбу бандда Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши — ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинла­ниши, жиноятнинг хусусияти ва иж­тимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги судларга тушунтирилган.

Бундан ташқари Олий суд Пленумининг ушбу қарори 37-бандида Жиноят кодексининг 57-моддасига мувофиқ, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, мазкур кодекснинг Махсус қисми моддаси санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ жазо тайинланиши қайд этилган.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда унинг айбига иқрорлик билдириб, содир қилган жиноятидан пушаймонлиги, жиноятни очишда фаол ёрдам берганлиги, оилавий шароити, қарамоғида бир нафар фарзанди бўлиб, ўзи ижобий тавсифланганлиги, муқаддам судланмаганлигини жа­зони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблади. Унинг ҳаракатида жа­зони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас, деб топди.

Суд судланувчи В. Жўраевга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, шу модда санкциясида назарда тутилмаган бошқа енгилроқ тур­даги жазо, яъни икки йил муд­дат­га озодликни чеклаш жазоси та­йинлади.

Судланувчига нисбатан қў­шимча тақиқлар юклатилди.

Юқоридаги воқеалар интернет саноати тезкор суръатда ривожланиб бораётган ҳозирги паллада киши­лар­нинг, айниқса, ёшларнинг виртуал тармоқ ахборотларига нисбатан ўта эҳтиёткорлик ва зийраклик билан муносабатда бўлишини тақозо этади. Ахборот истеъмол қилинадиган товарга айланган экан, ҳар бир инсон ўзида уни истеъмол қилиш маданиятини тарбияламоғи керак. Ёш­ларимиз ахборот ҳимояси бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлмоғи, ўзи дуч келаётган салбий ахборотлардан ҳимоялана олиши зарур.

Хулоса қилиб айтганда, она Ватан тинчлиги йўлида сергак ва огоҳ бўлмоғимиз, ёшларимизнинг онги ва қалбини жаҳолатдан, ёт ва зарарли ғоялар таъсиридан ишончли ҳимоя қилмоғимиз шарт.

Шуҳрат КАМОЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

Навоий вилояти суди

раисининг ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: