ҚАРОР ТОПГАН АДОЛАТ СЕВИНЧ КЎЗ ЁШЛАРИГА САБАБ БЎЛДИ

Тадбиркор Иброҳим Исмоилов тергов органи томонидан ўзига қўйилган айблов билан беш йилдан саккиз йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинишини хаёлидан ўтказаркан, бирдан маъюс тортар, кўзларига бир неча кундирки, уйқу илинмас, еган-ичгани ўзига юқмас, чироқ ёқса — кўнгли ёришмасди.

Ундаги хомушлик, дилғаш­ли­ги ва па­­ришонхотирлик оила аъзоларига ҳам кўчган эди. Ле­кин судда бирдан аҳвол ижобий томонга ўзгарди.

Суд судланувчи И. Исмоиловни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қис­ми «б» бандида назарда тутилган жи­­ноят­ни содир этганликда айбсиз деб топди.

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандида қайд этилган асосга кўра, И. Исмоиловни оқлади.

Оқланганини эшитаркан, И. Исмоиловнинг кўзларидан шашқатор ёш оқ­ди, бу севинч ёшлари эди.

Суд ҳукми ўқилаётганда, «И. Исмоилов реабилитация қилиниши муносабати билан унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Ўз­бекистон Республикаси Жи­ноят­-процессуал кодексининг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда даъво талаби билан судга мурожаат қи­лиш ҳу­қуқи тушунтирилсин» де­­­ган сўзлар элас-элас қулоғига кирар, адолат ва ҳақиқат бўй кўрсатганидан юраги ҳа­мон ҳаприқарди…

Бу дунёда тирик жон борки, рўзғор тебратиш, бола-чақа бо­­қиш учун ўзи­ни ўтга-чўққа уради. Оиласи учун ҳеч кимдан кам бўлмаган муносиб турмуш тарзини таъминлашга интилади.

И. Исмоилов ҳам шундай мақсад-муддао билан қонуний тартибда «VILBRED» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этганди. Хусусий корхона ва ташкилотларга шарт­нома асосида зарурий эҳтиёт қисмлари, техника асбоб-анжомлари етказиб бериш билан шуғулланарди.

2018 йилнинг сентябрь ойи эди ўшанда. У Навоий шаҳри­да­ги «MUNJAL SHIFER» масъулияти чекланган жамияти раҳбарига бориб учрашган. Мазкур шифер заводига керакли эҳ­тиёт қисмларни олиб келиш бў­йича қиймати 200 миллион сўмлик икки томонлама шартнома расмийлаштиришган.

Ўша йилнинг декабрь ойи охирларида И. Исмоилов шаҳардаги «Автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори»га бориб, Ф. Расулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) сотувчилик қилаётган дўконга киради. Сотувчига «MUNJAL SHIFER» масъулияти чекланган жамиятига керакли эҳтиёт қисм­лар рўйхатини кўрсатади.

Дўкон сотувчиси рўйхатни кўздан кечираркан, ҳо­­зирча бундай эҳ­тиёт қисмлар йўқлигини маълум қилади. Сўнгра агар нархига келиша олса, Тошкент шаҳрига буюртма бериб, икки кун ичида эҳтиёт қисмларни келтириши мумкинлигини айтади.

И. Исмоилов дўкон сотувчисининг таклифига рози бўлади. Шу боис, эҳтиёт қисмлар рўйхатини қолдириб кетади.

Орадан бир неча кун ўтгач, дўкон сотувчиси И. Исмоиловга буюртмаси келгани ҳақида те­лефон орқали хабар беради. Эҳтиёт қисмларнинг жами нархи 48 миллион сўм бўлишини маълум қилади.

И. Исмоилов укасининг «Спарк» автомашинасидан фойдаланаётган, айни шу кезларда С. Хайриев унга ҳайдовчилик қилаётганди. Эҳтиёт қисмлар келганини эшитган куниёқ И. Исмоилов ҳайдовчи С. Хайриев билан дўконга боради.

Сотувчига 30 миллион сўм нақд пул тўлайди. Эҳтиёт қисмлар учун ўзининг «VILBRED» масъулияти чекланган жамияти ҳисоб ра­­­­­қамига «MUNJAL SHIFER» масъулияти чекланган жамиятидан икки кунда маблағ тушгач, қолган 18 миллион сўмни ҳам беришини айтади.

Дўкон сотувчиси иккиланиб қо­лади. Сўнгра у «ўн саккиз миллион сўм катта пул, қарзга беролмайман» дейди.

И. Исмоилов билан ҳайдовчи ўз таклифларига рози бўлиши­ни­­­ илтимос қилади. Шундан сўнг сотувчи Ф. Расулов бозорда савдо қи­лувчи «Шавкат» исм­ли почча­си­ни чақириб келади.

«Шавкат» уларнинг гапларини эшитгач, бироз ўй­ланиб, сўнг таклифига рози бўлади.

И. Исмоилов дўкондан олган эҳтиёт қисмларни «MUNJAL SHIFER» масъулияти чекланган жамиятига олиб бориб топширади. Бироқ масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари пулларни тадбиркорнинг ҳисоб рақамига ҳадеганда кўчириб бермайди.

И. Исмоилов масъулияти чекланган жамият раҳбари ва бошқа масъул ходимлар олдига мунтазам қатнайди. Улар эса, тур­ли баҳоналар билан вақтни чў­зишади. Бу томонда дўкон сотувчиси пулни сў­раб, тез-тез қўнғироқ қилишдан чарчамайди.

И. Исмоилов дў­кон сотувчиси пул­ни сўрайвергач, у ҳам «эрта-индин» деб ёлғон гапиришга мажбур бўлади. Тадбиркор И. Исмоилов «MUNJAL SHIFER» масъулияти чекланган жамияти­нинг банкдаги ҳи­соб рақамига тўлов талабномаси қўяди.

Хуллас, 2019 йилнинг апрель ойи бошларида унмаётган қарзи унади: «MUNJAL SHIFER» масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамидан ўзининг «VILBRED» масъулияти чекланган жамиятига эҳтиёт қисмлар учун пуллар тўлиқ келиб тушади. И. Исмоилов қарзнинг 10 миллион сўмини худди шу пайт­нинг ўзида пластик картасидан тўлайди.

Аммо Ф. Расулов эса, ўзини алдангандек ҳис этиб, ич­ки ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилади. У ўз аризасида И. Исмоилов фирибгарлик йўли билан эҳтиёт қисмлари олиб кетгани, 8 миллион сўм­ни бермасдан алдаб юрганини баён этади.

Шундан сўнг тадбиркор устидан жиноят иши қўзғатилади. У Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» бандидаги жи­ноят­ни содир қилганликда айбланиб, иши судга ўтказилади.

— Ҳозирда Ф. Расуловга қолган 8 миллион сўмни бердим, — деди судда судланувчи. — «MUNJAL SHI­FER» масъулияти чекланган жамиятидан пулларни ололмаётганим, олсам қолган 8 миллион сўмни беришимни баҳона қилишимга оилавий аҳволим сабаб бўл­ганди.

Суд жабрланувчи Ф. Расулов, гувоҳ Ш. Адҳамов ва С. Хайриевнинг кўрсатмаларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқди. Бир қатор асосларга кўра, И. Исмоиловни жиноят содир этишда айбсиз деб топиб, уни оқлади.

Энди уни айбсиз деб оқ­лаш сабабларига эътибор қаратамиз.

Гап шундаки, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда на­зарда тутилган тартибда исботлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Қо­нун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги кўр­­са­тилган.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддасида айблов ҳук­ми тахминларга асосланган бў­лиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари Олий суд Пле­нумининг 2014 йил 23 майда қабул қилинган «Суд ҳукми тўғ­риси­да»­ги қарори 7-бандида Жи­ноят­ процессуал кодексининг 462-моддасига мувофиқ, суд айблов ёки оқ­лов ҳукми чиқариши мумкинлиги, ушбу кодекснинг 23-моддасида назарда тутилган айбсизлик пре­зумп­ция­си принципи ҳукм турини аниқловчи мезон сифатида эътироф этилиши ҳақида раҳбарий тушунтириш берилган.

Бироқ тергов органи томонидан юқорида қайд этилган қонун талаблари ва Олий суд Пленуми қарорлари тушунтиришларига риоя қилинмаган.

Тергов органи И. Исмоиловнинг Ф. Расулов билан ўзаро ол­ди-сотдидан иборат бўлган фуқаролик муносабатлари ҳақи­да хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қи­лиш йўли билан ўзганинг мулки­ни қўлга киритишда ифодаланган жиноий ҳаракатни содир этганликда айб­ли, деб топиш деган асоссиз хулосага келган.

Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фи­рибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 3-бандида фирибгарлик ўз­ганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишонч­ни суиистеъмол қи­лиш йў­ли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор ё унинг вакили, мулкнинг бош­қа эгаси ёки ваколатли орган мулк­ни ёки унга бўл­ган ҳу­қуқни бош­қа шахсга бериши ёки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қў­йилишига имконият бериши эканлиги қайд этилган.

Шунингдек, ушбу қарорнинг 8-бандида агар ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд айбдорда мулк қабул қилингандан ке­­йин юзага келган бўлса, шахс­нинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этмаслиги, муайян ҳо­латларни инобатга олган ҳолда ўзганинг мулкини ўз­лаштириш ёки растарата қи­лиш йўли билан талон-торож қи­лиш сифатида баҳоланиши лозимлиги қайд этилган.

Мазкур бандда агар шахс ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни иж­ро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра, масалан, мулкий ночорлиги, шарт­нома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фав­қулодда ҳолат туфайли бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўл­­­маса, бундай ҳо­латлар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилиши ҳақида раҳбарий тушунтиришлар берилган.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 23 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан, «MUNJAL SHIFER» масъулияти чекланган жамияти эгалигидан Навоий шаҳар, Спутник қўрғонида жойлашган «ЖБИ — 2» заводи биноси ва иншоотларни эгаллаб турган ер майдони би­лан биргаликда давлат мулкига, яъни Навоий шаҳар ҳокимлиги балансига олиб берилган.

«Микрокредитбанк»нинг Навоий вилоят минтақавий филиали берган маълумотномасига қараганда, ҳақи­қатан ҳам, «MUNJAL SHIFER» масъулияти чекланган жамиятининг ҳисоб рақамига И. Исмоиловга тегишли «VILBRED» масъулияти чекланган жамияти томонидан тўлов талабномаси қўйилган.

Тадбиркор И. Исмоилов Ф. Расуловга эҳтиёт қисм­лар учун бериши лозим бўлган 48 миллион сўм пулдан 40 миллион сўмини Ш. Ад­ҳамов ва С. Хайриевнинг иштирокида берган. Бундай ҳол­да И. Исмоиловни Ф. Расуловнинг мулкини фирибгарлик йў­ли билан қўлга киритишга нисбатан қасди мавжудлиги бирон-бир объектив далиллар билан тасдиқланмади.

Ваҳоланки, И. Исмоилов эҳтиёт қисмларни олаётган пайтда Ф. Расулов билан «MUNJAL SHIFER» масъулияти чекланган жамиятига эҳтиёт қисмларни топшириб, икки томонлама тузилган шартномага асосан пул маблағлари ўзининг ҳисоб рақамига тушганидан сўнг олиб келиб беришини айтиб, ўзаро келишган.

И. Исмоилов «MUNJAL SHIFER» масъулияти чекланган жамияти тугатилиши муносабати би­лан пулини ололмай қолиб, 2019 йил апрель ойида тўлов талабномаси орқали пулни олишга эришган. Ф. Расуловга қарздорлик ҳисобидан 10 миллион сўмни бериб, қолган қисмини тез орада беришини маълум қилган. Қолган 8 миллион сўмни имконияти бўлмаганлиги сабабли келишилган муддатда тўлай олмаган.

Суд юқорида келтирилган Олий суд Пленум қарори раҳбарий тушунтиришлари ва фуқаролик қонунчилигига мувофиқ бундай ҳолда И. Исмоилов ўз зиммасига олган мажбуриятни объектив сабабга кўра, аниқроғи, имкони бўлмаганлиги боис ўз вақтида, яъни оғ­за­ки келишувга кўра, келиб чиққан мажбуриятини тўлиқ бажармаганлигини фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари бўйича келиб чиққан низо сифатида баҳолади. Шу сабабли И. Исмоиловнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмас, деган қатъий тўх­тамга келди.

Суд юқоридагиларга асосланиб, И. Исмоиловни жиноят содир этганликда айбсиз деб топди ҳамда уни жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли оқлади.

Хулоса қилиб айтганда, қарор топган адолат севинч кўз ёшларига сабаб бўлди. Оилали, икки на­фар фарзанднинг отаси, тадбиркор Иброҳим Исмоилов оиласи бағрида қолганидан, ҳақи­қат борлигию адолат тантанасидан, одил судлов ҳақ­лигидан бениҳоя қувонди, шукроналик келтирди.

Суннат БОЛТАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Навоий шаҳар судининг судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: