ТАБИАТ ЧЕКМАСИН АЗИЯТ ЁХУД АТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ УЧУН БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ
Инсоният юксак мақсадлар сари интилаётган, тараққиёт йўлидан дадил одимлаётган ҳозирги паллада жаҳон ҳамжамияти олдида глобал экологик муаммоларни ҳал этишдек долзарб вазифалар турибди.
Сайёрамизнинг қайсидир бир четида сув тошқини, ўрмон ёнғини, чанг-бўрон ва бошқа табиий офатлар юз бермоқда. Дунё бўйича сув сатҳи кўтарилмоқда. Озон қатламининг емирилиши, тропик ўрмонларнинг кесилиши, чўлланиш, чучук сув манбаларнинг камайиши, тез-тез дуч келинаётган глобал иқлим ўзгариши инсоният экологик инқироз билан юзма-юз турганини кўрсатади.
Ҳеч кимга сир эмас, экологик муаммога буткул барҳам беришнинг ягона йўли — она табиатни кўз қорачиғидек асрашдан иборатдир.
Статистик маълумотларга қараганда, атроф-муҳит муҳофазаси масаласи илк маротаба 1972 йилда Стокгольмда ўтказилган БМТ конференциясида муҳокама қилинган. Мазкур конференцияда «Инсон фаровон ва юқори қадр-қимматга эга ҳаётни тақозо этадиган муҳитда яшамоғи лозим» ғояси илгари сурилган.
Бу тарздаги муҳим халқаро анжуман сифатида яна Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1992 йил Рио-де-Жанейрода ўтказилган конференцияни мисол тариқасида кўрсатиш мумкин. Ушбу конференцияда иккита асосий ҳужжат — «Рио-де-Жанейро Декларацияси» ва «XXI аср учун кун тартиби» қабул қилинган.
Мазкур анжуманнинг яна бир тарихий аҳамияти шундаки, унда иккита муҳим конвенциялар қабул қилинган. Улардан бири «Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенция» бўлса, иккинчиси «Био хилма-хиллик бўйича конвенция»дир.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатимиз юқорида қайд этилган халқаро ҳужжатларга қўшилган. Бундан ташқари мамлакатимизда ушбу йўналишда мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Хусусан, табиий иқлим шароитларини сақлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб берган «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган.
Юртимизда табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар ушбу қонун, шунингдек, ер, сув, ўрмон, ерости бойликлари тўғрисида, атмосфера ҳавосини, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қатор моддаларида атроф-муҳитга зарар етказиш билан боғлиқ ғайриқонуний ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.
Шунингдек, амалдаги Жиноят кодексининг тўртинчи бўлими «Экология соҳасидаги жиноятлар»ни қамраб олган. Кодекснинг XIV боби «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар»ни ўз ичига жамлаган.
Қонун талабига кўра, атроф-табиий муҳитга зарар етказган корхона, ташкилот ва муассасалар, шунингдек, шахслар етказилган зарарни, шу жумладан, бой берилган фойда ўрнини қоплаш шарт. Қисқаси, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун миллий қонунчилигимизда жиноий жавобгарлик билан бирга моддий жавобгарлик ҳам белгилаб қўйилган.
Яқинда Каттақўрғон тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси биносида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида З. Тешаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) га оид жиноят иши судланувчи, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг иштирокида кўриб чиқилди.
Суд Завқиддин Тешаевни Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан икки йил олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Суд ҳукми билан судланувчига вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фойдасига етказилган 274 миллион 290 минг сўм моддий зарарни қоплаш мажбурияти юклатилди.
Суд судланувчи З. Тешаевга қўшимча чекловлар ҳам белгилади. Шунингдек, унинг ҳулқи устидан назорат олиб боришни туман Ички ишлар бўлимига, моддий зарарни ўн ой ичида қоплаш мажбурияти бўйича назоратни амалга оширишни Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон туман бўлими зиммасига юклатилди.
Шу ўринда воқеа баёнига тўхталадиган бўлсак, судланувчи З. Тешаев фермер хўжалиги раиси вазифасида ишлайди. Фермер хўжалиги дала шийпони ҳудудида «Грант транс» ММТП ҳисобида бўлган тўққиз туп қимматбаҳо «Шарқ чинори» дарахтлари бор эди. Шу йилнинг 30 январь куни вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари келишса, ана шу қимматбаҳо дарахтлар кесиб олинган экан.
Чинор дарахтларини Давлат экология қўмитаси органларининг хулосалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатномаларини олмасдан туриб, фермер хўжалиги раиси З. Тешаев қонунга хилоф равишда кесган.
Мутахассислар томонидан ўрганилганида ҳар бирининг диаметри 72, 47, 47, 66, 69, 54, 72, 48 ва 59 сантиметр бўлган, жами тўққиз туп қимматбаҳо чинор дарахтлари танаси қуримагани ва чиримагани аниқланди.
Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги идоралар ходимлари, тартибга кўра, дов-дарахтлар нобуд қилингани ёки кесилгани ҳолати аниқланган тақдирда, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва бўталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 43-сонли қарорига асосан, етказилган зарар миқдорини ҳисоб-китоб қилишади. Худди шундай ҳисоб-китоб ўтказилганда 274 миллион 290 минг сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди. Бундай ҳолатда эса, етказилган зарар вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳисобига ундирилиши керак.
Суд олий маълумотли, оилали, беш нафар фарзанднинг отаси, муқаддам судланмаган З. Тешаевга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлиги ва муқаддам судланмаганлигини, Жиноят кодексининг 55-моддасига асосан, жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топди. Мазкур жиноятни ғараз ва бошқа паст ниятларда содир қилганини эса, Жиноят кодексининг 56-моддасига асосан жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этди.
Хулоса қилиб айтганда, табиатга қилинган ҳар қандай тажовуз жиноий жавобгарликка сабаб бўлди. Она табиат ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ҳамда бўталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга ҳар биримиз бурчли эканлигимизни унутмаслигимиз даркор.
Темур АЛМАМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича
Каттақўрғон тумани судининг раиси
Фикр қолдириш