ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ ВА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ
Суд – одил судловнинг олий нуқтаси. Суднинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён. Айнан шундай ёндашув туфайли бу соҳадаги ишлар кўлами, миқёси ва самарадорлиги кейинги даврда ниҳоятда кенгайиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январда парламентга йўллаган Мурожаатномасида, давлат идоралари мансабдорлари суд мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлишини чуқур англаб олишлари кераклигини таъкидлаганди.
Бу фикрлар давлат раҳбарининг ушбу соҳада амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар борасидаги қатъий позициясини яққол кўрсатди.
Президентимиз суд тизими ходимлари билан 2017 йил 13 июнда ўтказилган тарихий учрашувда суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволига эътибор қаратиб, мавжуд муаммолар, ўз ечимини топмаган камчиликларни атрофлича таҳлил қилиб, соҳа истиқболига доир устувор вазифаларни белгилаб берди.
Зеро, судни, том маънода, «Адолат қўрғони»га айлантириш орқалигина фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.
Кейинги йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш масаласи алоҳида диққат марказида турибди. Шу мақсадда аризаларни электрон тартибда қабул қилиш, процессуал муддатларга риоя қилиниши устидан онлайн мониторинг ўрнатиш, ишларни инсон омили аралашмаган ҳолда автоматик тақсимлаш имкониятини берувчи «Е-XSUD» ахборот тизими яратилди.
Шу билан бирга, судларда видеоконференция алоқа тизими ишга туширилди. Аҳолига қулайлик яратиш ва маблағни тежаш мақсадида суд мажлислари ушбу тизим орқали онлайн режимда ўтказилмоқда.
2020 йилнинг 30 июнь куни Президентимиз раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида суд тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича ўз ечимини кутаётган бир қатор муҳим ва долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Президентимиз коррупцияга қарши кураш борасидаги ислоҳотларнинг кейинги босқичида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар ҳақида тўхталди. Айниқса, соҳа ва тармоқларда рақамлаштириш ишларини амалга ошириш, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, коррупцияга қарши курашишда кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланиб, бу йўналишда аниқ тизим яратишга доир ниҳоятда муҳим таклифлар илгари сурилди.
Бундан кўзлаган мақсад-муддаомиз битта. Бу ҳам бўлса, судья мустақил бўлса, қонунга сўзсиз бўйсунса, масъулиятни чуқур ҳис қилса, беғараз ва холис бўлсагина адолат ўрнатилади.
Айни чоғда, 7 декабрь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самардорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон тизимдаги ислоҳотларнинг янги босқичига асос солди.
Бу ўринда суд тизимида етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишга янги ҳуқуқий замин яратилгани ҳақида гап бормоқда.
Фармонга кўра, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг қуйидаги тўртта асосий йўналиши белгиланди:
биринчи йўналиш — судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;
иккинчи йўналиш — судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;
учинчи йўналиш — судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;
тўртинчи йўналиш — судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.
Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 февралдан суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари Интернет тармоғи, веб-сайт орқали онлайн тарзда ёритиб борилади.
Судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур — психологик тест ишлаб чиқилади. Судья фаолиятининг самардорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар, хусусан, рейтинг дастури амалиётга татбиқ этилади.
Судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларининг рақамлаштирилиши бежиз эмас.
Бинобарин, жамиятда коррупциянинг олдини олишнинг энг муҳим мезони фаолиятда очиклик ва шаффофликни таъминлашдир.
Бу ҳақда сўз борганда, Президентимиз томонидан 2020 йил 3 сентябрда «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу ҳужжат судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадига қаратилган.
Қарор билан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури ва судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Натижада амалга оширилаётган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишини эркинлаштириш ва одил судловга эришишни ошириш имконини бермоқди.
Келгусида судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур ишлаб чиқилади. Судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш, ўз навбатида, судьялар корпусини малакали ва ҳалол-пок кадрлар билан тўлдиришга замин яратади.
Бундан ташқари Фармонда судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Судьялар олий кенгашининг ўрни ва аҳамияти қандай бўлиши зарурлигига алоҳида аҳамият берилган.
Бунда, хусусан, Судьялар олий кенгаши раиси томонидан:
прокуратура органларига тақдимнома киритиш;
судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйиш;
суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш;
одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиш бориш тартиби ўрнатилаётгани эътиборга сазовор.
Маълумки, Жиноят кодексининг 236-моддасида тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Келгусида судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан бевосита тўғридан-тўғри Кенгаш раиси томонидан прокуратура органларига тақдимнома киритилиши ва тақдимноманинг бир ой муддат ичида кўриб чиқилиши белгиланиши, бир томондан, ички ва ташқи аралашувларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Иккинчи томондан, бундай оқилона ёндашув тийилиб туриш ҳақида қатъий огоҳлантириш ва бу билан судларнинг мустақиллиги амалда таъминланишига, пировард мақсад бўлган — адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришишга имкон беради.
Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузиш бўйича ишлар бошланди. Бу ҳам судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Фармонга кўра, «Ибратли судья» мукофоти, «Суд фахрийси» кўкрак нишонлари жорий қилинмоқда. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини бу тарзда рағбарлантириш орқали юксак ва масъулиятли лавозимига бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга эришамиз.
Бу эса, судьялар ўзлари учун эл-юртнинг ҳурматидан ортиқ олий бахт йўқлигини, пенсияга чиққанларидан кейин ҳам эътироф ва эътиборда бўлишларини ҳис этиб хизмат қилишларида муҳим омил ҳисобланади.
Янада содда қилиб айтганда, бундай амалий рағбатлар судьялар одил судловни амалга оширишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат ва жамият манфаатлари муҳофаза қилинишини тўлиқ таъминлашни энг асосий бурчи сифатида билиб, бу ишда фидойилик кўрсатишларига имкон яратади.
Кенгаш ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби ташкил қилиниши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу клуб амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлади.
Зеро, судья нафақат муайян суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлақ ҳуқуқли процессуал шахс, балки у, аввало, жамиятдаги энг обрўли инсондир. Айнан судъялик маданияти, судьянинг илм-маърифати орқали жамиятимизда одил судловга ҳурмат, Конституция ва қонунлар устуворлиги ҳамда адолатга ишонч шаклланади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз Фармонида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши моҳият-эътибори билан судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тўлиқ ҳимоя қилишга олиб келади. Бир сўз билан айтганда, янги Фармон мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шахзод Бахтиёров,
жиноят ишлари бўйича
Қашқадарё вилояти судининг судьяси
Фикр қолдириш