ҚАЛТИС ХАТОНИНГ АЯНЧЛИ ЖАЗОСИ АЙБСИЗ «АЙБДОР» НОРАСИДАНИНГ ГАРДАНИГА ТУШДИ
Ҳаётнинг қатъий қонунияти бор: нотўғри ташланган ҳар бир қадам, умрнинг ҳар бир лаҳзасига масъулиятсизлик билан қараш ҳеч қачон жавобсиз қолмайди. Бунга ҳаётдан кўпдан-кўп мисоллар келтириш мумкин. Масалан, очиқ сайёр суд мажлисида С. Нажимова (исм-шарифлар ўзгартирилди) билан боғлиқ жиноят иши мазмунан кўриб чиқилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Судланувчи яшайдиган маҳалла биносида ўтказилган суд мажлисида иштирок этганлар аёлнинг ўз фарзандига нисбатан шафқатсизлигини қаттиқ қоралашди.
Хўш, аслида қандай воқеа рўй берганди? С. Нажимова аёл боши билан қандай жиноий қилмишга қўл урди?
Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, судланувчи С. Нажимова 2014 йилнинг 11 ноябрь куни туғилган, вояга етмаган фарзанди Зулхуморни вояга етмаганлиги, ожиз аҳволда эканини била туриб, 2019 йил август ойи бошидан 2019 йил 25 сентябрь кунига қадар яшаш ҳовлисида танасининг турли қисмларига қўллари ва ўтмас жисмлар билан уриб, муттасил дўппослаб келган. Ҳовлига уни қамаб қўйиб, уйда бир неча марта ёлғиз ўзини қаровсиз қолдириб кетган.
Бу гапларни эшитиб, наҳотки, она тўққиз ой юраги остида кўтариб юрган фарзандига ҳам шунчалик зулм ўтказди, деган фикрга бориш мумкин.
Воқеа тафсилотидан хабардор этадиган бўлсак, Сарвиноз Навоий шаҳридаги корхоналарнинг бирида ишларди. Шу ерда у Рауф исмли йигит билан танишиб қолади. Қора қош, қарашлари ўтли йигит Сарвинознинг хаёлини ўғирлайди.
Буёғини сўрасангиз, йигит ҳам қизга бефарқ эмасди. Улар учрашиб қолганда, суҳбатга баҳона ахтаришар, иккисининг бир-бирига бефарқ эмаслигини четдан қараганда ҳам сезиш қийин эмасди. Танишув, кейинги учрашувлар икки ёшни яқинлаштирди. Йигит билан қиз бора-бора ўз эҳтиросларини жиловлай олмади. Сарвиноз ўзининг инъон-ихтиёрини Рауфга буткул топшириб қўйди.
Орадан бир неча ой ўтгач, қиз вужудида қандайдир ўзгариш рўй бераётганини пайқади, у ҳомиладор бўлиб қолганди. Тез орада у бу ҳақда Рауфга айтиб, суюнчи сўради. Шунда йигит бир чўчиб тушгандай бўлди.
Аммо Сарвиноз буни йигитнинг қувонганига йўйди. Аслида, у қувонмаганди.
Орадан бир неча кун ўтиб, ана шу оддий ҳақиқат ойдинлашди: Рауф ишдан бўшаб, қаёққадир кетиб қолди. У шу кетганча қорасини кўрсатмади.
Сарвиноз Кармана туманининг турли жойларида ижарада яшаб келарди.
Кутилмаган ҳомиладорлик, Зулхуморнинг дунёга келиши Сарвинозда ўз қизалоғига меҳр уйғотмайди, аксинча, унинг кўнглида ғазаб ва нафрат ўтини ёқади. У гўё бошига тушган бахтсизликларнинг барига шу қизи сабабчидек, бутун аламини ундан олади.
«Ўхшатмасдан учратмас» деганлари рост экан. Сарвиноз кунларнинг бирида Боғдагул исмли аёл билан танишиб қолади. Боғдагулнинг ҳам тақдири ҳавас қилгулик эмасди. У турмуш ўртоғи Ф. Қосимов билан чиқишолмаётгани, ажрашиб кетишини Сарвинозга айтиб, ёзғиради.
— Хўп десанг, эрим билан гаплашаман, — дейди у Сарвинозга. — Сен у билан турмуш қурсанг, эҳтимол, яхши яшаб кетарсизлар.
Фаррух ҳам хотини Б. Мамазиёдованинг дийдиёларидан безган, шекилли, Сарвиноз ўзига тегмоқчи эканлигини эшитибоқ, розилик билдиради. Шу тариқа Сарвиноз Фаррух билан қонунсиз эр-хотин бўлиб яшай бошлайди.
Энди суд муҳокамасига қайтадиган бўлсак, гувоҳ, маҳалла фуқаролар йиғини масъул котибаси вазифасида ишловчи М. Рўзиқулованинг кўрсатмаси иш ҳолатига ойдинлик киритди.
— Ўша куни профилактик тадбирда маҳалла вакиллари ва ички ишлар бўлими ходимлари хонадонларга кириб, аҳволни ўрганаётдик, — деди у. — Фуқаро Ф. Қосимовнинг дарвозасини тақиллатганимизда ичкаридан қиз боланинг «ота-онам йўқ» деган жавобини эшитдик. Ҳовлига кирсак, қурилиши тугалланмаган уйда уч-тўрт ёшлар чамасидаги қизча ўйнаб ўтирган экан. Қизчанинг юз қисми кўкарган, бурни шишган, бурун суяги синиб, қийшиқ битиб қолгани кўзга ташланди. Унинг чап қўли, чап оёғи синиб, вақт ўтиши билан битгани кўриниб турарди. Қўллари ва оёқлари хипчиндан кўкарган, баданида жароҳатлар бор эди. Қизчани ички ишлар ходимлари билан бирга туман тиббиёт бирлашмасига олиб бордик.
Судда жабрланувчининг қонуний вакили, вилоят халқ таълими бошқармасига қарашли Навоий шаҳрида жойлашган «Меҳрибонлик уйи» психологи З. Шодиева ҳам кўрсатма берди.
— Зулхумор «Меҳрибонлик уйи»га олиб келингач, уч кун ҳеч ким билан гаплашмади, — деди у. — Кейин мен унинг ёлғиз ўзини хонамга олиб кирдим. Ота-онаси ҳақида сўрадим. Шунда у Сарвиноз Нажимова онаси эканлигини, улар билан Ф.Қосимов ҳам бирга яшашини айтди.
З. Шодиеванинг гувоҳлик беришича, Зулхумор бу ерга олиб келинганда, аҳволи ёмон бўлган, бурни синганлиги сабабли нафас олишга қийналган.
У онаси ва уйидан безиллаб қолган. Шу сабаб уларни эслашни ҳам истамайди. Ҳозирда Зулхумор «Меҳрибонлик уйи»да болалар билан яхши муносабатда. Бошқа бир оила Зулхуморни фарзандликка олиш учун ариза билан мурожаат қилган.
Суд судланувчи С. Нажимованинг айби, унинг судда ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари Кармана туман ИИБнинг «Шакл — 2» китобида 1078-рақам билан рўйхатга олинган билдирги, воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган чизма ҳамда фотожадваллар, далолатнома, туман СТЭБнинг 563-сонли эксперт хулосаси ва жиноят иши ҳужжатларида мавжуд бўлган бошқа инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан тўлиқ исботини топган, деб ҳисоблади.
Суд судланувчи С. Нажимованинг жиноий ҳаракатларини дастлабки тергов органи Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан тўғри малакалаган деб топди.
Шу ўринда Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига тўхталиш жоиз кўринади. Ушбу моддада иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчи ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги кўрсатилган.
Ушбу кодекснинг 23-моддасига кўра, айбсизликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилинмоғи лозим.
Қонуннинг ушбу талабларини қайд этишдан мақсад шундаки, иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга қараганда, судланувчи С. Нажимованинг вояга етмаган қизи З. Нажимовани ҳовлисида майда шохли моллар сақлаш учун мўлжалланган қўрага қамаб қўйганлиги ҳолати бирон-бир далил билан исботини топмади. Қолаверса, қонун талабига кўра, судланувчининг жиноят содир этишдаги ҳаракатлари фақат суд муҳокамаси давомида исбот қилинган далилларга асосланиши керак.
Бундай ҳолатда судланувчи С. Нажимова вояга етмаган қизи Зулхуморни майда шохли молларни сақлаш учун мўлжалланган қўрага қамаб қўйган, деб бўлмайди. Шу сабабли суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчига нисбатан эълон қилинган айблов таркибидан унинг «ҳовлисининг майда шохли моллар сақлаш учун мўлжалланган қўрасига қамаб» жумласини чиқаришни лозим топди.
Суд судланувчи С. Нажимовага жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 50-моддаси 10-қисмидаги «Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганлик ва қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо ҳомиладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмайди» деган қоидага амал қилди.
Судланувчи С. Нажимова томонидан содир этилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киради. Иккинчидан эса, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорининг 2019 йил 23 декабрдаги хулосасида С. Нажимованинг ҳомиладор эканлиги кўрсатилган. Содир этилган ушбу жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти юқори, албатта. Бироқ жиноят ишида судланувчининг айбини оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаганлиги сабабли суд фарзандига зулм қилган бемеҳр она С. Нажимовага тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади ва суд ҳукми билан унга тақиқлар юклатилди.
Воқеа тафсилотлари кишини бефарқ қолдирмайди, мулоҳаза ва мушоҳада қилишга ундайди. Шундай паллада кўпчиликка маълум бир фикр кўнгилдан кечади: кимдир тирноққа зор, кимдир боладан безор.
Сарвинозга судда сўнгги сўз берилганда, қилмишидан қаттиқ пушаймонда эканлигини айтиб, ўзига енгиллик беришларини сўради. Шу билан биргаликда у Зулхуморни боқиш учун шароити йўқлиги, бошқа оилага тарбиялаш учун беришга розилигини билдирди.
Тўғри, элда яхшилар кўп, меҳр-оқибатли, болапарвар инсонлар қалбининг иссиқ тафтидан Зулхумор баҳраманд бўлади, вояга етади. Муносиб тарбия топиб, у келгусида жамиятда ўз ўрнини эгаллайди.
Фаррух ҚАҲҲОРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Конимех тумани судининг раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш