ТАХМИНИЙ АЙБЛОВ СУД ТОМОНИДАН БЕКОР ҚИЛИНДИ, НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ШАХС ОҚЛАНДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида «Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз» дея алоҳида таъкидлади.

Шу маънода айтганда, муқаддам — 2017 йил ноябрь ойи­дан 2019 йилнинг сентябрига қадар «Асака» банкнинг Бухоро шаҳар филиали бош ҳи­собчиси вазифасида ишлаган, айни пайтда ташқи иқ­ти­содий фао­лият «Миллийбанк»нинг Ромитан туман филиали бош ҳи­собчиси ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган Ға­нишер Жалилов ҳам суд ҳи­моя­си орқали ўзи­га нисбатан эълон қилинган ноҳақ айбловдан халос бўл­ди.

Хўш, Ғ. Жалилов нега жиноий жавобгарликка тортилган эди?

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, 2019 йилнинг 14 июнь куни «Асака» банк­нинг ша­ҳар филиали мижози саналган, Бухоро шаҳрида жойлашган «Boreks Avto Servis» масъулияти чекланган жамияти билан Англия давлатининг «QINGDAO HAPPY RUNNER TYRE CO LTD» корхонаси ўртасида автошиналар сотиб олиш юзасидан шартнома имзоланади. Шунга биноан, жамият раҳбари Баҳриддин Ҳотамов банк филиалининг халқаро пул ўт­казмалари бўйича мутахассиси Назира Зайниевага шартномани тақдим қилиб, ўзининг ҳи­соб рақамидан хорижлик ҳам­кори ҳисоб рақамига 37 200 АҚШ­ доллари (Ўзбе­кис­тон Республикаси Марказий банкининг 2019 йил 14 июндаги маъ­лу­мот­­нома­си­га кўра, 1 АҚШ долларининг сўм­га нисбатан қиймати ўша пайт­да 8 535 сўм 74 ти­йин бўлиб, 37 200 АҚШ доллари 317 529 528 сўмни ташкил қилган) миқдорида пул ўтказишни сўрайди.

Аммо тўлов топшириқномасини кейинроқ келтириб беришини айтади.

Назира Зайниева эса, Б. Ҳотамовни 2010 йилдан буён танигани ҳамда унга ишонгани боис пулни шартномада қайд этилган GB83TSBS77191300005427 ҳисоб рақамига ўтказиш юзасидан дастурга хорижий корхона номи ва ҳисоб рақамини ки­ритиб, тасдиқлаш учун бош ҳисобчи Ғанишер Жалиловга беради. Бироқ пул кўчирилгандан сўнг орадан кўп ўтмай Баҳриддин Ҳотамов «Мен ҳозирча товар сотиб олмоқчи эмасман, пулларимни қайтаринглар» дея талаб қилади. Шу боис, пул­лар мижознинг ҳисоб рақамига қайтиб тушади.

Лекин тадбиркор 2019 йил 14 июнь куни банкка қўшимча келишув тақдим этар экан, Англия корхонаси ҳисоб рақами SE8130000000006808179359 сифатида ўзгарганлигини айтиб, пулни ана шу ҳисоб рақамга ўт­казишни талаб қилади. Аммо иккинчи сафар ҳам тўлов топшириқномасини келтириб бермайди. Натижада Н. Зайниева пул кўчириш мобайнида корхона номини шартномада кўрсатилганидек, «QINGDAO HAPPY RUNNER TYRE CO LTD» тарзида эмас, балки «QINGDAO HAPPY RUNNER TYРE CO LTD» дея ёзиб, дастурга но­тўғри киритади. Оқибатда пул маблағлари Швеция фуқароси OKAFOR JOHN PAUL UGOCHUKWU нинг ҳисоб рақамига бориб тушади.

Бинобарин, тергов органи томонидан бош ҳисобчи Ғанишер Жалиловга дастурга киритилган ёзувларни текширмаган ҳол­да тасдиқлаб, АТ «Асака» банк­нинг бош офисига юборганлик, шу орқали банк манфаатларига жу­да кўп миқдорда моддий зарар етказганлик айби қўйилади ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўз­ғатилади.

Шундан сўнг ушбу иш жи­ноят­ ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд мажлисида эса, жиноят ишини тергов қилишда Жи­ноят­-процессуал кодекси ҳам­да Олий суд Пленумининг тегишли қарори талабларига риоя қилинмагани аён бўлди.

Қонун талабига кўра, шахс­ни эҳтиётизликда айблаш учун унинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги билан жиноий оқи­бат ўртасида сабабий боғланиш бўлиши зарур. Жиноятнинг объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланган сабабий боғланиш бўлмаган тақдирда, шахс­нинг қилмишида охир-оқибат жиноят таркиби мавжуд бўлмайди. Шунга асосан айтганда, Ғ. Жалилов 37 200 АҚШ долларини тўлов топшириқномаси орқали ўт­казган тақдирда ҳам, пул маблағи мижоз тақдим қилган SE8130000000006808179359 банк ҳисоб рақамига тушар эди. Бу билан бош ҳисобчи ўз вазифасини лозим даражада бажарган ёки бажармаган бир вазиятда ҳам, унга боғлиқ бўл­маган ҳолатларга кўра, оқи­бат келиб чиқар эди. Кўриниб турибдики, юқоридаги ва­зиятда судланувчининг ҳаракатлари билан келиб чиққан оқи­­бат ўртасида сабабий боғ­ла­ниш мавжуд бўлмаганлиги туфайли айни ҳо­латда жиноят таркиби мавжуд эмас.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида айбдорликка оид барча шуб­ҳалар, башарти, уларни барта­раф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши белгиланган. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди ўзининг 2020 йил 17 июлдаги ҳукми би­­­лан Ғанишер Жалиловни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу­нинг учун Бу­хоро шаҳар прокурори томонидан келтирилган Ғ. Жалиловдан «Асака» банкнинг Бухоро ви­лоят­ филиалига 37 200 АҚШ доллари миқдоридаги зарар, 5 589 715 сўм давлат божи ҳамда почта харажатларини ундириш ҳақидаги даъво аризаси оқибатсиз қолдирилди.

Қолаверса, суд ҳукмида Ғ. Жалилов оқланиши муносабати би­лан ўзига етказилган моддий ва маънавий зарар оқи­бат­ла­рини қоплаш бўйича Жиноят­-процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида даъво ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Бироқ суд ҳукмига нисбатан апелляция шикояти берилди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг апелляция инстанцияси мажлисида биринчи инстанция суди томонидан оқлов ҳукми чиқаришда амалдаги қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилинган деб топилди.

Бундан ташқари Ғанишер Жалиловнинг судда келтирган важлари жиноят ишидаги ҳужжатлар билан рад қи­линмаган. Унинг зиммасига қўйилган айбловлар дастлабки тергов органининг тахминларига асосланган.

Ваҳоланки, қонунчилигимизга биноан, шахсни жиноят содир этганликда айблаш учун унинг ўз ҳаракатларини англаган бўлиши талаб қилинади.

Шахс томонидан келиб чи­қи­ши англанмаган ижтимоий хавф­ли оқибатлар учун уни жавобгарликка тортиш (яъни объектив айблов) қонунга хилофдир.

Тилга олинган ва­зият­да эса, Н. Зайниева ва Ғ. Жалиловнинг ҳаракатлари банк тизимида ўрнатилган ич­ки тартиб қоидалар асосида интизомий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин, холос. Бинобарин, жиноят ишлари бў­йича Бухоро ви­лоя­т суди апелляция ши­коя­тини қаноатлантирмасдан, суд ҳукмини эса, ўз­гаришсиз қолдирди.

Хулоса ўрнида эътироф этиш лозимки, сўнгги тўрт йилда муқаддам судланган ҳамда терговда ноҳақ айбланган шахс­ларнинг оқланиши давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг тўлақонли ва энг ёрқин ифодасидир. Бу эса, ҳамюртларимизнинг Конституция ва қонунларга бўлган ҳурмат ҳиссини янада мустаҳкамлайди.

Абдуманнон ШАЙДОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят судининг

раиси вазифасини бажарувчи,

Акбаржон ЖАББОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Бухоро шаҳар судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: