НОҚОНУНИЙ ҚАРОР СУД ТОМОНИДАН ҲАҚИҚИЙ ЭМАС, ДЕБ ТОПИЛДИ
Ҳаётда оқибатини ўйламай қилинган иш ҳеч шубҳасиз, инсон обрўсини тўкади, ҳатто юзшувутликка олиб келади.
Янгибозор тумани ҳокимининг 2019 йил 11 ноябрдаги 6718-сонли қарорига асосан, Бошқирших қишлоғидаги «Аму соҳил парранда» масъулияти чекланган жамиятига 2013 йил 6 августда (туман ҳокимининг 549-сонли қарорига биноан) 41 йил муддатга ажратиб берилган 29,1 гектар ер майдони ҳокимлик захирасига қайтарилди.
Бундан масъулияти чекланган жамият раҳбари Д. Иброҳимов орадан салкам ярим йил ўтгач, яъни 2020 йилнинг 28 апрель куни хабар топди.
Ўша куни унинг олдига туман ҳокимлиги мутасаддилари ва ички ишлар бўлими ходимлари келишди. Унга қарашли далаларда уруғдан аллақачон қийғос униб чиққан ва барқ уриб ўсаётган турли экинлар, бир текис ҳосилга кирган буғдой ниҳоллари келганларнинг эътиборини ўзига тортмай қолмади.
Бу ажиб манзара, чиндан ҳам, кўрган кўзни қувнатиши — турган гап. Бироқ меҳмонлар буни кўриб — кўрмаганга, билиб — билмаганга олишди.
Пировардида Д. Иброҳимовга юзланиб, энди бу далалар ҳокимлик заҳирасига олиб қўйилганини айтишди. Буни эшитиб, табиийки, Д. Иброҳимов ҳайрон бўлди ва бунинг сабабини сўради. Масаланинг моҳияти шундан сўнг ойдинлашди. Аён бўлишича, меҳмонлар туман ҳокимининг деярли 6 ой муқаддам қабул қилган қарори ижросини амалга ошириш ниятида ташриф буюришган экан. Кўп ўтмай ҳоким қарорига сабаб бўлган омиллар ҳам юзага чиқди.
Маълум бўлишича, паррандачиликка ихтисослашган ушбу масъулияти чекланган жамият раҳбари туман ҳокими томонидан хали 2013 йилиёқ 41 йил муддатга ажратиб берилган 29,1 гектар ер майдони учун ижара шартномаси тузмаган, экинзорлардан мақсадсиз фойдаланган.
Табиийки, жамият мутасаддиси ушбу эътирозлар ва қарорда ифодасини топган ҳолатлар олдида сукут сақламади. Ўзини айбсиз санади, қалбига қуюлиб келган дардини тўкиб солди. Ҳоким қароридан ўз вақтида огоҳ этилмагани боис, эрта баҳордаёқ экин-тикин ишларига киришгани, 9 гектар даладаги буғдойдан ташқари барча экин майдонларига уруғ эккани, бунинг учун анча-мунча куч ва воситалар ишга солингани, тер тўкилгани, миллион-миллион сўмлик маблағлар харжлангани, шулар эвазига бўй кўрсатган экинлар ҳозирда бир текис ривожланаётгани, жамиятга қарашли паррандачилик фермасининг яроқсиз ҳолга келган бино ва ускуналари янгилаётгани, ушбу режани рўёбга чиқариш ниятида «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг вилоят филиалидан 210 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, уни Хитойдан замонавий паррандачлик технологияси воситалари харидига йўналтиргани, мазкур жиҳозларни ортган машиналар аллақачон йўлга чиққани ва яқин 1-2 кун ичида Янгибозорга етиб келишини ётиғи билан тушунтирди. Ер қўлдан кетган тақдирда, паррандалар учун озуқа етиштириш, банкдан олинган шунча миқдор қарзни қоплаш мушкул эканлигини баён этди. Қанийди, ўша пайтда тадбиркорнинг гарданидаги мушкулотни қалбан ҳис эта оладиган валломат топила қолса?
Йўқ, топилмади. Яхшиси, белни боғлаган кўйи ҳақ-ҳуқуқ ва қонуний манфатларини ҳимоялашдан бўлак чора йўқ.
Бинобарин, ўз-ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асослар етарли.
Масъулияти чекланган жамият раҳбари олдига мавжуд 29,1 гектар ер майдони учун туман ҳокими билан тегишли тартибда шартнома тузмагани, экинзорлардан мақсадли фойдаланмагани хусусида қўйилган ҳар иккала айбга ер-мулк эгасининг дахли йўқ. Хусусан, туман ҳокимининг «Аму соҳил парранда» масъулияти чекланган жамиятига ер майдони ажратиш ҳақида 2013 йил 6 августда қабул қилган 549-сонли қарори 2-бандига кўра, ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини расмийлаштириш вазифаси жамият раҳбарининг эмас, балки туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими зиммасига юклатилган. Таассуфки, бу идора ўз зиммасига юклатилган ана шу вазифани бажармаган.
Демократик тартиб-таомилларга суянган мамлакатмиз қонунчилиги ижара шартномаси мавжуд бўлмаган ҳолатда ўзга бировнинг зиммасига у ёки бу тарзда мажбурият юклашни тақозо этмайди. Шу боис, тадбиркорни ердан мақсадли фойдаланмаганликда айблаш ва ҳоким қарорини чиқариб, унга қарашли экин майдонларини захирага қайтариш қонунга зид ҳолат ҳисобланади.
Чунончи, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддасида қайд этилишича, ушбу қонуннинг асосий вазифаси — фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишдан, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Қонуннинг 11-моддасида эса, тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза ва назорат қилувчи идоралар, шунингдек, банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиши, унга мувофиқ, қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган ва бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин этилиши зарурлиги қайд этилган.
Масъулияти чекланган жамият раҳбари томонидан Маъмурий судга тақдим этилган аризани кўриб чиқиш жараёнида масаланинг шу ва бошқа жиҳатлари алоҳида муҳокама этилди. Унда тадбиркорлик субъектига «Ўзсаноатқурилишбанк» филиали томонидан берилган 210 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи паррандачилик фермасини янги замонавий ускуналар билан жиҳозлаш лойиҳасини рўёбга чиқаришга харжланаётгани ва шу юзадан берилган банк маъмурияти маълумотномаси инобатга олинди. Сайёр тартибда ўтказилган ушбу жараёнда вазият бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Унда жамиятга қарашли фермахонани чиндан ҳам, хориж жиҳозлари билан қайта ускуналашга қарата иш олиб борилаётгани аниқланди. Масъулияти чекланган жамият солиқ тўловларини тўлиқ адо этаётгани ва ҳатто шу масала юзасидан ўтказилган танловнинг туман босқичи совриндори сифатида эътироф қилингани ҳам маълум бўлди. Амалдаги тартиб-таомиллар бундай пайтда тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлига ноўрин, асоссиз тўсиқ солишни эмас, балки қўллаб-қуватлашни тақозо этади. Зеро, ер ва экин паравариши учун бор куч-ғайрати, моддий ва техникавий имкониятларини ишга солаётган, эл-юрт равнақи учун озмунчамас, нақд 210 минг доллар миқдоридаги кредит маблағини комил ишонч, эзгу мақсад билан харжлаётган, қонун доирасида ҳаракат қилаётган киши ҳамиша ҳурматга, эъзозга лойиқ.
Ҳукмингизга ҳавола этилган ҳолатлардан аёнки, қонун тадбиркор тарафида.
Шу боис, мазкур низоли масалани кўриб чиққан дастлабки босқич суди ерни захирага қайтариш ташаббуси билан чиққан тарафнинг ҳаракатини маъқулламади. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг талаби қондирилди. Масъулияти чекланган жамиятга қарашли ерни ундан олиб қўйиш юзасидан 2019 йил 18 ноябрда чиқарилган қарор ҳақиқий эмас, деб топилди. Қонунийлик, адолат ва ҳақиқат ана шу тарзда тантана қилди.
Бироқ ҳокимнинг «Аму соҳил парранда»га қарашли ерни захирага қайтариш ҳақидаги қарори қабул қилинганидан сўнг бошқа бир жиддий муаммо пайдо бўлгани, чигал вазият юзага келганини ҳам эслатиш зарур. Гап шундаки, ер эгасидан олиб қўйилгач, у бошқа бир тадбиркорлик субъекти — тумандаги «Жайҳун ёшлар боғи» кооперативи тасарруфига берилган. Ернинг янги эгаси ҳам фурсатни бекор ўтказмади. Дала ва экинлар қаровини бошлаб юборди.
Бу жараёнда кам таъминланган оилалар, ишсиз ёшлар, аёлларга вақтинчалик фойдаланиш, рўзғорини тиклаш учун анча-мунча экин майдонларини ажратиб берди. Ернинг янги эгаси намоён этган бу хайрли иш гарчи кўпгина хонадонларнинг оғирини енгил, мушкулини осон этган бўлса-да, айрим муаммоларга ҳам сабаб бўлди. Ернинг ҳақиқий эгасига қайтарилиши уни ҳам муайян оқибатлар гирдобига ташлади. Хайриятки, бу муаммоларнинг деярли бари ҳозирги вақтга келиб, қонунан бартараф қилинди.
Оқилона қилинган ишлар, жиддий ўйланган ҳолда ташланган қадамлар инсонни бу сингари муаммо ва мушкулотларга рўбарў этмайди. Ушбу омилни назарда тутса, жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида ушбу туман ҳокимининг шу ва шунга монанд масалалар юзасидан муқаддам қабул қилган яна 4 та қарори жиддий эътирозларга сабаб бўлгани ва пировардида маъмурий судлар томонидан ҳақиқий эмас, деб топилганини ана шу бўғин фаолиятидаги жиддий камчилик сифатида баҳолашга ҳақлимиз.
Бу янглиғ қалтис ҳаракатлардан йироқ юрмоқ — оқилу доно одамларга хос эзгу фазилат. Жамиятимиз талаби ҳам шу: қонунни ардоқлаган, одамийликни қадрлаганнинг қўли ҳар жабҳада баланд бўлади.
Тимур Ибрагимов,
Янгибозор тумани
маъмурий судининг раиси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш