ҚОНУНГА ЗИД ДАЛИЛ ОҚЛОВ ҲУКМИ ЧИҚАРИЛИШИГА АСОС БЎЛДИ
Аслида ҳар қандай одам қилган жиноий қилмиши учун албатта, жавоб бериши керак. Шундагина жамиятда барчанинг қонун олдида тенглиги таъминланади. Шунинг баробарида айбсиз одамни асоссиз равишда жазолаш адолатсизликдир. Бу ҳол қонунга хилоф, инсонийликка зид, муқаддас динимизда ҳам оғир гуноҳ саналади.
Шу ўринда ҳаётий бир мисол келтирамиз. Гап шундаки, Зарбдор тумани ИИБ профилактика инспектори, майор Қиличбек Ўролов дастлабки тергов ва биринчи босқич судининг асослантирилмаган, тахмин ва фаразлардан иборат айблови билан бир ярим йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.
Вилоят суди апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида Қ. Ўролов ва унинг ҳимоячилари томонидан берилган апелляция тартибидаги шикоят ҳар тарафлама, мазмунан кўриб чиқилди. Қ. Ўроловнинг қилмиш юзасидан жиноятга дахли йўқлиги ўз исботини топди ва у оқланди.
Хўш, аслида воқеа қандай содир бўлганди?
Ўшанда 2019 йилнинг 16 март куни эди. Зарбдор тумани ИИБ навбатчилик қисмига «Самодаги нур» чойхонасидан қўнғироқ бўлади. Чойхона иш бошқарувчисининг турмуш ўртоғи икки нафар фуқаро чойхонада овқатланиш чоғида спиртли ичимлик истеъмол қилгани, кейин эса, овқат пулини тўламасдан эри Н. Фахриддинов билан жанжал қилаётгани ҳақида хабар беради.
Бироздан сўнг чойхона иш бошқарувчиси Н. Фахриддиновнинг ўзи ҳам «102» рақамига мурожаат қилади.
Аммо навбатчилик қисми навбатчиси Х. Болиев чақирув хабарини қасддан тегишли тартибда рўйхатдан ўтказмайди. Бу ҳам етмагандек, у ушбу ҳолат юзасидан туман ИИБ бошлиғига ахборот бермайди.
У фақат ҳудудга бириктирилган профилактика инспектори Ў. Избосаровга қўнғироқ қилиб, воқеа жойига етиб бориши зарурлигини айтиш билан чекланади. Аниқроқ айтганда Х. Болиев профилактика инспектори Ў. Избосаровга «Самодаги нур» чойхонасига етиб бориши лозимлиги ҳақида соат 18.30 да қўнғироқ қилганди.
Бу пайтда Қиличбек Ўролов ўз хизмат ҳудуди ҳисобланган «Оқар» ва «Ёшлик» маҳалла фуқарлар йиғинларидан энди қайтиб келиб, ИИБда бўладиган йўриқномадан ўтиш учун эшик олдида Ў.Избосаров билан суҳбатлашиб турганди.
Хабарни олган Ў. Избосаров Қ. Ўроловдан «Ойбек» маҳалласидаги чойхонага бирга бориб келишни илтимос қилади. Шундан сўнг иккаласи манзилга етиб борганда, ҳақиқатан ҳам, икки нотаниш фуқаро бир-бири билан ғижиллашиб турганди.
Ў. Избосаров улар билан гаплашишга ҳаракат қилади, аммо маст фуқаролар гапга тушунмайди. Чойхона иш юритувчиси Н. Фахриддинов улар ароқни ўзлари билан олиб келгани, истеъмол қилган овқати пулини тўламай, жанжаллашаётганини айтади.
Бу гапни эшитгач, Ў. Избосаров «овқатлангандан кейин пулини тўлаб кетмайсизларми?!» — дейди.
— Мана, пул, — дейди кейинчалик шахси аниқланган Ғ. Шодмонқулов чўнтагидан 300 минг сўм чиқариб. — Лекин харажатни мен тўламайман, Фурқат берсин.
Ғ. Шодмонқуловнинг бу гапидан шериги Ф. Неъматов баттар жаҳлланади.
Улар бир-бирини ҳақоратлашга ўтишади.
Ў. Избосаров устки кийимида қон доғлари бор, ўнг қўлининг юзасида қон қалқиб турган Ф. Неъматовни чойхонадан ташқарига олиб чиқади. Уларнинг ортидан Ғ. Шодмонқулов ҳам эргашади.
Шундан сўнг Ғ. Шодмонқулов билан Ф. Неъматов Ў. Избосаровнинг «Матиз» русумли автомашинаси орқа ўриндиғига ўтиришади. Эшикни очиб юбормасин, деган мақсадда Қ. Ўролов ҳам уларнинг ёнидан жой олади.
Улар аввал туман тиббиёт бирлашмасига боришади. Нарколог врач С. Умиров Ғ. Шодмонов билан Ф. Неъматовни текшириб кўриб, мастлик ҳолати бўйича маълумотнома ёзиб беради.
Шундан сўнг улар Ички ишлар бўлимига келишади. Қ. Ўролов йиғилиш ўтадиган залга кириб кетади. Бундан кейинги воқелардан у хабарсиз эди.
Шу ўринда судланувчиларга нисбатан қўйилган айблов масаласига қайтадиган бўлсак, туман ИИБ навбатчилик қисми навбатчиси лавозимида ишлаб келган Х. Болиев мансабдор шахс бўла туриб, навбатчи ёрдамчи А. Ҳасанов, туман ИИБ профилактика инспекторлари Ў. Избосаров ва Қ. Ўролов билан бир гуруҳга бирлашиб, жиноий тил бириктириб, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўзига қонун билан берилган ваколат доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши ҳамда ҳокимият ҳаракатсизлиги, яъни давлат органи мансабдор шахсининг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ёки мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслиги ва мансаб сохтакорлиги жиноятларини содир этган.
Шунингдек, судланувчилар Ички ишлар вазирлигининг 2016 йил 12 ноябрь ва 2017 йил 14 ноябрдаги тегишли буйруқлари талабларини қўпол равишда бузишган. Хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашиши оқибатида фуқаролар Ғ. Шодмонқулов ва Ф. Неъматовнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига сабабчи бўлишган.
Ғ. Шодмонқулов билан Ф. Неъматов Ички ишлар бўлими биносига олиб келингач, уларнинг қўлига асоссиз равишда кишан тақилган, эркинлиги чекланиб, шахсий тинтувдан ўтказилган. Спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги ҳолатини тасдиқловчи маълумотнома ва Ў. Избосаровнинг билдиргисига асосан улар туман ИИБ биносида жойлашган вақтинча сақлаш ҳибсхонасига асоссиз равишда, ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз мажбуран қамаб қўйилган.
Шу тариқа Ғ. Шодмонқулов 2019 йил 16 март куни соат 18.50 дан 21.10 га қадар, Ф. Неъматов эса, 18.50 дан 21.40 га қадар ушлаб турилган.
Жабрланувчилар ИИБ маъмурий биноси ички қисми йўлаги ҳамда қурол сақланадиган хонанинг кириш қисмида ва фуқароларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасида турли уятли сўзлар билан ҳақорат қилинган. Танаси, қўл ва оёқларига резина таёқ билан уриб, тан жароҳати етказилган.
Судга оид тиббий экспертиза хулосаларида Ғ. Шодмонқулов «соғлиғининг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати», Ф. Неъматов эса, «Соғлиғининг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати» олганлиги кўрсатилган.
Энди судланган Қ. Ўроловнинг апелляция шикоятига тўхталамиз. У биринчи босқич суди томонидан жиноят иши бир томонлама кўриб чиқилгани, ўзининг қайси қилмиши жиноий ҳаракат деб топилгани асослантирилмагани, суд ҳукми тахминларга асосланиб чиқарилгани, жабрланувчиларга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширмаганини баён қилган.
Ушбу ҳолатлар гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланганлигини билдириб, жиноят содир қилмаганлиги ва айбсизлиги ҳақида важлар келтирган. Суд ҳукмининг ўзига оид қисмини бекор қилишни ва оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.
Апелляция инстанцияси суди биринчи босқич суди ҳукмининг Қ. Ўроловга оид қисмини бекор қилиб, шикоятни тўлиқ қаноатлантиришни, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни лозим топди.
Хўш, Қиличбек Ўроловга оқлов ҳукми чиқаришга нималар асос бўлди?
Бу ўринда биринчи галда амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига тўхталиш лозим. Негаки, ушбу моддада суд жиноят юз берганлиги, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаш шартлиги қайд этилган.
Унга кўра, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчи ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.
Мазкур кодекснинг 23-моддаси талабига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал этилиши керак.
Бундан ташқари Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддаси талабига кўра, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.
Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарори 6-бандида эса, қонунга зид равишда олинган далилларга тергов олиб боришнинг ноқонуний, руҳий ва жисмоний куч ишлатиш усулларини қўллаб олинган далиллар ёки жиноят-процессуал қонуннинг бошқа нормалари бузилиши, масалан, ҳимоя ҳуқуқининг бузилиши натижасида олинган даиллар кириши, далил қонунга зид равишда олинган деб топилган тақдирда суд ишдаги далиллар йиғиндисидан уни чиқариш тўғрисидаги ўзининг қарорини, қонуннинг бузилиши нимадан иборат эканини кўрсатган ҳолда асослантириши лозимлиги баён қилинган.
Шу каби далиллар қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлиши ҳақида тушунтиришлар берилган.
Апелляция суд мажлисида биринчи босқич суди томонидан қонун талаблари ва Олий суд Пленуми қарорлари тушунтиришларига риоя қилинмаганлиги равшан бўлди.
Судлов ҳайъати жабрланувчилар Ғ. Шодмонқулов ва Ф. Неъматовнинг апелляция инстанцияси судида судланувчи Қ. Ўролов уларни урмаганлиги, унга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида берган ариза ва кўрсатмаларини, хизмат текширувида Қ. Ўролов урмаганлиги ҳақида берилган тушунтириш хатларида баён қилинган кўрсатмаларни ишнинг ҳақиқий ҳолатига мос кўрсатмалар деб баҳолади.
Биринчи босқич судида Қ. Ўроловнинг иши бўйича исботланиши лозим барча ҳолатлар синчковлик билан, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилмаган, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳар бир важи текширилмасдан, иш ҳолатларига ойдинлик киритилмасдан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан унга нисбатан асоссиз айб қўйилган, деган тўхтамга келди.
Мухтасар айтганда, шахсни қонунга зид далил билан айблаб, асоссиз равишда жазога тортишга қонун йўл қўймайди.
Судлов ҳайъати ажрими билан биринчи босқич судининг 2019 йил 10 сентябрдаги ҳукми Қиличбек Ўроловга оид қисми бекор қилинди. Содир қилинган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли Қ. Ўролов айбсиз деб топилиб, оқланди.
Қонунга зид далил оқлов ҳукми чиқарилишига асос бўлди.
Шуҳрат ХУДОЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Жиззах вилояти судининг судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш