ЎЗБЕКИСТОНДА СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори эканлигини алоҳида таъкидлади. Зеро, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўрин эгаллайди.

Давлатимиз раҳбари Парламентга ҳар йилги Мурожаатномасида жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтиши бежиз эмас, албатта. Чунки жа­мият тараққиёти қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мус­тақиллиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Шу нуқтаи назардан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Сўнгги тўрт йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга стратегик аҳамиятга эга вазифа сифатида қа­ралаётганининг яққол мисолидир.

Бугунги кунда ислоҳотларнинг самараси аввало қонун устуворлигини, шунингдек, суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашга, корруп­ция­га қарши қатъий курашишга ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқдир.

Ушбу чоралар орқали инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга, халқимизнинг судларга нисбатан ишончи ва ҳурмати ошишига эришиш мумкин.

Шу ўринда ўтган йилда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қи­лиш юзасидан қабул қилинган бир қатор муҳим ҳужжатларнинг аҳамияти хусусида қисқача сўз юритиш мақсадга мувофиқдир. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та фармони ва 1 та қарорининг ўрни беқиёс бўлди.

Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қў­шимча чора-тадбирлар тўғ­ри­сида»ги Фармони бир-бирини такрорловчи суд инстанцияларини бартараф қилишга қа­ратилган. Бунда инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоя­сида бўлишини етарли даражада таъминлаш, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқиш муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил 10 ав­густ­да қабул қилинган «Суд-тергов фаолиятида шахс­нинг ҳу­қуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармони суд-тергов босқичида шахс­нинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ушбу ҳужжат суриштирув ва тергов ҳаракатларининг сифатини оширишга, шахс­га нисбатан қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга, тергов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлашга ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилгани билан аҳа­мият­лидир.

Ҳар икки фармон асосида бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилди. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қи­линди. Фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та суднинг битта суд сифатида бирлаштирилиши аҳо­ли ва тадбиркорларга катта қулайликлар яратмоқда.

Шу билан бирга, жиноят со­дир этишда гумон қили­наёт­ган ёки айбланаётган шахс­лар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш юзасидан муҳим чоралар белгиланганди. Бу эса, ҳеч бир фуқаро ноҳақлик ва адолатсизликдан жабр кўрмаслигини, ҳуқуқини тиклашни истаб ҳуқуқни муҳо­фа­за қилувчи ва суд идоралари ўртасида овора-сарсон бўлмаслигини кафолатлайди.

Маълумки, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш учун шароит яратилди. Суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шакл­да мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди ва ушбу чоралар амалиётда ўзининг ижобий самарасини кўр­сат­моқда.

Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги «Суд ҳо­кимияти ор­­ганлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эса, суд ҳокимияти органлари фао­лия­тини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги муҳим вазифаларини белгилаб берди.

Қарордаги вазифалар фуқаролар ва тадбиркорлик субъект­ларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш имконини берди. Бундан ташқари судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини, энг муҳими, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминламоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармони асосида бугунги кунда суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилишга киришилган. Муҳими, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизими самарали йўл­га қўйилмоқда. 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда эса, судья­лар зиммасига одил судловни Конс­титуция ва қонунлар ҳамда адолат тамойилидан оғишмай амалга оширишдек ўта муҳим вазифа юклатилган.

Дилшод Тожибоев,

Тошкент вилояти суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: