ҚОНУНГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИШ ТУФАЙЛИ СУДЛАНУВЧИ ОҚЛАНИБ, ҚАМОҚДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари хусусида тўхталиб, «Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди» дея алоҳида таъкидлади.
Оқланган шахслар орасида Қўқон шаҳрида яшовчи Азизжон Ибрагимов ҳам бор.
Хўш, А. Ибрагимов ким, у қандай қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилган эди?
Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, 2020 йил 12 август куни Қўқон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари тезкор тадбир ўтказади. Мазкур тадбир жараёнида, Азизжон Ибрагимов 5 та конвалютадаги 70 дона — кўп миқдордаги «Лирика 300 мг» кучли таъсир қилувчи моддасини махсус харидорга қонунга хилоф равишда 2 200 000 сўмга сотган вақтда ушланади.
Шундан сўнг унга нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Кейинчалик эса, ушбу иш жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан кўриб чиқилади. Натижада суднинг 2020 йил 16 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, Азизжон Ибрагимов айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади.
Ўз навбатида, А. Ибрагимов биринчи босқич суди ҳукмидан норози бўлиб, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судига апелляция шикояти ёзади ва ўз ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги боис оқлов ҳукми чиқаришни сўрайди.
Апелляция суди мажлисида аён бўлдики, биринчи инстанция суди А. Ибрагимовни Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, хатоликка йўл қўйган. Чунки 2020 йил 21 июлда қабул қилиниб, 2020 йил 22 октябрдан кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга асосан Жиноят кодексининг 251-1-моддасида дори препаратлари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёҳуд жўнатиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун кодекснинг 186-3-моддасида сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жиноий жавобгарлик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-1-моддаси 1-қисмида сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Соғлиқни Сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ҳамда стандартлаштириш давлат Маркази»нинг расмий веб сайтида эълон қилинган дори воситаларининг давлат реестрига «Лирика 300 мг» дори воситаси киритилган. Бироқ А. Ибрагимов муқаддам сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Бундай ҳолатда шахсни Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, жавобгарликка тортиб бўлмайди. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди ўзининг 2020 йил 24 декабрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2020 йил 16 ноябрдаги ҳукмини бекор қилиб, Азизжон Ибрагимовни айбсиз деб топди ҳамда оқлади. Шу муносабат билан у дарҳол суд залидан озод қилинди. Лекин А. Ибрагимовнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли, жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун иш материаллари ва ашёвий далиллар Қўқон шаҳар прокуратурасига юборилди.
Бундан ташқари суд ажримида А. Ибрагимовга реабилитация қилиниши муносабати билан ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.
Кези келганда шуни эътироф этиш лозимки, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга хизмат қилмоқда. А. Ибрагимов сингари ҳуқуқи бузилган юртдошларимизнинг оқланаётгани бунинг яққол далилидир.
Фарҳоджон ҒАНИЕВ,
Фарғона вилояти суди судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш