БАҒРИКЕНГЛИК ВА ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ — АМАЛДА
Ўтган йили гурланлик Фарруҳ Қаландаров уч марта судланди. Дастлабки босқич суди томонидан 1 йилу 3 ой муддатга озодликни чеклаш бўйича чиқарилган ҳукм кейинчалик озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Пировардида яна суд жараёнлари…
Кейинги судловга маҳкум ўз турар жойини ўзгартириб, Урганч шаҳридаги яқин қариндошининг уйига кўчиб боргани, туман ички ишлар бўлимининг мурожаатига асосан унга нисбатан қидирув эълон қилгани сабаб бўлди.
Аниқланишича, маҳкумнинг ўз турар жойини ўзгартиргани ички ишлар органи томонидан жазони ўташдан бўйин товлаш аломати сифатида малакаланган.
Аслида воқеалар ривожи ўзгачароқ ўзанда кечган. Маҳкум ўз турар жойини рухсатсиз эмас, балки ошкора тарзда ўзгартирган. Ўзининг янги турар жой манзилини шу ҳудуддаги ички ишлар идораси масъулларига маълум қилган.
Лекин назорат маҳкамаси масаланинг бу жиҳатини етарлича ва охиригача ўрганмаган. Кейинги босқич суди ушбу ҳолатни анча синчиклаб ўрганди ва озодликни чеклаш бўйича унга нисбатан чиқарилган ҳукм пировардида озодликдан маҳрум қилиш жазосига ўзгартирилганини адолат намунаси сифатида эътироф этмади. Маҳкум суд залидан озодликка чиқарилди.
Бошқа бир ҳолатда эса, Боғот туманининг Миришкор қишлоғида яшовчи Дониёр Абдуллаевга нисбатан бирмунча енгил жазо чораси тайинланди.
Айбланувчи муайян муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Маълум бўлишича, тергов органи уни Жиноят кодексининг мавжуд конституцивий тузумга қарши қилмишни назарда тутувчи 159-моддаси 1-қисмидан ташқари жамоат хавфсизлиги ва жамият тартибига таҳдид солишга оид 244-1-моддаси 1 ҳамда 3-қисмлари «г» банди бўйича ҳам жавобгарликка тортган. Суд ушбу айбни эътироф этди.
Аммо амалдаги тартибга кўра, содир этилган қилмишда Жиноят кодексининг айни бир моддаси турли қисмларида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлса, шахс ушбу модданинг оғирроқ жазо белгиланган қисми бўйича ҳукм қилиниши зарур.
Бундан ташқари айбланувчи ўз қилмишига тўлиқ иқрор, пушаймонлик билдирган, хатти-ҳаракати оқибатини ҳам чуқур англаб етган, ёш, ҳали оила қуришга улгурмаган. У ҳаётнинг тўғри ва равон йўллари томон интилаётгани шунинг ўзидан ҳам аён. Бундай ҳолларда қонун кечиримлилик фарзи — енгил жазо тайинлашни тақозо этади.
Шу муносабат билан судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг енгил жазо тайинлашни назарда тутувчи 57-моддасини қўллаш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Айбланувчи эндиликда ўзига нисбатан 3 йилу 6 ой муддатга тайинланган озодликни чеклаш жазосини оиласи бағрида ўтаяпти.
Қўшкўпирлик Юнусбек Оллаберганов содир қилган қилмиш уни жазо билан бирга иснодга ҳам етаклади. Бироқ шу юзадан чиқарилган суд ҳукми тарозида тортилса, амалга оширилган қинғирлик юки анча оғир, бунинг учун тайинланган жазо эса, анчайин енгил экани кундай ойдинлашади.
Гиёҳвандлик ва гиёҳфурушлик — кечирилмас жиноят. Унинг домига тушганлар наинки қонун, балки элнинг ҳам қаҳру ғазабига дучор бўлади.
Юнусбек айнан шундай қора қилмишга қўл урди. Вазни 1005,10 граммдан иборат «тарьяк» ва 995,74 граммга тенг бўлган «героин» гиёҳвандлик моддасини 140 минг АҚШ долларига сотаётган пайтда қўлга тушди. Шундан сўнг унинг сўқир кўзлари очилди. Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми бўйича ўзига қўйилган айбдан тонмади, уни очиқ эътироф қилди, ўз қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини ҳам ана шу тариқа баён этди.
Оиласининг ягона боқувчиси эканлигини айтиб, суддан, элдошларидан кечирим сўради.
Судлов жараёнида айбни оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмади. Ю. Оллаберганов Жиноят кодексининг юқорида зикр этилган моддасида кўзда тутилганидан ҳам анча енгил жазога ҳукм қилинди. Маҳкум бунга эътироз билдирмади.
Бу сингари ҳукм, ажрим ва қарорлар 2020 йил давомида анча кўп чиқарилди.
Йил том маънодаги бағрикенглик айёмига айланди. Буни жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Йил сарҳисобига қараганда, ушбу даврда жами 1 минг 323 нафар шахсга нисбатан 1 минг 91 та жиноят иши кўриб чиқилган. 776 та жиноят иши бўйича 988 нафар шахсга нисбатан ҳукм ўқилган.
Ушбу жараёнда 326 нафар шахсга нисбатан кўзғатилган 306 та жиноят иши тугатилган. Шунингдек, 15 та жиноят иши бўйича 29 нафар шахс оқланган.
770 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.
Шу ўринда бағрикенглик, кечиримлилик акти ўз-ўзидан юзага келмаслигини алоҳида эслатиш зарур. Бу тамойил аваламбор, қонунларимизда ўз ифодасини топган инсоний меҳр-оқибатнинг амалдаги намунасидир.
Яна бир омил: кейинги йиллар мобайнида мамлакатимизнинг суд амалиётига кириб келган «кафиллик» тушунчаси аслида бағрикенгликка ундовчи хайрли даъват, ташаббус эканига ҳам алоҳида урғу бермоқ жоиз.
Ушбу янги тамойилни кўпчилик қонунчилигимизда пайдо бўлган кафиллик институти сифатида эътироф этмоқда.
Ибратли жиҳати, судларга кафиллик сўрови билан чиқиш ваколати Президентимиз ташаббусига биноан кенг жамоатчиликка, аниқроғи, муайян жамоат ташкилотлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига берилган. Бу тамойил инсонпарварликнинг ёрқин жиҳатларини намоён этибгина қолмай, юртимиз қонунчилиги, авваламбор, инсон ҳуқуқлари, шахс эркинлиги каби демократик тамойилларнинг устун эканидан ҳам далолат беради.
Ўтган йили судларда 24 нафар шахснинг жиноий ҳаракати кафиллик хатлари асосида муҳокама этилди. Унда жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари анча фаоллик кўрсатди. Келиб тушган кафиллик хатларининг 16 таси ана шу ташкилотлар тарафидан йўлланди ва хайрли ташаббуснинг мантиқий натижаси бўлди.
Кафилликка қаратилган 5 та сўров хотин-қизлар ташкилоти, 3 та сўров эса, Ёшлар иттифоқининг маҳаллий бўғини ҳиссасига тўғри келди. Судларда бундай сўровларнинг биронтаси ҳам беэътибор қолмади. Бари инобатга олинди ва қаноатлантирилди.
Натижада 19 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган таъсирий чоралар, 5 нафарига эса, шартли ҳукм қўлланилди. Яна 8 нафар шахс суд залидан озодликка чиқарилди.
Судлар томонидан жазо тайинланган жами 927 нафар шахснинг атиги 187 нафари ёки 20,1 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилгани йилнинг яна бир ижобий якуни бўлди.
Гап шу ҳақда борар экан, йил давомида сони зикр этилган 927 нафар шахснинг 68 нафари жарима, 20 нафари мажбурий хизмат, 248 нафари ахлоқ тузатиш ишларига тортилгани, 404 нафар шахс озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинганини ҳам бағрикенглик намунаси сифатида қайд этиш лозим.
Кўриб чиқилган жиноят ишларининг 234 таси ёки 24,4 фоизи айнан ушбу қилмиш содир бўлган жойларда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилингани, бир тарафдан, суд ҳокимияти очиқлиги, ошкоралиги, шаффофлигини намойиш этган бўлса, иккинчи тарафдан, аҳоли ўртасидаги тарбиявий тадбирлар самарадорлигини ошириш, номуносиб хатти-ҳаракатларга қарши курашда омманинг ролини кучайтиришга хизмат қилди.
Ҳукм қилинганларга оид жиноят ишларининг 90,2 фоизи ёки 992 таси юзасидан хусусий ажримлар чиқарилгани ва уларнинг бари жойларда жиддий муҳокама қилингани ҳам катта амалий-тарбиявий саъй-ҳаракатларга туртки бўлди ва кутилган ижобий самарани берди. Жиноятчилик ва ҳуқубузарликларнинг пайини қириқиш, ножоиз хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, номуносиб ҳаракатларга қарши курашда таъсирчан аҳамият касб этди, жиноий кирдикорларга нисбатан муросасизлик ҳиссини кучайтириш омилига айланди.
Бу жараёнда судланганлик кўрсаткичи ортган ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди. Пировард натижа шу бўлдики, сарҳисоб қилинган йилда қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар сони 6 тага, номусга тегиш ҳолатлари 7 тага, босқинчилк ҳаракатлари 3 тага, ўзгалар мулкини ўзлаштиришга қаратилган қилмишлар 46 тага, транспорт воситаларини олиб қочиш ҳоллари 3 тага камайди.
Ўғирлик, баданга қасддан жароҳат етказиш, безорилик, гиёҳвандлик, гиёҳфурушликка тааллуқли қилмишлар сони эса, ортган.
Хулоса қилиб айтганда, халқ, давлат ва жамият равнақида бу янглиғ дарёдиллик ва унга йўғрилган эзгу амал, эзгу сўз, эзгу ҳис-туйғулар муҳим аҳамият касб этади. Жамиятни ҳаракатга келтирувчи эзгу куч сифатида намоён бўлади. Бунинг ҳаётдаги ифодасини юқоридаги ҳолатлар мисолида янада яққол кўриш мумкин.
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш