НАФРАТ ВА ҚАСД ФОЖИАГА ДОЯЛИК ҚИЛГАНИ ҲАҚИДА
Ўтган йили 7 августдан – 8 августга ўтар кечаси самарқандлик эр турмуш ўртоғини тамагирлик ниятида шафқатсизлик билан қасддан ўлдиргани, сўнгра жиноятни яшириш мақсадида ўз уйига ўт қўйиб юборгани ҳақида совуқ хабар тарқалганди. Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Судланувчи С. Баҳромов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и», «ж» бандлари билан айбдор деб топилиб, узоқ муддат — ўн саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Мусибатли воқеа тафсилотини қаламга олиш, ўзганинг фожиали тақдирини элга дастурхон қилиш одобдан эмас. Биз бунинг учун газетхонлардан узр сўраймиз.
Лекин масаланинг бошқа оғриқли ва муҳим жиҳати бор. Яъни эшитган заҳотиёқ киши ақлини шошириб қўядиган, вужудни жунбушга келтирувчи ана шу қабиҳликнинг рўй бериш сабабларидан одамларни огоҳ этишдир.
«Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади» деган нақлни халқимиз хўп топиб айтган. Бундай оғир фожиадан, унинг келиб чиқиш сабаби-ю, оқибатидан одамларни воқиф этмаслик, юртдошларимизни ҳушёрликка чақирмаслик яна шунга ўхшаш жиноятлар рўй беришига олиб келиши мумкин.
Негаки, бир аёлнинг ҳаёти бевақт хазон бўлгани, эр узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилгани, оила аталмиш қўрғон буткул тугаб кетгани ҳар биримизни ҳаётга очиқ кўз билан қараш, ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди.
Мудҳиш қотиллик содир этилгани судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида аниқ кўрсатилган. Марҳума Ҳ. Баҳромованинг ўлими ўткир ташқи қон йўқотиши билан кечган.
Кўпни кўрган кексаларимиз ёш оилаларда ўзаро келишмовчилик келиб чиққанида «Сув бир-икки лойқаланиб, кейин тинади» дейишади. Бироқ Салим билан Ҳалима бундан ўттиз икки йил аввал — 1988 йилнинг 8 апрелида яхши умидлар билан бир ёстиққа бош қўйганди. Бировдан олдин, бировдан кейин дегандай яхши яшашаётганди.
Турмушлари давомида 1989 йилда қизи Шалола, 1992 йилда ўғли Фурқат дунёга келди. Фарзанд — эр-хотин ўртасидаги узилмас ришта. Болаларнинг шодон кулгиси сабаб ота-она кўнглида эзгу истаклар куртак ёзади, ҳаётга ва келгуси орзу-умидлар рўёбига рағбат уйғонади.
Фурқат дунёга келгач, бобоси Салимни ҳузурига чақирган. Мақсади ўзининг Самарқанд шаҳар Ўрта Хўжасоат кўчасидаги ҳовлисини унга ҳадя қилиш экан. Бобоси Салимнинг номига ҳадя шартномаси асосида уйини ўтказиб ҳам беради.
1992 йилда, яъни бобосининг вафотидан сўнг Салим оиласи билан ўша ҳовлига кўчиб ўтади. Бу орада Салимнинг ота-онаси ҳам бандаликни бажо келтиришади. Энди укаси ва сингиллари ҳолидан хабар олиш Салимнинг зиммасига тушганди.
Ҳадя қилинган уй бирмунча эскирган, янгисини барпо этишга зарурат туғилаётган эди. Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси оддий ишчиси С. Баҳромовнинг ҳадеганда ҳовлида янги уй барпо этишга қўли калталик қилади. Яна бир томони у укаси ва сингилларининг моддий аҳволидан ҳам хабардор бўлиб туриши керак эди.
Дастлабки йиллари ҳадя қилинган ҳовли-жойда эр-хотин аҳил яшашган.
Салим фабрикадаги ишини ўзгартирган, сартарошлик қила бошлаган.
Ҳалима эса, тикувчилик билан шуғулланарди.
Кейинчалик эса, Ҳалиманинг отаси билан ака-укаси ёрдамида ҳовлининг дарвозахонадан кирилганда ўнг томонига яшаш уйлари янгидан барпо этилади. Жиноят иши материалларидан маълум бўлишича, шундан сўнг Ҳалима турмуш ўртоғи С.Баҳромовни оила бошлиғи сифатида ҳурматини ўрнига қўймай, ўртада пул сабаб жанжал чиқа бошлайди.
Судда судланувчи ва гувоҳларнинг берган кўргазмасига қараганда, 2001 йилда Ҳалима Салимдан рўзғор харажатларига пул сўраган. Бу Салимга оғир ботган, ўртада жанжал чиққан. Ақлини жиловлай олмаган Салим Ҳалимани ошхона пичоғи билан жароҳатлаган.
С. Баҳромовнинг жиноий қилмиши учун тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди ҳукми билан С. Баҳромовга ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ҳалима зора энди кўзи очилган бўлса, деган фикрда, яна бир томони фарзандларини ўйлаб, турмуш ўртоғига нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида судга мурожаат этади. Шундан сўнг Самарқанд вилояти суди апелляция судлов ҳайъати ажрими билан С. Баҳромовга биринчи босқич суди томонидан тайинланган жазо беш йил муддатга келтирилади. Шунингдек, амнистия актига асосан 2001 йил 27 сентябрь куни С. Баҳромов жазони ўташдан озод қилинади.
Аммо Салим олти ой қамоқда ўтириб, тавбасига таянмаган экан. Эр-хотин бир ҳовлида яшашса-да, лекин алоҳида-алоҳида уйда туришарди.
Болаларнинг бўйи чўзилиб қолгани, харажатлар ортаётганидан Ҳ. Баҳромова хорижга — Россияга пул топиш учун ишга кетади.
Орадан бироз вақт ўтгач, Ҳалима ўғли Фурқатни ўша ёққа чақириб, уни ишга жойлаштиради ва ўзи яна Самарқандга қайтиб келади. 2016 йилда қизлари Шалолани Қашқадарё вилоятига турмушга узатишади.
Фурқат хорижда ишлаб юрар, бир-бирларини кўришга кўзлари йўқ, гина-кудратли ота-она эса, бир ҳовлида алоҳида-алоҳида яшашаётганди.
Ўртадаги уруш-жанжал тугай демасди. Ўшанда 2019 йилнинг март ойи эди.
Салим Ҳалимага уйнинг тенг ярмини бўлиб олиш таклифини айтади.
— Сенинг бу уйда умуман ҳаққинг йўқ, — деб жавоб қилади Ҳалима, — уйни менинг ака-укаларим қурган.
Шундан сўнг мудҳиш қотиллик юз берган кунга қадар Салим ҳовлидан оёғини узади. Укаси ва сингилларининг уйида яшаб юради.
— Ҳодиса содир бўлишидан беш кунча аввал Салим акам билан гаплашиб ўтиргандик, — дейди судда гувоҳ Ш. Баҳромов. — Шунда акам уйда ҳаққинг йўқ, деб янгам киришга қўймаётганидан нолиди. Жонимга тегиб кетди, уни ўлдираман, деганди ўшанда.
Бу гапни эшитган ука ўртада болалари борлигини айтиб, акасини қалтис йўлдан қайтаришга уринган. Яна у: «Акам бундай гапни шунчаки аччиғи келганидан айтди-қўйди-да», деб кўнглидан кечирган. Бошқа бу ҳақда гапирмаган.
Салим ўша жиноий ҳодиса юз берган куни тунда укаси Шерматнинг хонадонида эди. Кеч соат йигирма учларгача ўтириб, сўнгра укасининг уйидан чиққан. Ўзининг номидаги уйга келса, уй чироқлари ўчиқ экан.
Чўнтагидаги калит билан дарвозани очиб, ичкарига киради. Темирдан ишланган ўткир чопқини олиб, ҳовлида турмуш ўртоғи Ҳ. Баҳромованинг келишини кутиб ўтиради.
Тахминан соат ўн иккиларда турмуш ўртоғи ҳовлига кириб келади. У дарвозахонадан тўғри ҳаммомга чўмилишга кириб кетади. Салим эса, унинг ҳаммомдан чиқишини кутиб турганди. Аёл ичкаридан чиқа туриб, эшик олдида кутилмаганда Салимга кўзи тушгач, қўрққанидан бақириб юборади.
Нафрат ва қасд ўтида кўзлари қонга тўлган Салим ўткир чопқи билан унинг қўлига уради. Ҳалима жон талвасасида эрини итариб юбориб, дарвозахона томон югуради. Ортидан қувлаган Салим қўлидаги чопқи билан аёлнинг бош қисмига кетма-кет уради.
Бошидан қон отилаётган аёл ерга йиқилади. У эридан фарзандларини ўйлашни, ўлдирмасликни ёлвориб сўрайди. Салим эса, бақириб, қўшниларни ёрдамга чақирмаслиги учун Ҳалиманинг бўйнидан бўғади, оғзини қўли билан ёпиб туради.
Ҳалима секин-аста ҳушини йўқота бошлаганди. Салим эса, чўнтагидан уяли телефонини чиқариб, ўзи билан сартарошхонада ишловчи ҳамкасби Р. Ҳусановга қўнғироқ қилади: «Раҳматилла, сартарошхонада икки миллион сўм пулим бор, шу пулларни олиб рўзғорингга ишлат, мен Ўзбекистондан чиқиб кетяпман, эшигим тагига машина келган», дейди.
Салим ҳамкасби Р. Ҳусановга хотинини қасддан ўлдиргани ҳақида айтмайди. Судда Р. Ҳусановнинг гувоҳлик беришича, иш пайтида у Раҳматиллага оиласидаги келишмовчиликлар ҳақида умуман гапирмаган экан.
Салим қўли билан Ҳалиманинг бўйин томирини ушлаб кўриб, ўлганига ишонч ҳосил қилади. У олдиндан келтириб қўйган бензин ёқилғисини уй ичлари ва ташқи томонларига сепиб чиқади.
Қўлидаги чопқини ҳовли тўридаги ўтинлар орасига отиб юборгач, гугурт чақиб, ўт қўяди.
Уй бирпасда аланга ичида қолади. Салим ўт ёқишдан аввал уйидан гиламча олиб чиққанди. Уни ҳали қуриб битказилмаган ҳожатхонанинг ичкарисида ости ва устки қисми очиқ ерга ётқизилган темир бочка ичига тўшайди ва ўша ерга биқиниб олади.
— Ота-онамнинг бошқалар каби уйда эмин-эркин ўйнаб-кулиб ўтиришганини умуман эслаёлмайман, — деди судда жабрланувчи Шалола Баҳромова. — Отам кўпинча спиртли ичимлик ичиб келар, уйимизда деярли ҳар куни уруш-жанжал бўларди. Бизнинг тарбиямиз билан қизиқмасди, харажатларимиз учун пул бермасди. Онам шунинг учун хорижга ишга борган, укамни ҳам ўша ёққа ишга жойлаштириб келган эди.
Жабрланувчи Шалола Баҳромова судда отаси С. Баҳромовга даъвоси борлигини айтиб, унга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўради.
Сўз билан ифодалашга тил ожиз. Наҳотки, фарзанд отасига нисбатан шундай оғир жазо беришни талаб қилса?
Суд ҳайъати дастлабки тергов органи томонидан судланувчи С. Баҳромовга қўйилган айбловларни муҳокама қилиб, уни ўта шафқатсизлик билан тамагирлик ниятида Ҳ. Баҳромовани қасддан ўлдирганликда ифодаланган ҳаракатлари Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж», «и» бандлари билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади.
Негаки, иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчи С. Баҳромов марҳума турмуш ўртоғи Ҳ. Баҳромова билан Самарқанд шаҳри, Ўрта Хўжасоат кўчасидаги биргаликдаги мулки бўлган уй юзасидан ўзаро келишмовчиликлар натижасида ушбу хонадон ўзига қолиши мақсадида турмуш ўртоғини тамагирлик ниятида қасддан ўлдирганлиги тўлиқ ўз исботини топди.
Шоҳиди бўлганингиздек, нафрат ва қасд ўта оғир фожиага олиб келди.
Ўзаро келишмовчилик, оилавий низо С. Баҳромовда турмуш ўртоғига нисбатан адоватни авж олдирди.
Охир-оқибат бир аёл ҳаёти хазонга айланди, оқибатсиз эр, меҳрсиз ота узоқ муддатга темир панжара ортига равона бўлди. Оила аталмиш бир қўрғон шу тариқа қулади.
Бу фожианинг туб моҳиятини идрок қилиш асносида киши кўнглидан туйқус шундай фикрлар кечади: Биз одамлар нега атрофимиздагиларга нисбатан бунчалик эътиборсизмиз? Салим билан Ҳалиманинг яшаш тутумини уларнинг яқинлари, қўни-қўшни, маҳалла оқсоқоллари билмаслиги мумкинмиди?
Истаймизми-истамаймизми, ҳар бир маҳаллада оилавий муҳити ёмон, ўзаро низолар сабаб жар ёқасига келиб қолган оилалар учрайди. Нотинч оиладаги ўзаро келишмовчиликларга маҳалла-кўй, яқинлар аралашиб, вақтида низога барҳам берилмас экан, ниҳояси юқоридаги сингари фожиага айланмаслигига ҳеч ким кафил бўлолмайди. Шундай эмасми?!
Фаррух САМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар судининг судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш