«ҲАММАСЛАК»ЛАРНИНГ УШАЛМАГАН «ОРЗУ»СИ
Бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари ёки психотрон моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон ҳамжамиятини ҳам жиддий ташвишга солаётган глобал муаммолар сирасига киради. Бу иллат инсон саломатлигига путур етказибгина қолмай, оилалар ҳаётини издан чиқаради, жамият барқарорлигига хам жиддий хавф туғдириш баробарида, турли жиноятларнинг ҳам келиб чиқишига йўл очади.
Мамлакатимизда гиёҳвандлик балосига қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Хусусан, Жиноят кодексида гиёҳвандлик воситалари ва психотрон воситалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш оғир ва ўта оғир жиноятлар туркумига киритилган бўлиб, уларни содир этганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланган.
Шунингдек, бу турдаги жиноятларни содир этган, гиёҳвандликка муккасидан кетган кимсаларга нисбатан мажбурий тартибда даволаш чоралари ҳам қўлланилади.
Шунга қарамай, орамизда бойлик орттириш илинжида оғуфурушликдек нопок йўлни танлаган кимсалар ҳам учраб туради.
Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар ёрдамида давом эттирамиз. Шаҳрисабзлик Маҳмуд Алиқулов жиноий шериги Баҳодир Мирзаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) нинг «кўрсатма»си билан уйида наша ўсимлигини етиштиради. Ҳамтовоқларнинг бундан кўзлаган ғараз мақсади оғуфурушликдек чиркин «касб» ортидан мўмай даромад орттириш эди.
Айтиш керакки, «ҳаммаслак»ларнинг бири Баҳодир Мирзаев муқаддам жиноий қилмишлари учун икки марта жиноий жавобгарликка тортилган.
Бироқ «ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганларидек, ёши бир жойга бориб қолган, қолаверса, катта оиланинг бошлиғи бўлган бу кимсалар қилмишларининг «миси» чиқишини ўйлаб ҳам ўтирмай, тубанлик йўлини танлашди.
Маҳмуд заҳри қотил «пишиб», маромига етгач, жиноий шериги Баҳодир Мирзаевни уйига чақириб, унга бу ҳақда секин оғиз очди:
— «Дори» сиз айтгандек, обдон етилди. Агар яқин танишларингиз бўлса, нашани пуллаш йўлини қидираверишимиз керак. Яхшигина нарх қўйиб, майдалаб ўтказсак, иккаламиз ҳам бир нарсалик бўлиб қоламиз.
Маҳмуддан бу «хушхабар»ни эшитган Баҳодир «харидор» топишга ваъда берди.
Орадан кўп ўтмай, «харидор» ҳам топила қолди. Ўзини «Шавкат» дея деб таништирган бу нотаниш киши Баҳодирга «дори» дарагини бировлар орқали эшитгани, у бир танишига жуда зарурлигини айтди. Агар иложи бўлса, ҳозироқ топиб беришини сўради.
Қисқаси, шу куни Баҳодир ўзаро «келишув»га кўра, бир гугурт қутисида жойлаштирилган нашани 150 минг сўм эвазига топиб берадиган бўлди.
Маҳмуднинг хонадонидан «оғу»ни олган Баҳодир кўп ўтмай белгиланган манзилда «Шавкат» билан учрашди. У гиёҳванд воситасини 150 минг сўмга пуллаётганда, жиноят устида қўлга олинди. Жиноий шериклар ўзларининг бу пинҳона кирдикорларидан ҳуқуқ-тартибот идоралари аллақачон хабардорлиги, «Шавкат» исмли харидор аслида ички ишлар бўлими ходими эканини етти ухлаб тушларига ҳам кирмаган эди…
Хайриятки, оғуни пинҳона пуллаб, мўмайгина маблағга эга бўлиш илинжида юрган жиноий шерикларнинг қилмиши узоққа чўзилмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари туфайли уларнинг жиноий килмишига чек қўйилди.
Суд оғуфуруш кимсаларнинг барча кирдикорларини атрофлича муҳокама қилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан уларнинг ҳар бирига нисбатан тегишли жазони тайинлади.
Мухтасар айтганда, гиёҳвандлик иллати нафақат бир кимсанинг тақдирида салбий из қолдириши, балки ўзгалар соғлиғига, ҳаётига ҳам жиддий таҳдид солиши билан хатарлидир. Шу боис ҳам, бу иллатга қарши курашиш орқали бебаҳо бойлигимиз — соғлиғимизни асрашимиз баробарида, содир этилажак қатор жиноятлар ва кўнгилсиз ҳодисаларнинг ҳам олдини олган бўламиз.
Гайбулла Остонов,
жиноят ишлари бўйича
Китоб тумани судининг раиси,
Абдунаби Бобоёров,
журналист
Фикр қолдириш