НОҲАҚ ЖАЗО ОХИР-ОҚИБАТ БЕКОР ҚИЛИНДИ, ШАХС ОҚЛАНДИ

Ургут туман прокуратурасида терговчи лавозимида фаолият юритган Отабек Мажидов кутилмаганда адолатсизликка учраб, ноҳақликнинг аччиқ таъмини татиб кўрди. Муҳими, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясининг яқинда бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида унга қўйилган айбловлар тасдиқланмади ва О. Мажидов оқланди.

Суднинг ҳукмида қайд этилишича, О. Мажидов туман прокуратураси терговчиси лавозимида ишлаш даврида, 2011 йил декабрь ойининг бошларида иш юритувида бўлган таълим ва фан ходимлари Ургут тумани бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракат­ла­рини амалга оширган.

Тергов давомида у касаба уюшмалари қўмитаси билан молиявий алоқада бўлган «Обод маскан қурувчи» масъулияти чекланган жамиятининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўз­ғатмаслик эвазига уш­­бу корхоналарни бошқарган Са­мар­қанд шаҳридаги «Ёш ту­рист­чилар» меҳмонхонаси ижрочи директори Ф. Сайфуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) дан тамагирлик йўли билан 300 АҚШ долларини пора тариқасида олганликда айбланган.

Бундан ташқари О. Мажидов такроран ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2011 йил декабрь ойининг бошларида иш юритувидаги Таълим, фан ва маданият ходимлари туман бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бў­йича тергов ҳаракатларини амалга ошириш давомида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд ви­лоят­и кенгашининг мансабдор шахс­­ларига нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик эвазига вилоят кенгаши раиси Ж. Исоқжоновдан 300 АҚШ долларини воситачи Ф. Сайфуллаев орқали тамагирлик йўли билан пора тариқасида олганликда айбланган.

Шу ўринда судланувчига тайинланган жазо миқдоридан ўқувчини хабардор этадиган бўлсак, О. Мажидов Жи­ноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми (эски таҳрирдаги) «б» банди би­лан Жи­ноят­ ко­­­дексининг 45, 57-моддалари қўлланиб, уч йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳу­­­­­қуқидан маҳрум этилган. Суд унга нисбатан саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарган.

Жиноят ишлари бўйича Самар­қанд ви­­­лояти суди кассация инс­тан­ция­си­нинг 2015 йил 10 де­кабрдаги ажрими билан суд ҳукмининг О. Мажидовга оид қисми ўзгартирилган. Судланувчининг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «а», «в» банд­ларига қайта малакаланиб, Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланилиб, уч йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш муайян­ ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. 2012 йил 5 декабрь, 2013 йил 12 декабрь ва 2014 йил 14 ноябрдаги амнистия актларига мувофиқ, асосий жазонинг ўталмаган қисми учдан бир қисмига қисқартирилган.

Собиқ терговчи ўзининг асоссиз судлангани ҳақи­да важларни келтириб, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилди. Олий суднинг Жи­­ноят ишлари бў­йича судлов ҳайъати унинг шикоя­тидаги важларни ўрганиб чиқиб, вилоят суди кассация инстанциясининг 2015 йил 10 декабрдаги ажримини бе­кор қилди ва жиноят ишини янгидан кассация инстанциясида кў­риш учун юборди.

Вилоят суди кассация судлов ҳайъа­ти шикоятдаги важ­ларни жи­ноят­ иши ҳужжатлари билан таҳлил қи­либ, суд ҳукмининг О. Мажидовга оид қисмини бекор қилиш ва уни айб­сиз деб топиб, оқ­лашни лозим топди.

Хўш, собиқ терговчининг оқ­ла­ни­шига сабаб бўлган ҳу­қуқий асослар нималардан иборат? Энди эътиборни шунга қаратамиз.

Бу ўринда биринчи галда Жиноят кодексининг 9-моддасига тўхталиш ўринлидир. Чунки кодекснинг ушбу моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавф­ли қил­миши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган.

Шунингдек, амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 22-моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жи­ноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чи­­қилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши шарт­лиги белгилаб қўйилган.

Шу каби процессуал қонун мезонлари ушбу кодекснинг 112-моддасида ҳам аниқ-ти­ниқ белгилаб қўйилган. Мазкур моддага мувофиқ, гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўр­сат­ма­лари ва айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, бу иқ­рор бўлиш мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина, уни айблаш учун асос қилиб олиниши, гумон қи­линувчи ва айб­ла­нув­чининг берган кўр­сатмаси би­­лан аниқланган ҳо­­­латлар, айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган тақдирда ҳам, ўзининг айбдор эканлигини инкор қил­ган тақдирда ҳам ишнинг ҳамма ҳолатлари билан боғланган ҳолда бош­қа далиллар каби текшириб чиқилиши ва баҳоланиши лозим.

Бу ҳақида фикр юритганда, Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сен­тябр­даги «Далиллар мақбуллигига оид жи­ноят­-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қа­­рори 1-бандида ҳам те­гиш­ли раҳбарий тушунтиришлар берилганини таъкидлаш лозим.

Энди судланган О. Мажидов масаласига қайтадиган бўлсак, биринчи босқич су­ди юқорида келтирилган моддий ва процессуал қонунлар талаби ҳамда Олий суд Пленуми қа­рорлари раҳбарий тушунтиришларига риоя этмаган. О. Мажидовни айб­лаш учун фақатгина гувоҳлар Ф. Сайфуллаев ва Ж. Исоқжоновнинг кўрсатмаларини асос қилиб олган. Аммо гувоҳларнинг кўрсатмалари иш бўйича тўпланган ва судда аниқланган қайси мақбул далиллар билан тасдиқланиши асослаб берилмаган.

Суд ҳукмида О. Мажидов Ф. Сайфуллаев ва Ж. Исоқжоновга нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик эвазига Ф. Сайфуллаев орқали 2011 йил декабрь ойининг бошларида 600 АҚШ долларини пора тариқаси олганликда айбдор деб топилган.

Бироқ бу шахслардан пора талаб қилинганлиги ҳақида аудио ёки видео ёзувлар, шу­нингдек, бошқа мосламалар ор­қали олинган далиллар би­лан О. Мажидовнинг айби исботланмаган.

Жиноят иши ҳужжатларида О. Мажидовнинг айбига иқ­­­рорлик ҳамда бошқа шахсларнинг унга пора берганлик ҳақидаги кўрсатмаларидан ташқари Бош прокуратура, Олий суд, МХХ ва ИИВ томонидан 2014 йил 23 июнь куни тасдиқланган «Пора­хўрлик жи­ноят­лари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига риоя қилинишини таъминлаш бў­йича» қўшма кўр­сат­мада белгиланган шахсга нисбатан айб эълон қи­лишга асос бўлган объектив далиллар маж­муи­ни ташкил этувчи бирон-бир аниқ мезон мавжуд эмас.

Кассация судлов ҳайъати жиноят ишидаги фақатгина иқ­рорлик кўрсатмалари ҳам­да шуб­ҳа ва гумонлардан иборат ҳолатлар О. Мажидовни жиноятни содир этганликда айблаш учун асос бўлолмайди, деган аниқ тўхтамга келди. Бундай ҳолатда суд ҳукмининг О. Мажидовга оид қисмини қонуний, асосли ва адолатли деб бўлмайди.

Судлов ҳайъати ажрими би­лан О. Мажидов Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми (эски таҳрирдаги) «б» бандида назарда тутилган жи­ноятни содир этмаган деб топилиб, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқланди.

Оқлов сўзи замирида қу­вонч акс этади, у инсонпарварлик, халқпарварликдан да­лолат беради, мамлакатимизда одил судлов устуворлиги таъминланаётганини намоён этади. Ҳақсиз жазога тортилган Отабек Мажидов ва унинг яқинлари ҳам ана шу оқлов деган туйғунинг нақадар улуғлигини чуқур ҳис этишди.

Баҳодир АЛИҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: