ЖИЛОВЛАНМАГАН ЖАҲЛ ИККИ КИШИНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

Боғотлик Исломбек Абдуллаевнинг машъум жиноий қилмиши адолат тарозусида тортилган чоғ айбни енгиллаштирувчи ҳолатлар кўзга ташланмади. Оғирлаштирувчи жиҳатлар эса, анча-мунча тош босди.

…Ҳаммаси Ислом ўзи яшайдиган маҳалладаги озиқ-овқат дўкони эгаси Фахриддин Қуриёзовга 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулни галдаги харидлар учун олдиндан тўлов тариқасида бергандан сўнг бошланди.

…2020 йил 2 апрелда кун пешинга оққан маҳал Ислом ушбу пул эвазига мол харид учун яна дўконга келди. Дўкон эгаси тў­ланган пул шу пайтгача қилинган харидлар учун харжлаб бў­лингани, атиги 17 минг 500 сўмлик ҳа­қи қолганини билдирди. Аммо қарши тарафнинг ҳам ўз ҳи­соб-китоби бор эди.

Айтишича, хариднинг қиймати дў­конга топ­ши­рилган пулга қараганда анча оз.

Дўкон соҳиби ҳам бўш келмади.

Исломнинг далил-исботини тан олмади. ¤з нав­батида, ха­ри­дорнинг таъбига ўтирмайдиган далил­лар­ни илгари сур­ди. Дў­кон­да­ги тортишув узоқ чўзилмади. Бир чоғ Ислом келган йў­лига шитоб билан кетди. У дўкондан 30 қа­дамча наридаги гўшт дў­конига кириб, қассобдан бир-икки дақиқага пичоғини бериб туришини сўради. Қассоб танишлиги боис унинг гапини ер­да қолдирмади. Ислом пичоқни чўн­тагига жойлаганча озиқ-овқат­ дўконига йўналди. Ки­ра со­либ, дў­кон эгасига ташланди.

Пи­чоқ ҳаш-паш дегунча Фахриддиннинг чап кўкрак соҳаси — қоқ юра­гига икки марта санчилди. Бу во­қеа дў­кон эгасининг турмуш ўр­тоғи Гулруҳ Қурбонованинг кўз ўн­гида рўй берди. Даҳшатдан аёлнинг ўтакаси ёрилаёзди. Би­роқ у тезда ўзини қўлга олиб, олишаётганларни бир-биридан ажратишга уринди. Бўл­мади. Бу пайтга келиб, пи­чоқ билан қилинган ҳам­ла боис кўкрагидан оғир жароҳат олган Фахриддин жон ҳо­латда Исломбекнинг қў­лига ёпишди. Охирги кучини тўп­лаб, ра­қи­би қўлидаги пи­чоқ­ни тортиб олишга муваффақ бўл­ди.

Дў­кондаги олишувдан атрофдагилар хабар топган бўл­са-да, ўртага тушишга ҳеч ким­нинг юраги дов бермади. «Томоша»га гу­воҳ бўлганлар «Тез ёр­дам» ҳамда ич­ки ишлар бўлимига хабар бе­ришди. Қиларини қилган Ислом эса, яна изига қайт­ди. Йўл-йў­лакай ёлғиз яшаётган қа­рин­доши Ойбек Қуриёзовнинг уйи­га кирди. Унга бир неча да­қиқа муқаддам ўзи содир этган даҳшатли во­қеа ҳақида узуқ-юлуқ гапириб берди. Аслида у қа­риндоши ҳузурига хайрихоҳлик истаб борганди. Аммо унинг ўйи чиппакка чиқди.

Ойбек қа­риндо­ши­нинг қил­­­­­мишини эшитиб, ға­заби қў­­зи­ди. Уни қаттиқ жеркиди, содир қи­линган хунрезликни ваҳшийлик, ноинсонийликка йўйди.

Ислом шу топда ўзганинг ўгит-насиҳатига муҳтож эмас, аксинча, ўз хатти-ҳаракатининг оқла­ни­шини хоҳ­ларди. Қариндошининг тан­бе­ҳи унга оғир ботди, ўзини бу ерда ҳам ҳақоратланган, камситилгандек ҳис эт­ди. Саноқли дақиқалар муқаддам дўконда жаҳл отига минган бўл­са, қариндошининг даккисидан сўнг тамомила эсидан оғди, ҳа­қиқий телбага айланди. Шунинг учун Ойбекнинг юзига қулочкашлаб мушт туширди. Лекин у буни кам билиб, атрофга аланглади, ён­гина­си­даги темир болғага кў­зи тушгач, уни тез­­да қўлига олиб, қариндошига ҳез­ланди. Болғанинг зарби ожиз аҳволдаги Ойбекнинг бошига бир эмас, бир неча марта ёғилди. Хонадон эгаси из­ма-из берилган зарбалар забтидан ерга гурсиллаб қу­лади. Бир неча дақиқа ўтгач эса, шу ернинг ўзида жон таслим қилди.

Бу орада Исломнинг пичоқ зарбидан қаттиқ ши­каст­ланган яна бир жабрдийда — дўкондор Ф. Қуриёзов ка­салхонада вафот этди. Бир йў­ла икки қотиллик, ҳаёти бе­­­­маврид сўн­ган икки нафар беайб, бегуноҳ инсоннинг аянчли қисмати…

Бундай мудҳиш қилмишни оқ­лаш ёки хас­пўш­лашнинг имкони йўқ. Инсон ҳаёти ва соғ­ли­ги­га қи­линган тажовузни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Ислом судда ўзи содир эт­ган қотилликларни оқ­лаш, изоҳлашга арзирли бирон-бир жўяли да­лил келтиролмади. Турган гапки, айбини ҳам хас­пўшлай олмади, иқрорлик билдирди, пушаймонлигини баён этди.

Суд муҳокамасида иштирок этган жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари Г. Қурбонова, У. Қуриёзов, гувоҳ О. Қурбонов, Б. Машарипов, Н. Султонова, Ш. Озодов ҳам рўй берган машъум­ жиноий қилмишнинг барча тафсилотларини очиқ-ойдин баён этишди. Айб­ланувчининг хатти-ҳа­ракатини оқ­лай­диган далиллар бу жараёнда ҳам топилмади. Уни қо­ралай­ди­ган да­лил ва ҳолатлар эса, уқтирилганидек, ниҳоятда кўп ва уларнинг бари ушбу жиноий ҳодисага оид айблов хулосасида ҳам ўз ифодасини топди.

Тергов органи туманнинг Миришкор қишлоғи «Маъ­на­вият»­ маҳалласида рўй берган мудҳиш қотилликни Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдиришга тааллуқли 97-моддаси 2-қис­ми «в», «г», «ж», «л», «о», «р» бандлари бў­­­­­­­­­йича малакалади. Суд ушбу айбларнинг барини тарозуга солди. Тақдим этилган факт ва да­лилларни ўрганиш чоғи ушбу ко­декс­нинг 97-моддаси 2-қисми «ж», «р» бандлари айб­­­­­­ланувчига нисбатан тўғ­ри тадбиқ қилинганини эъ­тироф этди. Би­роқ ушбу қисмнинг «в», «г», «л», «о» бандла­ри юза­­си­дан қўйилган айблар ҳа­қиқий ҳолатни тўла-тўкис акс эттирмайди. Чунончи, айб­дорга аён бўлган ожиз аҳволдаги одамни ўл­ди­риш, ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни яшашдан маҳрум этиш, безорилик йўли билан жонига суиқасд қилиш, бошқа бир жи­ноят­ни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш ния­ти­да ҳаё­тига тажовуз қилиш ҳолатлари И. Абдуллаев томонидан амалга оширилган қо­тиллик ҳаракатида мавжуд эмас. Суд зикр этилган ана шу банд­лар бўйича қўйилган айб­ларни тан олмади.

Инсон умри Яратганнинг из­мида. У ўз бандаларига би­­­­рор кимсани ҳаётдан жудо этишга изн бермайди. Башарти, бу иш Яратганнинг хо­­­­­ҳи­шига зид равишда ўзга биров тарафидан со­дир қи­линар экан, у асло кечирилмасдир.

Суд ашаддий жиноятчи Ис­лом Абдуллаевни қилмишига яраша узоқ муддат — 20 йилга озодликдан маҳрум этиш юзасидан ўз ҳук­­мини чиқарди. Лекин қўли бир йўла икки бегуноҳ кишининг қонига беланган кимса учун бу жа­зо етарлимикин?! Мудҳиш жи­ноятга қўл урган кимса борки, ба­рини ушбу қисмат: бир умр­лик виждон азоби, илоҳий жазо кутади. Одамийликдан мосуво бундай кимсаларни Ярат­ган­нинг­гина эмас, эл-улуснинг ҳам тавқи-лаънати таъқиб қилади.

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: