ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ – ДЕМОКРАТИК ЯНГИЛАНИШЛАР ДАСТУРИ
Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатнома тақдим этиш амалиёти эзгу анъанага айланди. Давлатимиз раҳбарининг бу галги Мурожаатномаси мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ва долзарб масалаларини қамраб олганлиги туфайли нафақат халқимиз, ҳатто халқаро жамоатчиликнинг ҳам юксак эътибори ва эътирофига сазовор бўлди.
Президентимиз ўз Мурожаатномасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, унинг энг олий қадрият эканлигини амалда қарор топтириш борасида амалга оширилган тизимли ишлар, эришилган ютуқлар, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотларнинг юксак эътирофлари ҳақида алоҳида тўхталди. Ушбу жараёнда, шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги туб ўзгаришлар ҳал қилувчи аҳамият касб этганлигини алоҳида қайд этди.
Маълумки, сўнги тўрт йил давомида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди.
Энг эътиборлиси, бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Биргина 2020 йилнинг ўзида ушбу соҳани янада ривожлантириш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, юксак маънавиятли, чуқур билим ва ҳаётий тажрибага эга судьялар корпусини шакллантириш, судья ва суд ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш ҳамда суд муҳокамаларининг шаффоф ва ошкора бўлишига эришишга қаратилган 4 та қонун ҳужжати қабул қилинганининг ўзиёқ соҳа мутахассисларида аввало ғурур-ифтихор ҳиссини уйғотди.
Шу билан бирга, мазкур қонун ҳужжатлари зиммамизга катта масъулият, улкан жавобгарлик ҳам юклайди.
Бинобарин, соҳадаги кўп йиллик меҳнат фаолиятим ва тажрибамдан келиб чиқиб, таққослаб, шуни ишонч билан айтишим жоизки, бугунги суднинг қиёфаси кечаги суд ҳокимиятига мутлақо ўхшамайди. Яъни бугунгидек суд мустақиллигини, суд ҳокимиятини ислоҳ этишга йўналтирилган демократик ўзгаришларни тасаввур қилиш илгари жуда қийин эди.
Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрда қабул қилинган «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини олиб кўрайлик. Унда судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Фармон судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш, суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ҳар қандай омилларга қарши курашда, энг муҳими, юқори профессионал судьялар корпусини шакллантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бу ҳужжатда судьяларнинг дахлсиз ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш бўйича қайд этилган энг муҳим масалалардан бири шундаки, жорий йилдан бошлаб судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатларининг розилиги билангина йўл қўйиладиган бўлди.
Судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Судьялар олий кенгаши раиси киритадиган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ойда кўриб чиқилиб, натижаси юзасидан тегишли қарор қабул қилиниши лозимлиги белгиланди.
Буларнинг барчаси алоҳида ҳуқуқий аҳамият касб этади. Чунки илгари бундай тартиб мавжуд бўлмагани учун судьяларнинг тегишли идоралар эшигида соатлаб кутиб ўтириши ҳолатларини ҳам кузатганмиз.
Албатта, Мурожаатномада юртимизда қисқа давр ичида эришилган ютуқ ва марралар, олдимизда турган янада масъулиятли вазифалар қатори мамлакатимизнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган энг долзарб масала — коррупцияни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарурлиги алоҳида таъкидлангани диққатга лойиқдир.
Ҳақиқатан ҳам, бу иллатнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз бўлиш кайфияти кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Коррупцияга қарши курашишда барча давлат органлари, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, ҳар бир фуқаро бирдек масъуллик билан сафарбарлик эълон қилиши янги давр талабидир.
Нега деганда, коррупцияга қарши курашиш борасида қанча қонунлар қабул қилинмасин, унга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз, кенг жамоатчилик бу жирканч иллатга кескин муросасиз муносабатда бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас эканмиз, бу балога қарши натижакор курашни ташкил эта олмаймиз.
Шу боис коррупция иллати билан нафақат мутасадди идоралар, балки ҳар бир жамоа, ҳар бир фуқаро онгли ва жиддий фикрда курашиши талаб этилади. Бунда коррупциясиз турмуш тарзини яратиш ва шакллантириш асосий мақсад бўлмоғи даркор.
Биз, судьялар ҳам меҳнат фаолиятимизга «ҳалоллик вакцинаси»ни сингдиришимиз, адолат ва қонун устуворлиги йўлида судьялик қасамёдига ҳар қадамда содиқ қолишимиз, суднинг ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга, халқимизнинг рози бўлишида ва муносиб ишончини қозонишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Шу аснода, зиммамиздаги одил судловни амалга оширишдек шарафли касбимизни улуғлашимиз зарур.
Зотан, Президентимиз айтганидек, «Адолат бу — давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса, суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди».
Абдуқаюм МАҲКАМОВ,
Қашқадарё вилояти суди раиси
Фикр қолдириш