ИШСИЗЛИК НАФАҚАСИ ҲАР БИР ХОДИМНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ КАФОЛАТИДИР

Аввало шуни айтиш керакки, иш билан таъминланиш фуқароларнинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган, шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган фаолияти ҳисобланади.

Мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати қуйидаги тамойилларга асосланади:

меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишда барча фуқароларга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи ва мансаб мавқеидан, динга муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублигидан, шунингдек, ходимларнинг ишчанлик жиҳатларига ҳамда улар меҳнатининг натижаларига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлардан қатъи назар, тенг имкониятларни таъминлаш;

кишиларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, меҳнат қилиш ва ҳаёт кечиришда муносиб шароитларни таъминлайдиган унумли ва ижодий меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

меҳнат қилишнинг ихтиёрийлиги;

иш билан таъминланиш соҳасида ижтимоий кафолатлар бериш ва аҳолини ишсизликдан ҳимоя қилишни таъминлаш;

ижтимоий ҳимояга ўта муҳтож ва иш топишда қийналаётган фуқаролар учун мавжуд иш жойларини сақлаб қолаётган ҳамда янги иш жойларини яратаётган иш берувчиларни рағбатлантириш;

иш билан таъминлаш соҳасидаги тадбирларни иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг бошқа йўналишлари билан мувофиқлаштириш;

аҳолини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишда давлат ор­ганлари, касаба уюшмалари, ходимларнинг вакиллик органлари ва иш берувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги;

аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилишда давлатлар­аро ҳамкорлик.

Таъкидлаш жоизки, аҳолининг ишсизлиги, буни келтириб чиқараётган омиллар жамиятда, шу жумладан, ҳар қандай ташкилот ва корхона жамоасида турли хил зиддиятлар, ижтимоий муаммоларни вужудга келтириши мумкин. Шу боис ишсизлик тушунчаси нимадан иборатлиги, ишсиз деб кимлар ҳисобланиши, ишсизларга берилган имтиёз ва кафолатлар қандай тайинланиб, кимларга берилиши, бу борада иш берувчи томонидан қонун бузилишига йўл қўйилганда фуқаро қандай қилиб ҳуқуқларини тиклаши мумкинлиги муҳим аҳамият касб этади.

Ишсизлар деганда ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳу­қу­қини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно) тушунилади.

Ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган шахслар ишсиз деб эътироф этилади.

Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органи томонидан, улар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади.

Аксарият меҳнат органларида рўй­хатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган шахс­лар, рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра, меҳнат органига келмаган шахслар ишсиз деб эътироф этилмайди. Бундай тартиб-таомил нафақат давлат ёки давлат органининг ишсизликни таъминлашга қа­ра­тил­ган чоралари, балки ишсиз юрган шахс ёхуд ишдан бўшатилган ходимнинг ўзини ҳимоя қилиш, ҳуқуқларини тиклаш ва ижтимоий кафолатлардан самарали ва тез фойдаланишга ундайдиган механизм ҳисобланади. Чунки иш­сизликни ва ишсиз юрган шахсни давлат ҳимоясига олиш аниқ чораларни белгиловчи омил ҳисобланишини ҳи­собга олиш зарур.

Ишсиз шахсларга моддий мадад бе­ришга оид кафолатлар қуйидагилардан иборат:

ишсизлик нафақаси тўлаш;

меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни умумий меҳнат стажига қўшиш;

ишсиз шахсга қарамоғидагиларини ҳисобга олган ҳолда моддий ёрдам бериш;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имконияти;

меҳнат органларининг таклифига биноан ишлаш учун ихтиёрий равишда бошқа ерга кўчиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш.

Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга. Ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсларга тайинланади.

Қарамоғида уч нафаргача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркакларга ишсизлик нафақаси улар ҳақ тўланадиган жамоат ишларида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда иштирок этган тақдирда тайинланади.

Ишсизлик нафақаси уларга маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ҳисобланади ва тўланади. Ишсизлик нафақаси кўпи билан ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта, илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса, ўн икки ойлик давр мобайнида ўн уч календарь ҳафта тўланади.

Амалиётда иш берувчининг айби ёки тегишли меҳнат органининг айби билан ишсизлик нафақаси тўланмай қолган шахслар ҳам учрайди. Бундай вазиятда ишсиз қолган шахснинг ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилиниши кафолатланган.

Ушбу тоифадаги ишлар судларда меҳнат қонунчилиги, Олий суд Пленумининг рахбарий кўрсатмалари асосида кўриб чиқилиб, ҳал этилади.

Жумладан, Меҳнат кодекси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунлар, «Ишдан маҳрум бўлган чоғдаги ижтимоий кафолатлар», «Меҳнат органларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомлар асосида кўриб чиқилиб, ҳал этилади.

Қуйидаги мисол ишсизлик нафақасини олиш жараёни ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилади: Фуқаро Н. А. акциядорлик жамияти тугатилгани сабабли ишдан бўшатилган. У билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан бекор қилинган. Шундан сўнг Н. А. ўзига бошқа иш излаш мақсадида Яшнабод тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилган ва у 2019 йил 1 ноябрда иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган. Лекин уч ой ичида Н. А. меҳнат органида ишсиз деб эътироф этиш чоралари кўрилмагани сабабли даъвогарга нафақа пули тўланмай қолган.

Н. А. бу борада туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилган. Мурожаати қаноатлантирилмаганлиги боис судга ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб, даъво аризаси киритган.

Суд ишни кўриш жарёнида фуқаролик иши доирасида жалб қилиниш лозим бўлган барча шахсларни, шу жумладан, туман бандлик маркази важларини ҳам эшитиб, ишга дахлдор барча далилларни тўплаган.

Аниқланишича, Н. А. меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб, 10 кун ичида Яшнабод тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш билан таъминлаш масаласида мурожаат этган ва иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган.

Уч ой ичида жавобгар ташкилот Н. А. ни бошқа иш билан таъминлаш мақсадида тумандаги бир неча ташкилотларга иш вакансиялар борасида сўровлар юборган. Ушбу ташкилотлардан рад жавоби келгани сабабли даъвогарни бошқа иш билан таъминлаш имкони бўлмаган. Лекин орадан ўтган уч ой ичида Н. А. ни Яшнабод тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишсиз деб эътироф этиш чоралари кўрилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси текширув ўтказиб, марказнинг масъул ходимларига қонунбузилиш ҳолати юзасидан тегишли чора кўришни сўраб, тақдимнома киритган. Натижада марказ ходимлари интизомий жазога тортилган. Яшнабод тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг 2020 йил 1 февралдаги қарори билан Н. А. ишсиз деб эътироф этилган.

«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун ишсизлик нафақаси олдинги иш жойидаги охирги бир йилги ўртача иш ҳақига фоиз нисбатида белгиланиши қайд этилган. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига фоиз нисбатида белгиланади.

Иш ҳақига коэффициентлар белгиланган жойларда яшовчи шахсларга тайинланадиган ишсизлик нафақаси миқдорлари уларнинг шу жойларда яшаган даври учун мазкур жойда ноишлаб чиқариш тармоқларининг ходимларига белгиланган коэффициентни қўллаган ҳолда аниқланади.

Ишсизлик нафақаси миқдорини ҳисоблаб чиқишда туман коэффициентларини қўллаш тартибини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги белгилайди.

Суд Н. А. нинг охирги иш жойидан иш ҳақига оид маълумотни талаб қилиб олиб, ишсизлик нафақаси миқдорини белгиланган ҳамда ушбу суммани жавобгардан даъвогар фойдасига ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, аҳолини иш билан таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда давлат органлари, касаба уюшмалари, ходимларнинг вакиллик органлари ва иш берувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш келгусида давлат ижтимоий сиёсатининг самарадорлигини ошириш баробарида аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларининг ҳал этилишига кўмаклашади.

Азамат Менглиев,

фуқаролик ишлари бўйича

Миробод туманлараро суди судьяси,

Муҳаммади Маматов,

Судьялар олий мактаби тингловчиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: