СУДГА ҲУРМАТ — ҚОНУНГА ВА АДОЛАТ ТАНТАНАСИГА ҲУРМАТ ДЕМАКДИР
Жамиятда ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги қарор топишини истаган соғлом фикрли ҳар бир инсон қонун талабига сўзсиз риоя этиши, ўзгаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги лозим.
Аммо орамизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказишдан заррача уялмайдиган кимсалар ҳам борки, уларнинг номақбул қилмишларига суд тартибида қонуний баҳо берилади ҳамда шу тариқа юртимизда тинчлик ва сойишталик, халқимизнинг ҳаёти хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашга эришилади.
Бироқ сўнгги пайтларда одил судловни амалга оширувчи судлар фаолиятига асоссиз аралашувлар, судьялар ва суд ходимларига нисбатан тазйиқ ёки босим ўтказиш, судьяга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиш каби салбий ҳолатлар юз бераётганидан кўз юмолмаймиз. Ваҳоланки,“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 68-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллигига риоя этиши шарт. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлади”.
Хўш, қандай хатти-ҳаракатлар судга ҳурматсизлик деб баҳоланади ва бундай қилмишлар учун амалдаги қонунларимизда қандай жавобгарлик чоралари белгиланган? Ҳар икки саволга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасидан аниқ жавоб топиш мумкин.
Ушбу моддага мувофиқ “гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки мазкур шахсларнинг ва бошқа фуқароларнинг раислик қилувчи фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси пайтида тартибни бузишда ўз ифодасини топган судга ҳурматсизлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.
Келинг, сўнгги пайтларда авж олган айрим блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларда ёритилаётган суд жараёнларини видеотасвирга олиш билан боғлиқ вазиятлар хусусида мулоҳаза юритайлик. Аксарият ҳолларда ўзини блогер деб таништирган шахслар судьянинг суд жараёнларини видеотасвирга туширишга рухсат бермаганлигини нотўғри талқин қилиб, судьяни нохолислик, нопрофессионалликда айблаётганларига барчамиз гувоҳмиз. Хўш, блогерлар, ОАВ вакилларининг суд жараёнларини видеотасвирга тушириш тўғрисидаги илтимосномаси қандай ҳолларда суд томонидан қаноатлантирилади ва аксинча қачон рад этилади? Бу борада судлар Олий суд Пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида” ги қарорининг 14-бандидан ўрин олган тушунтиришга риоя қиладилар.
Мазкур бандда “очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан” дея белгилаб қўйилган.
Айнан ушбу тушунтиришга риоя этган ҳолда видеоёзувни амалга ошириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этган судьяга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиш, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш нечоғлик ўринли? Суд жараёнларини видеотасвирга тушириш тўғрисидаги илтимосномалари рад этилган (баъзан эса ҳатто илтимоснома билан мурожаат этмаган ҳолда) айрим блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги норозиликлари, ҳатто тартибсизлик қилишлари, албатта, ножоиз.
Ҳаттоки бундай хатти-ҳаракатлар айрим хорижий давлатларда авж олган “одил судловни жанжаллаштириш” (скандализация правосудия) ни ёдга туширади. “Одил судловни жанжаллаштириш” саҳна кўриниши каби олдиндан режалаштирилади ва кенг жамоатчиликни ҳақиқатдан йироқ маълумотлар бериш ёрдамида чалғитиш (манипуляция қилиш) орқали судга босим ўтказиш мақсадида амалга оширилади.
Англо-саксон суд-ҳуқуқ тизимида судга таъсир ўтказиш мақсадида содир қилинган “одил судловни жанжаллаштириш” учун жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган. Хусусан, Францияда бундай қилмиш учун жарима ёхуд олт и ойгача қамоқ жазоси, Англияда эса жарима ва бир йилгача қамоқ жазоси қўлланилади.
Ўз навбатида қўшни давлатлардан бири – Қозоғистон Республикаси қонунчилигида суд мажлиси чоғида ва суд жараёнидан ташқари ҳолларда судга ҳурматсизлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Бундай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун жарима ёки беш суткагача қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин. Шундай жазо қўлланилганидан кейин ҳам такроран судга ҳурматсизлик қилиш кўпроқ миқдордаги жарима ёки ўн суткагача қамоқ жазоси тайинланишига сабаб бўлади. Судья ва маслаҳатчиларни ҳақорат қилган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.
Россия, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларнинг жиноий қонунчилигида “судга ҳурматсизлик қилиш”дан иборат хатти-ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун алоҳида моддада жиноий жазолар белгилаб қўйилган.
Ўз навбатида, миллий қонунчилигимизда, хусусан, Жиноят кодексининг 236-моддасида “тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга ёхуд адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, деб белгилаб қўйилган.
Албатта, юқорида таъкидланганидек, судьянинг рухсатисиз суд жараёнларини видеотасвирга олишга ҳамда трансляция қилишга уриниш билан боғлиқ жараёнлар ҳам суд ишларини ҳал этишга аралашишнинг бир кўринишидир.
Демак, судларга ҳурматсизлик кўрсатадиган, суд мажлиси тартибига риоя этмайдиган, суднинг рухсатисиз суд жараёнларини видеотасвирга олишга уриниб, судьянинг фармойишларига бўйсунмайдиган шахслар бундай хатти-ҳаракатлар салбий оқибатларга, хусусан, маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини унутмасликлари керак.
Хулоса қилиб айтганда, судлар одил судловни амалга ошириши баробарида кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот етказилиши учун барча имкониятларни яратиб беришга масъулдирлар. Зотан, суд муҳокамаси жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Фақатгина бу жараёнда кенг жамоатчилик ва судлар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳурмат ҳисси устувор бўлиши лозим.
Азиз Абидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан
ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи
Фикр қолдириш