ЎЙЛАМАЙ БОСИЛГАН ҚАДАМ АЯНЧЛИ ОҚИБАТЛАРГА ОЛИБ КЕЛДИ
Пахтачилик Феруза Мансурова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўғли Шоҳруҳни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш учун туман марказий поликлиникасига олиб борган чоғида қўл телефонига нотаниш киши қўнғироқ қилади. Феруза қўнғироқ қилувчидан кимлигини сўрайди.
— Раимқул акангизман, — дея ўзини таништиради қўнғироқ қилувчи. — Патир ёпиб чарчамаяпсизми?
Феруза Раимқул деган таниши йўқлиги, патирчи эмаслигини айтиб, суҳбатга якун ясайди. Аммо орадан чамаси икки соатлар ўтгач, бояги одам яна қўнғироқ қилади. Аёл ундан нима мақсадда қўнғироқ қилаётганини сўрайди.
Шунда нотаниш эркак «Сизни ёқтириб қолдим, бирга бўлайлик» дейди уялмай-нетмай.
— Мен оилалиман, — дея тутақиб кетади Феруза. — Эрига хиёнат қиладиган аёллардан эмасман. Телефон рақамимни кимдан олдингиз?!
— Биламан, — дейди Раимқул. — Эрингиз Россияга ишга кетган, иккимизнинг яқинлигимизни ҳеч ким билмайди. Яхшиси, бирон-бир ошхонада ўтириб, бафуржа гаплашиб олайлик. Ўшанда телефон рақамингизни кимдан олганимни ҳам айтаман.
Феруза кутилмаган бундай очиқ-ошкор сурбетликдан жаҳли чиқиб турганда тасодифан қайинукаси Анвар келиб қолади. Янгасининг ранги-рўйига кўзи тушган Анвар салом-аликни ҳам унутиб, «Тинчликми?» — деб сўрайди.
Аламдан юраги тўлиб турган Феруза Анварга қўшни қишлоқлик Раимқулнинг гапларини оқизмай-томизмай сўзлаб беради. Жаҳлдан мушти тугилиб, ўзини базур босиб турган Анвар янгасига Раимқулга телефон қилишни, унинг гапларини эшитмоқчи эканини айтади.
Раимқул аёлнинг телефон қўнғироғига жавоб бериш асносида ҳамма саволларга жавоб беради ва уни яна учрашувга таклиф қилади. Ўртада бўлиб ўтаётган суҳбатни Анвар ўзини базўр босганча қаҳр-ғазаб билан тинглайди.
— Ҳа, қўшни қишлоқлик Раимқулни яхши танийман, —дейди Анвар. — У бева, эри хорижга ишга кетган аёлларга кўп илакишади, деб эшитганман. Жағига бир-икки мушт тушириб, сизга умуман гапирмайдиган қилиб қўяман…
Шунда Феруза қайинукасига масалани жанжалсиз ҳал қилиш, Раимқулга ётиғи билан тушунтириб, уни бу йўлдан қайтаришни уқтиради. Бу гап ташқарига чиқиб кетса, шаънига доғ тушиши мумкинлигини эслатади. Анвар бунга рози бўлиб, ака-укалари билан маслаҳатлашишини билдиради.
Кечқурун Ферузанинг укаси Бойбек, қайинукалар Анвар, Алишер ва Бобошер Ферузанинг уйида йиғилишади. Анвар уларга янгасининг қўл телефонига ёзиб олинган Раимқулнинг овозини эшиттириб, қариндошлардан бунга қандай чора кўриш лозимлигини сўрайди.
— Раимқулни алдаб учрашувга чақириб, ушлаб олиш керак, — дейди Бобошер. — Кейин уни участка инспекторига топширишсак бўлади.
— Йўқ, — дея бу таклифга эътироз билдиради Анвар. —Бундай қилсак, у осонгина қутулиб кетади. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, ўртада янгамнинг «гап-сўз» бўлгани қолади.
— Тўғри, у Мустафоқулнинг хотини билан «юраман», деб гап тарқатиб юборса, ҳаммамиз иснодга қоламиз, — деб фикр билдиради Алишер.
— Унда опам телефон қилиб, Раимқулни овлоқ жойга чақирсин. Яхшилаб дўппослаб, кўзини очиб қўямиз. Шу билан Раимқул опамга гап қотмайди, кўрса, узоқроқдан айланиб ўтадиган бўлади — дейди Бойбек.
Укасининг таклифидан сўнг Феруза Мансурова Раимқулга қўнғироқ қилади.
— Мен розиман, — дейди Феруза ёлғондакам. -Кеч соат тўққизларда уйимиз яқинидаги эски боғча биносига келинг.
— Жуда яхши, ўша ерга боргач, сизга ўзим қўнғироқ қиламан, — дея хушнуд ҳолда жавоб беради Раимқул.
Учрашув муддати яқин қолганида Анвар, Алишер, Бобошер ва Бойбек ўзлари билан белкурак дастаси ва бир дона аёллар рўмолини олиб, анча йиллардан бери қаровсиз ётган боғча биносига бориб, Раимқулни пойлаб туришади. Бир-икки мушт уриб, Раимқулни қўрқитиб қўйиш Ферузанинг олдида номигагина айтилган пўписа эди. Аслида эса, ғазабдан кўзлари қонга тўлган бу кимсалар Раимқулни ўлдиришни режалаштиришган эди.
Кўп ўтмай Раимқул Ферузага қўнғироқ қилиб, унинг уйи яқинига келгани ҳақида хабар беради.
— Сиз боғча томонга бораверинг, — дейди Феруза бамайлихотир. — Мен бироздан сўнг ўзим етиб бораман…
Бошида ажал ўткир қиличини ялонғочлаб турганидан мутлақо бехабар Раимқул Асқаров боғча ҳовлисига қадам қўйиши билан калтак остида қолади. ўазаб отига минган тўртовлон уни ўртага олиб, тепкилаган куйи белкуракнинг йўғон дастаси билан Раимқулнинг дуч келган жойига уришади.
Кетма-кет тепки ва калтак зарбидан ерга йиқилади. Худди шу пайтда Бойбек рўмолни эшганча Раимқулни бўйнидан бўғади. Бир неча дақиқадан сўнг оёқ остида топталиб ётган Раимқул қимирламай қолади.
Шунда Бобошер ариқдан идишда сув келтириб, Раимқулнинг юзига сепиб, уни ҳушига келтирмоқчи бўлди. Афсуски, бу пайтда у ҳаёт билан видолашган эди. Бундан талвасага тушган шериклар энди мурдани нима қилишни маслаҳат қилишади. Узоқ тортишувдан кейин мурдани Нарпай каналига ташлаб юборишга келишишади. Шундан сўнг қотиллар Раимқулнинг жасадини автомашинага ортиб, Пахтачи тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Нарпай каналига олиб боришади ва уни сув қаърига отишади.
Содир этилган мудҳиш жиноий қилмиш тез орада фош этилди. Р. Асқаровни шафқатсизларча ўлдирган қотиллар тергов ва суд жараёнида айбларини тўлиқ тан олишди. Суд судланувчиларни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж», «п» бандлари ва 267-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни қасддан содир этганликда айбдор деб топди.
Судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда уларнинг жиноий қилмишни содир этишдаги иштирокчилик даражаси ҳисобга олинди. Суд ҳукмига асосан Бойбек Норқўзиев ўн саккиз йил олти ой, Анвар Асадов ўн олти йил, Алишер Асадов ўн беш йил уч ой, Бобошер Асадов ўн уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Шу тариқа ҳали қирқ ёшга тўлмаган навқирон йигитлар ўзларининг озод, эмин-эркин яшаш ҳуқуқини йўққа чиқаришди. Агар ақлни устун қўйиб, муроса-ю мадора билан иш тутганларида улар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиб, айни куч-қувватга тўлиб-тошган даврини совуқ темир панжара ортида ўтказишмас эди.
Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоиз: «Қарс» икки қўлдан чиққани каби аянчли ўлим топишида Р.Асқаровнинг ҳам айби бор. Чунки шаҳват қулига айланган бандаларни фаҳш ботқоғи ўзига тортиб, умрига зомин бўлади. Зеро, зино ва фаҳшга қадам босишгина эмас, у ҳақда кўнгилдан кечиришнинг ўзи ҳам оғир гуноҳ. Муқаддас Ислом динида бу ҳақда шундай дейилган: «Ҳар кимнинг кўнглида шаҳват кўп бўлса, уни лаънат кафанига ўрагайлар ва надомат тупроғига дафн қилгайлар. Ҳар ким шаҳват нафсини ўлдирса, уни раҳмат кафанига ўраб, саломат тупроғига дафн айлагайлар».
Баён этилган воқеалар бу ҳақиқатни тўлиқ исботлайди.
Жамшид БОТИРОВ,
Самарқанд вилояти суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш