БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ КАФОЛАТЛАШ — ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

Куни кеча «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди. Янги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритишдан аввал, уни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишга туртки берган муҳим омиллар ҳақида тўхталиш ўринлидир.

Дунё тажрибаси шундан далолат берадики, болалар ҳар доим давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик қилиш ва қўл­лаб-қувватлашга муҳтож бўлади.

Бола ҳуқуқлари — бу ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жо­йи, миллий ва ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ва бошқа ҳолатларидан қатъи назар, ҳеч бир камситишсиз ҳар бир бола эга бўлиши керак бўлган ҳуқуқ ва эркинликлардир.

Бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қи­лиш зарурати Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл, шунингдек, болалар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Хусусан, 1959 йилдаги Бо­­ла ҳуқуқлари декларациясида ҳар бир бола учун ҳеч қандай камситиш ва чеклашларсиз бутун бошли ҳуқуқлар мажмуи мустаҳкамланган.

Ушбу Декларация асосида 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган Бола ҳу­қуқ­лари тўғрисидаги конвенция бола ҳу­қуқ­лари соҳасидаги биринчи мажбурий халқаро ҳуж­жатдир. Мазкур ҳужжатда инсоният­нинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқ­лари кафолатланган.

Мамлакатимиз 1992 йилда БМТ­нинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қи­лиши натижасида унинг қоидаларини бажариш мажбуриятини зиммасига олган. Болаларнинг Конвенцияда кўрсатилган ҳу­қуқларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун зарур ташки­лий-ҳуқуқий шароитлар ва кафолатлар яратиш мамлакатимиз давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳи­соб­ла­на­ди.

Сўнгги йилларда юртимизда бола ҳу­қуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланди. Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўл­ган болаларни ижтимоий ҳимоя қи­лиш тизими такомиллаштирилди.

Бироқ бугунги кун талаби болалар ҳу­­­қуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳолатини такомиллаштириш тизимини қай­та кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Амалда­ги қонунчиликда бола ҳуқуқларини тў­­лиқ ҳажмда ҳимоя қи­лишга имкон бермайдиган бир қатор бўш­лиқлар мавжуд.

АҚШ Меҳнат департаментининг 2019 йил якунлари бўйича «Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари» бўйича ҳи­соботида Ўзбекистон сўнг­ги йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларини амалга ошириш, шунингдек, болалар меҳнатининг оғир шаклларини йўқотиш, уларга нисбатан мажбурий меҳ­нат­га йўл қўймаслик бўйича сезиларли ишларни амалга оширгани таъкидланган.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда мам­лакатимизда бу борада бир қатор самарадор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, пахта йиғим-теримида болалар меҳнатининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилди. Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик кучайтирилди ва бундай ҳолат такроран со­дир этилганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Меҳнат инспекторлари сони ик­ки баравар оширилди, болалар меҳнати бўйича қо­нунлар ва уларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида аҳоли ўр­тасида кенг тушунтиришлар амалга оширилди.

Шундай бўлса-да, соҳада айрим камчиликлар мавжудлиги АҚШ Меҳнат департаментининг 2019 йил якунлари бў­йича ҳисоботида кўрсатиб ўтилган.

Хусусан, Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, Ўзбекистонда болалардан тижорий мақсадларда шаҳвоний эксплуатация қи­лишни ўз ичига олган болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан мамлакат ичида ва таш­қарисида ҳамон фойдаланилаётгани ҳамда бу борадаги қо­нунчилик халқа­ро стандартларга тў­лиқ мувофиқ эмаслиги таъкидланган.

Ҳисоботда АҚШ Меҳнат департаментининг мазкур масалалар юзасидан бир қатор тавсиялари баён этилган.

АҚШ Меҳнат департаментининг ҳисоботида назарда тутилган тавсиялар ҳамда Инсон ҳуқуқлари бў­йича Ўзбекис­тон Республикасининг Миллий стратегиясининг шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йў­налишлари асосида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўз­бекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди.

Ушбу қонунга биноан, аввало, Жиноят­ кодекси 128-1-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёш­­гача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўл­ган ҳол­да унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш ор­қали у билан жинсий алоқа қи­лиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жавобгарлик белгиланди. Бунда жиноятнинг объектив томони зарурий белгиси сифатида қил­миш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўл­ланилганидан ке­йин содир этилгани кўзда тутилади.

Шу билан бирга, ушбу жиноят объекти сифатида ўн саккиз ёшга тўл­маган шахснинг нормал ва ахлоқий ривожланиши эканлигини инобатга олиб, жиноят субъекти ёши 18 ёш этиб белгиланди.

Жиноят-процессуал кодексининг 381-2-моддаси биринчи қисмига қўшимча киритилиб, Жиноят­ кодексининг 128-1-моддаси бў­йича тергов ич­ки ишлар органига тегишлилиги бел­ги­ланди.

Жиноят кодексининг 148-2-моддаси иккинчи қисмига вояга етмаган шахсни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш киритилди.

Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси иккинчи қисми кодексдан чиқариб ташланди.

Жиноят кодексининг 216-1-моддаси вояга етмаган шахсни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаш учун жиноий жавобгарликни белгиловчи иккинчи қисм билан тўлдирилди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига тўла му­вофиқ келади. Хусусан, Инсон ҳуқуқ­лари умумжаҳон декларация­си (25-модда), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (8, 23, 24-моддалар), Иқтисодий, ижтимоий ва ма­даний ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (10-модда) талабларига кўра, бо­­­ла ҳуқуқлари кафолатланган ва ҳеч ким мажбурий ёки зўраки меҳнатга мажбур қилинмаслиги лозим.

Бундан ташқари ушбу қонун мамлакатимизнинг бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилиш орқали зиммасига олган мажбуриятларига мосдир. Бу ўринда, жумладан, Бола ҳу­қуқлари тўғ­­­рисидаги конвенция, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги кон­венцияга доир, бо­лалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факультатив протокол, Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланилишига қарши кураш тўғрисидаги конвенция, Болалар меҳнатининг оғир шакллари­ни­ тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенция (182-сон Конвенция), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини тўлдирувчи Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қў­йиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги протокол (Палермо протоколи) ҳақи­да сўз бормоқда.

Биринчидан, Бола ҳу­қуқлари тўғ­рисидаги конвенциянинг 34-моддасида иштирокчи-давлатлар болани шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш ва шаҳвоний бузишнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш мажбурия­тини ўз зиммаларига олиши белгиланган. Бунда шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш деганда — болалардан фоҳишабозлик ёки ғайриқонуний равишдаги бошқа шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш ҳамда улардан порнография ва порнография материаллари тайёрлаш мақсадларида фойдаланиш тушунилади.

Иккинчидан, Бола ҳуқуқлари тўғ­ри­сидаги конвенцияга доир, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва бо­лалар порнографиясига тааллуқли Факультатив протоколнинг 3-моддасида ҳар бир иштирокчи-давлат болани жинсий эксплуатация қилиш уларнинг жиноий қонунчилиги билан таъқиб­ қилинишини таъминлаш мажбуриятини олган.

Учинчидан, Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қи­лишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенциянинг 3-моддасига кў­ра, болалардан зўраки ёки мажбурий меҳнатда фойдаланиш «болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари» си­фатида баҳоланади. БМТ­нинг ҳар бир аъзоси, ушбу Конвенцияни ҳаётга татбиқ этадиган қоидаларни самарали қўллаш ва уларга риоя этишни таъминлаш учун жиноий жавобгарликни жорий этиши ва қўллаш орқали зарур чора-тадбирларни кўриши белгиланган.

Шундай қилиб, янги қонун, авваламбор, болаларнинг ҳу­қуқлари ва эркинликлари ҳимоясини янада кафолатлайди.

Шу билан бирга, одам савдосидан жабрланган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний ман­фаат­ла­рини­ ҳимоя қилиш, халқаро майдонда мам­лакатимиз нуфузини янада яхшилашга хизмат қилади.

Рустам Атовуллоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бош ҳуқуқий маслаҳатчиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: