ХАТАРЛИ ЙЎЛ
Ахборот технологиялари кенг имкониятларга эга. Уларни санаб адоғига етиш мушкул. Афсуски, бу ғаразли кимсаларнинг чиркин ниятини амалга ошириш воситасига айланаётгани ҳам айни ҳақиқат. Инсон қалбини эгаллаш, унинг онгини заҳарлаш орқали қабиҳ мақсадларни кўзлаётганлар дин омилидан устамонлик билан фойдаланмоқда. Буни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилган бир жиноят иши ҳам яққол тасдиқлайди. Суднинг қора курсисида ўтирган Акмал (исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигина 22 ёшга тўлган.
Ислом динини ўрганишга интилган Акмал дастлаб интернет тармоғидаги турли диний маърузаларни тинглашни одат қилади. Бу ишга шунчалик муккасидан кетадики, хатти-ҳаракатларининг оқибати ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Кейинчалик «Одноклассники» ижтимоий тармоғида «Abdulloh» номли профиль очиб, унга тақиқаланган диний ташкилот вакилларининг маърузаларини жойлаштиради.
Шу тариқа тўғри йўлдан адашган Акмал динни ниқоб қилган террорчиларнинг ноғорасига ўйнай бошлайди. Аниқроқ айтганда, у мамлакатимизда таъқиқланган диний мазмундаги маърузаларни тарқатиш билан шуғулланади.
Суд мажлисларида Акмал қилган ишидан пушаймонлигини билдириш баробарида бошқаларни тўғри йўлдан уриш нияти бўлмаганини маълум қилди.
Аммо Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Акмал тарқатган маълумотлар мамлакатимизда фаолияти тақиқланган «Тавҳид ва жиҳод катибаси», «Ўзбекистон ислом ҳаракати» террорчилик ташкилотларига тегишли бўлган, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, мутаассиблик руҳида шарҳланган маърузалар экани ҳақида хулоса берган. Шу боис суд Акмалнинг қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда диний эътиқод борасида ҳеч қандай чекловлар йўқ. Айни пайтда 11 та диний таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва илмий мактабларда ҳам Ислом динини ўрганиш учун шарт-шароитлар етарли.
Акмал бузғунчи ғоялар таъсирига тушмасдан, қонуний равишда диний сабоқ олганда умрининг гуллаган даврини «темир панжара» ортида ўтказмаган бўлар эди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, инсон ҳар бир қадамини ўйлаб босса, ҳеч қачон адашмайди. Шу маънода Акмалнинг қисмати кўпчилик учун сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз.
Муҳтарама ТУРҒУНОВА,
Тошкент шаҳар суди судьяси,
Абдусалим МАҲМУДОВ,
журналист
Фикр қолдириш