ВИЖДОН АЗОБИ ЁХУД ИЧКИЛИК КЕЛТИРГАН ФОЖИА
Кармана туманида яшовчи Уйғун (исм-шарифлар ўзгартирилди) байрамни уйида қариндошлари билан бирга нишонлашга қарор қилди. Ўша куни эрталаб соат тўққизларда икки опасига қўнғироқ қилиб, аввал байрам билан табриклади. Сўнгра мақсадга ўтиб, поччалар билан бирга уйига меҳмондорчиликка чақирди.
Тушда Уйғун тўнғич поччаси Икром билан ичкиликбозликни бошлаб юборади. Кечки пайт уларнинг даврасига кичик поччаси Давлат Отажонов ҳам келиб қўшилди. Бир оздан сўнг Икром уйига кетди.
Уйғун билан Давлат эса, ичкиликбозликни давом эттиради. Бироқ ўзаро гап талашиб қолишади ва Уйғун поччасини ҳақоратлайди. Давлат ҳам бунга жавобан ҳар хил ноўрин сўзлар айтади. Жаҳл отига минган Уйғун Давлатнинг кийимини йиртиб ташлайди. Шунда Ҳакима ўртага тушади ва эрини ташқарига чиқариб юборади. Бундан ғазабланган Уйғун опасининг чап томон елка ўмров соҳасига қўлидаги ўткир ошхона пичоғини санчиб олади. Оғир тан жароҳати олган Ҳакима «Тез тиббий ёрдам» автомашинасида зудлик билан шифохонага олиб борилади. Афсуски, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Ҳакиманинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.
Суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Уйғун Шокиров айбига иқрорлик билдирмади. Унинг иддаосича, тарвуз сўяётганда пичоқ тўсатдан опасининг танасига кириб кетган эмиш…
Суд судланувчи У. Шокировнинг опасини қасддан пичоқламагани, бу ҳолат қандай содир бўлганини билмай қолгани, опасига тан жароҳати етказиш мақсади бўлмагани ҳақидаги кўрсатмаларини чуқур муҳокама қилди. Жиноят иши юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилинган жабрланувчининг қонуний вакили Д. Отажонов ва бошқа гувоҳларнинг кўрсатмалари, шунингдек, Х. Сулаймонова номидаги суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Навоий филиали Кармана туман бўлинмасининг 2020 йил 10 сентябрдаги 51-сонли хулосасига асосланиб, судланувчининг кўрсатмаларини жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида ўйлаб топилган важлар деб топди.
Суд мажлисида қўшимча гувоҳ сифатида сўроқ қилинган судланувчи У. Шокиров истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси С. Тожиқуловнинг кўрсатмаси ҳақиқатни бирмунча ойдинлаштирди.
— Уйғун илгари ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилиб, тез-тез жанжал чиқариб турар эди, — деди у. — Опаси Ҳакима билан ўрталарида келишмовчилик бўлганини эшитмаганман. Лекин поччаси Давлат Отажонов билан чиқишолмаслигидан хабардор эдим.
Суд судланувчи У. Шокировни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва унга саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Уйғун жазо муддатини ўтаб, уйига қайтгани билан бир умрлик виждон азобидан қутула оладими? Яқин қариндошлари, жиянлари қалбидаги тузатиб бўлмас жароҳатга малҳам тополадими?
Яшаш бахти ҳар бир инсонга Яратган томонидан берилган инъом. Ана шу инъом этилган умрни мазмунли ўтказиш, яхши ном қолдириш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Яшаш бахти эса, ота-она, ака-ука, опа-сингил, оила ва фарзандлар меҳрини ҳис этиб, аҳил-иноқ умргузаронлик қилиш билан мазмунли. Бундай ибратга лойиқ оилалар минг-минглаб топилади, улар жамиятимиз кўрки.
Мухтасар қилиб айтганда, спиртли ичимлик ичиш ва ўйламай қилинган хатти-ҳаракат мудҳиш фожиани келтириб чиқарди. Унинг аянчли оқибати нафақат Уйғунни, балки унинг оила аъзоларини ҳам узоқ вақт мобайнида азоблаши тайин. Шундай экан, жиноятга етакловчи ва унга доялик қилувчи иллатдан йироқ бўлган маъқул.
Алишер САЙДУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Кармана тумани суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш