ҲАЁТ САБОҒИ УҚҚАНГА ЮҚАР, УҚМАГАННИ ЧОҲГА ҚУЛАТАР

Қирқ беш йиллик умри мобайнида олти марта судланиб, жами 32 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган шахснинг ахлоқан тузалиши, руҳан ва маънан соғломланишига умид боғласа бўлармикан? Афсуски, бу саволга тайинли жавоб бериш мушкул. Ҳаётини ўз қўли, қилмишлари билан аллақачон издан чиқарган кимсанинг жиноий кирдикорлари эса, давом этаяпти.

Бундай кимсаларни чор-атрофдаги умрини инсонийлик фазилатлари оғушида ўт­казаётган фидоий ва меҳнатсевар кишилар, яқин қўни-қўшнилар эмас, ўзини жи­ноий­ қилмишлар домига ташлаб, азиз умри­ни аросатда ўтказаётган гумроҳларгина ях­ши танишади.

Унинг ижтимоий сувратига ўзингиз ҳам разм солинг: 1975 йил Урганч шаҳрида дунё­га кел­ган Руслан Карюков ота-онасига муносиб фарзанд бўлолмади, инсонийлик бурчини ҳам бажара олмади. Ёшлигиданоқ ҳаётнинг кенг ва равон йўллари бир четда қолиб, қалтис, паст­қам, зим-зиё ва хавф-хатарли манзилларини қўмсади.

Турмушнинг ҳалоллик, пок­лик, чин одамийлик эпкинлари елгувчи, бироқ фидоий меҳнатни сўрагувчи фай­зиёб­ манзилларини излаш ва топиш саодати юртнинг муносиб фарзандлари, комил ва қобилу-қодир инсонларга насиб этади.

Шу томон интилмаган, аксинча, ҳаётнинг қарама-қарши тарафидаги бефайз, бетароват, қадам етмас маконлари­ни­ қўм­саган кимсалар тўғри йўлдан адашиши аниқ.

Руслан Карюков эсини танибоқ шу янглиғ чуқур чоҳга қулади. Ҳали йигирма ёшга тўл­маёқ, судланиб, ўз қилмишининг ажрини тортди. Орадан уч йил ўтиб пешонасига яна судланганлик тамғаси босилди. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси билан «сийланди». 2000 йил учинчи марта жиноят кўчасига кирди. Ўғирлик устида қўлга тушиб, 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

2008 йилда яна ўғирлик содир эт­ди.­ Бу қилмишни ҳужжатлар, бошқа зарурий воситаларга қасддан шикаст етказиш ва нобуд қилишга оид жиноий хатти-ҳаракат асносида амалга оширди. Бу қилмиши учун суд ҳукми билан 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Орадан атиги 2 ойгина вақт ўтди.

Гарчи ҳибсда бўлса-да, жиноий қилмишдан ўзини тия олмади. Тағин ўғирлик — тағин жа­зо… Бу гал нақд 7 йилга қа­малди. Фақат амнистия актига кўра, жазодан муддатидан илгари озод бўл­ди. Аммо ўзи­га нисбатан кўрсатилган кечиримлилик ва бағрикенглик неъматининг қад­ри­га етмади. Озодликка чиққач, орадан 1 йил ўтмаёқ янги жиноий қилмишни содир этди: бу са­фар бир бегуноҳ инсоннинг умрига зомин бўлди. У 19 йил­лик озодликдан маҳрум этиш жазосига маҳкум этилди. Маҳкум ўз ноинсоний қилмишининг ажрини роса татигач, 2020 йилнинг июль ойида нав­бат­даги бағрикенглик ак­ти шарофатидан яна озодликка чиқди.

Ҳаётда дарди бедаво, муолажа кор қилмас касаллар ҳам учрайди. Кўнгли жиноий қилмишга мойил бандалар ҳам шулар сирасидан. Ҳарчанд уринманг, уларни бу йўлдан қайтара олмайсиз. Бу тоифадагилар ўз билганидан қолмайди. Дарҳақиқат, Русланнинг ҳам озодликдаги ҳаё­ти узоққа чўзилмади. Узоқ йиллик жиноий жазодан сўнг озодликдаги умргузаронликнинг учинчи ойи охирламёқ ўзи касб қилган жирканч амал — ўғирликнинг этагини тутди. Ўт­ган йилнинг 30 сентябрь ку­ни ярим тунда одатига кўра кўча сан­қиб юриб, шаҳарнинг ўзи вақтинча бошпана топган 3-даҳасидаги 29-уй йўлагида назоратсиз қолдирилган «Бело­рус»­русумли велосипедга кў­зи тушди. Уловни кўргани ҳа­мон ўй ва андишани бир четга сурди. Ўғирлик мол эртасигаёқ бо­зорга чиқарилди. Унинг нархи аслида 800 минг сўм бўлса-да, Руслан атиги 200 минг сўм эвазига узоқ таниши М. Ҳамидовга со­тиб юборди. Навбатдаги қўш ўлжани роппа-роса уч кундан сўнг — 3 октябрь тун чоғи қўл­га киритди. Руслан бу гал шаҳарнинг Паҳлавон Маҳмуд кўчасидаги 228-Б-уй олдида пайдо бўлди. Узоқ чарчоқдан сўнг шу ердаги хилват жойда бироз ухлаб, ором олишга уринди. Шу ўринда айтиш керакки, Руслан учун борарга макон, яшарга жой йўқ эди. Бари яқинлари унинг баҳридан ўтишган, оиласи бузилган. Шу сабабли исталган уй­нинг томи-ю, йўлаги, ҳовлиси-ю,­­ ертўласи, дов-дарахтлар ос­ти, ташландиқ ва хароба манзил-маконларнинг бари унинг учун ўлан тўшак эди. Қай маконни ихтиёр эт­са, ўша жойда тунаб кетаверади. Ўша тун ҳам шундай бўлди.

Руслан ўзи етиб келган кўп қаватли иморатнинг хилватроқ жо­йи­дан тунашга жой излади.

Уй йўлаги бўйлаб том то­мон­ кўтарилди. Бинонинг учинчи қа­ватига етганида нигоҳи 10-хонадон эшиги олдида темир занжирга боғланган ҳол­да қолдириб кетилган иккита велосипедга тушди. У ҳар эҳ­тимолга қарши ёни­да омбур олиб юрарди. Бу даст­гоҳ айни пайтда ўғирлик учун асқотди. Руслан ҳаялламай омбурни ишга солиб, ҳар икки уловни бир пасдаёқ «бандилик»дан бўшатди. Ўғирланган велосипедлар тез орада ишончли жойга яширилди.

Бироқ деворнинг ҳам кў­з-қулоғи бор. Шуб­ҳа-гумонлар ҳам асосли. Шундай қи­либ десангиз, ўғирликка оид далиллар, важ-корсонларнинг бари Русланнинг ҳузурига етаклади.

У қилмишини хаспўшлаб ўтирмади. Барини оқизмай-томизмай айтиб берди.

Ҳатто ҳа­ли ҳеч кимга ошкор этилмаган сир — уч кун аввал амалга оширилган велосипед ўғирлигига оид ҳақиқатни ҳам очиб ташлади, қилмишини шахсан ўзи фош этди. Таниши М. Ҳамидовнинг уйидан топилган велосипед ушбу жиноятни тасдиқлади. Омади чоп­маган харидор «мол»ни чиндан ҳам, Русланнинг қўлидан 200 минг сўмга сотиб олганини маълум қилди. Ўғирлик матоҳ тезда ўзининг ҳақиқий эгаси — фуқаро Б. Қадамовга қайтарилди. Ўша йилнинг 3 октябрь ойи оқшомида содир этилган ўғирлик натижасида қўл­га киритилган ва 1 миллион 380 минг сўмга баҳоланган иккита велосипеднинг «тақдири» ҳам ҳал бўл­ди. Ҳар иккала улов яна ҳақи­қий эгаси Л. Бобожоновага қайтарилди. Қилмишни суд йў­ли билан баҳолаш чоғи эса, ўғирланган велосипедларнинг бари эгаларига қайтарилгани, етказилган зарар бартараф этилгани маълумот учун қабул қилинди.

Бу сингари давомли жиноий кирдикорларни қандай изоҳ­лаш­ни билмайсан, киши. Дарвоқе, қирқ беш йилдан кўпроқ умри мобайнида 6 марта судланиб, яна шунча бор жазога тортилган, такрор-такрор давомли кирдикорлар, озодликдан мосуво ўтган ҳаётидан заррачаям­ сабоқ ололмаган, шу алфозда рецидивист жиноятчи номини олган, охир-оқи­батда бу билан ҳам кифояланмай еттинчи марта жирканч қилмишга қўл урган кимсанинг руҳан, ахлоқан тузалишига чиндан ҳам, умид ва ишонч борми? Хўш, бу фожиа не­га юз берди? Карюковлар оиласидаги машъум инқироз: бир адашган банданинг шум қисмати бошқаларни нега бе­зовта қилмади? У жазони ўтаб, уйига қайтгач, бир йўла ҳам бошпанасиз, ҳам ишсиз, ҳам моддий таъминотсиз қолди. Маҳалла фуқаролар йиғини, участка профилактика нозири, жамоатчилик масаланинг бу жиҳатига бефарқ қаради. Оқи­бат — фожиа: изи узилмаган, би­ри-бирига уланган давомли ва асоратли жиноий қил­мишлар занжири…

Эъ­тибор­сиз­лик, назоратсизлик оқибати шундай якунланди. Русланнинг сўнгги жиноий қилмиши юзасидан ўт­казилган суд жараёнида барча масала эътиборга олинди. Қил­миш­нинг барча тафсилоти ба­тафсил ўрганилди.

Суд тергов органи тарафидан Руслан Карюковнинг сўнгги қилмиши юзасидан Жи­ноят кодексининг 169-моддаси 3-қис­ми «а» банди бў­йича қўйилган айб­­ни эътироф қилди. Би­роқ судланувчининг ўз айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, оғир ва мураккаб ижтимоий турмушга рў­парў келганини инобатга олди. Шу важдан Жиноят кодексининг унга нисбатан малакаланган моддаси талаби доирасида жа­зо чораси та­йин­лан­ди.

Айбланувчи ушбу кодекснинг 34-моддаси 2-қис­ми «б» бандига мувофиқ ўта хавфли рецидивист жиноятчи, деб топилди. Айби ис­­бот­ланган моддага асосан эса, яна 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ҳа, давомли ва такрор-такрор содир этилган машъум қилмишларнинг баҳоси ҳам, жазоси ҳам шу бўлди. Аммо ноумид — шайтон. Умид, илинж­сиз яшамоқ ин­сонга хос эмас. Ҳар қандай вазиятда ҳам бу эзгу хислатдан айро яшамаслик даркор. Қани, умид ва ишонч билан кузатайлик-чи, Руслан галдаги жазодан қандай хулоса чиқараркан?! Бу ҳаётда узоқ йиллик оғриқли кунлар, давомли аросатли онлардан сўнг ҳақи­қий тузалиш йўлига кираётган, чинакам ҳаёт бағрига қайтаётганлар оз дейсизми? Руслан Карюковни ҳам ўзлигини топган ана шундай бахтиёр замондошларимиз сафида кў­ришни истаймиз.

Шуҳрат Раззоқов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: