АЙБГА ИҚРОРЛИК БЎЙИЧА КЕЛИШУВ – ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИ ИНСТИТУТНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ

Шу йил 18 февралдан бошлаб Ўзбекистон миллий процессуал қонунчилигида айбга иқрорлик тўғрисида келишув институти амалиётга жорий этилди. Мамлакатимиз жиноят-процессуал қонунчилиги тарихида мутлақо янги ҳисобланган ушбу институт АҚШ, Европа ва МДҲ мамлакатларида кенг қўлланиб келинади.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқшу­нослик фани олдига бир қа­тор долзарб вазифаларни қўйди.

Жиноят, жиноят-процессуал қонунчилиги тизимида фу­қароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қи­лишга қаратилган, жиноят ишлари бўйича судгача ва суд жараёнида қонунийликни таъминлашга тўсқинлик қи­лувчи ҳу­қуқий бўшлиқларни аниқлаш, халқаро амалиётда эъ­тироф этилган ва инсон ҳуқуқ­ла­ри­ни самарали химоя қи­либ ке­­лаётган жиноят-ҳу­қуқий инс­титутларни амалиётга жорий этиш масалалари шулар жумласидандир.

Жиноий ишларни қисқартирилган тартибда кўриш борасидаги жаҳон амалиётида мавжуд ижобий иш юритишнинг миллий процессуал қонунчиликка жорий этилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳи­­моя қилиш борасидаги замонавий механизмлардан биридир.

Жиноят-процессуал қонунчиликка жорий этилган айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг бош мақсади — давлат айбловчисининг айбланувчини содир этган жинояти юзасидан иқрорлиги асосида судда енгилроқ жазо тайинланишига эришиш, шу би­лан бирга, кўплаб сансалорликларга сабаб бў­ладиган узоқ давом этувчи суд жараёнларини қисқартиришдир.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув, жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айб­ловга рози бўлган шахс ва прокурор билан тузилади. Бунда гумонланувчи ёки айб­ланувчи жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган бўлиши лозим.

Бундай келишувлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича ту­зилади.­

Аслида, «келишув» сўзининг маъноси ҳам икки келишаётган томоннинг ўзаро қу­лай ва манфаатли мақсадлар марказини топишини англатади. Жиноят-процессуал қо­нунчи­ликда мазкур сўз айб­ланувчи билан давлат тимсолидаги қонун, адолат билан келишувни ифодалайди.

Буюк Британия судлов тизимида ўрта асрлардаёқ қўл­ланила бошлаган мазкур инс­титут кейинроқ АҚШ қонунчилигига кириб келди. Ҳозирги кунда айнан АҚШ процессуал қонунчилик тизимида ундан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, 2019 йил давомида АҚШ федерал судларининг 95 фоиз ишлари келишиш асосида ўз ечимини топган. Буюк Британияда эса, бу кўр­саткич камроқ нисбатни ташкил этади, яъ­ни магистрат судларда кўрилган ишларнинг 87 фоизи келишув асосида тугалланади.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг самарали жиҳатлари:

ўзаро зиддиятда бўлган томонлар муносабатларининг тез орада юмшаши;

айбланувчи ёки судланувчининг айбига иқрорлик билдиришга тайёрлиги, жазони ўтай бошлаши;

судлов ва айблов органларининг вақт ва маблағлари тежалиши;

айблов органлари ўз вақтини оғир жиноятларни очишга қаратиши ва судларда жиноят ишларини кўрилишининг камайишига олиб келиши билан белгиланади.

Шуни таъкидлаш жоизки, АҚШ судлов тизимида айбланувчининг айби исботланишининг бош шарти — унинг ўз айбини тан олишидир. Бинобарин, англосаксон ҳуқуқ тизими жиноят ишлари юритувида исботлаш методлари кўп ҳолатда расмиятчиликни, катта молиявий маблағни ва вақт борасида катта харажатларни талаб этиши билан кескин фарқ қилади.

Шу аснода айбланувчининг ўз айбини тан олиши кўп ҳолларда узоқ давом этадиган тергов ва суд босқич­ларини қисқартиришда, оворагарчиликларнинг олдини олишда айбланувчининг ўзига нисбатан ҳам кўп ҳолларда самарали процессуал ҳаракат ҳи­собланади.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти, айрим олимларнинг фикрича, муайян­ салбий жиҳатларга ҳам эга. Бу омиллар жиноят процессини юритувчи мансабдор шахс­лар, жумладан, тергов органларининг айбни «ҳар қандай ҳолатда тан олдиришга интилиши» натижасида айбланувчи ўзини ўзи ёлғон айб­лаш ҳолати, айбсиз инсоннинг айбланувчига айланиб, жиноят содир этган шахснинг жазосиз қолиб кетиши, шунингдек, содир этилмаган жиноят учун айблов эълон қилиш ҳолатларида намоён бўлади.

Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда айб­га иқрорлик келишуви суд томонидан кўриб чиқилгандан сўнг тасдиқланади.

Бунда суд келишув гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан ихтиёрий равишда тузилган-тузилмагани, келишувнинг моҳияти ва шартларини тушунган-тушунмагани, унинг оқи­бат­ларини англаб етгани, судланувчининг ўзи шахсан келишувни қўллаб-қувватлашини аниқлайди.

Англосаксон ҳуқуқ тизими давлатларида ҳам келишув институтидан самарали фойдаланилади. Бунинг асосий сабабларидан бири шуки, ушбу мамлакатларда ҳар қандай процессуал жараён тарафлар тортишуви асосида ечим топиши, иш юзасидан тортишув ва фикрлар хилма-хиллиги бўлмаган ҳолатда жиноят иши юритуви ҳам бўлмаслигини инобатга олиб, мазкур мамлакатларда тарафлар ўртасидаги келишувга ҳар қандай босқичда йўл қўйилади.

Айнан айбланувчи томонидан айб­нинг тан олиниши (guilty plea) унинг ижтимоий хавфли қилмиши юзасидан суд муҳокамасидан воз кечганини билдиради. Айбланувчи айблов органи билан келишув (plea bar­gaining) имзолаши ҳам мумкин.

Мазкур келишув айбланувчига бир қатор юридик имтиёзлар беради. Яъни:

– айблов доираси қисқартирилиши ёки ундан айрим эпизодларнинг чиқарилиши ва квалификациянинг енгилроқ томонга йўналтирилиши;

– жазо ҳажми, миқдори ва ўташ тартибининг қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроғи тайинланиши.

Очиқ суд мажлисида айбланувчига унинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилади. Имзолаётган ке­­лишув ихтиёрий тузилганига ишонч ҳосил қилиш учун унга саволлар берилади.

Суд айбланувчига мазкур келишувни рад қилиши мумкинлигини тушунтиради ёки айбланувчи шахсига оид маълумотларни тўлиқ ўрга­ниб чиқиш учун жиноят ишини кўришни қолдиради.

Шунингдек, суд тарафлар тақдим этган далилларни тў­лиқ текширади. Яъни судлов тизими келишувни автоматик тарзда қабул қилиб, у юзасидан бир хил хулоса чиқармайди.

Россия жиноят-процессуал қонунчилигига ҳам келишув институти янги институт сифатида киритилган ва амалиётда самарали иш­ламоқда. Россия Федера­ция­си Жиноят-процессуал кодексининг 40-бобида айбланувчига эълон қилинган айбга нисбатан иқрорлиги ва розилиги юзасидан ўтказиладиган суд мажлисининг алоҳида тартиби мавжуд.

Ушбу нормада айбланув­чи­нинг айбига иқрорлиги юзасидан аризаси ва суд муҳокамасисиз ҳукм чиқариш юзасидан келтирилган илтимосномани мазмунан ҳал қилиш тартиби қайд этилган. Бундай ҳолатда суд тергови ўтказилмайди.

Айбга иқрорлик бўйича келишувнинг ярашув институтига хос жиҳатлари мавжуд. Яъни иккала ҳолатда ҳам­ миллий қонунчилигимизга асосан жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогар бу жараёнда иштирок этади ва гумон қилинувчи ёки айбланувчи томонидан етказилган зарарнинг бартараф этилгани ҳолатига ойдинлик киритилади.

Бироқ ярашув институтида келишув судланувчи ва жабрланувчи ўр­тасида амалга оширилса, айбга иқ­рорлик бўйича келишувда айбланувчи ва давлат тимсолидаги қонун, адо­лат билан келишув тушунилиши лозим.

Шу ўринда АҚШ судлов қонунчилиги асосида айбланувчи ёки судланувчи томонидан айбига иқрорлик келишуви имзоланганида жабрланувчи, фуқаровий даъвогарнинг манфаатлари қай даражада ҳимоялангани масаласига мухтасар тўхталиш лозим.

Мазкур давлат қонунчилигига кўра, келишув тузиш жараёнида жабрланувчи, фуқаровий даъвогарнинг манфаатлари акс эттирилмаган. Содда қилиб айтганда, ушбу жараёнда жабр­ланувчи, фуқаровий даъвогарнинг розилиги ёки қаршилиги кели­шув­­ни­ амалга оширишда деярли инобатга олинмайди.

Жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарга етказилган зарарни қоплаш чоралари ҳам мазкур келишув юзасидан чиқарилган суд ҳукмида ўз аксини топмайди.

Миллий қонунчилигимизда эса, бу масалага Шарқ менталитетидан келиб чиқиб ёндашилди. Натижада жабр­ланган тараф ёки фуқаровий даъвогарнинг фикри бундай келишув тузишда муҳим шарт­лардан бирига айланди.

Миллий қонунчилигимизга биноан жиноят иши суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг айбга иқрорлик бўйича келишуви судга келиб тушган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади. Келишув тасдиқланган ҳолларда суд айблов ҳукми чиқариб, жазо тайинлайди.

Бироқ жиноят бўйича та­йинлана­ди­ган жазо муддати ёки миқдори Жи­ноят кодексининг тегишли моддасида ёки қисмида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.

Хулоса қилиб айтганда, хал­­қаро май­донда самарали фойдаланилаётган процессуал институтларнинг мамлакатимиз жиноят, жиноят-процес­суал­ қонунчилигига киритилиши, ўз нав­батида, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳи­моя­си янада юксак поғонага кўтарилишида муҳим омил бўлади.

Шуҳрат Аҳмедов,

Наманган вилояти суди судьяси,

Наргиза Шарипова,

жиноят ишлари бўйича

Наманган тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: