ЮЗЁРУҒЛИК
Мамлакатимизда судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида ўтган йили 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Улар орасида фарғоналик Иброҳим Тожибоев ва Нодиржон Носиров ҳам бор.
Иброҳим Тожибоев «FARG’ONA NEFT BAZASI» унитар корхонаси раҳбари, Нодиржон Носиров эса, корхонанинг нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган. Улар жиноят ишлари бўйича Бувайда тумани судининг 2017 йил 16 январдаги ҳукмига биноан судланишган.
Суд ҳукмида қайд этилишича, икки ҳамкасб мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда 2015 йил декабрь ойидан 2016 йил июль ойига қадар «DIZEL GRANT FAYZ» масъулияти чекланган жамиятига 300 тонна 42 килограмм, «MANNON OIL PRODUCT» масъулияти чекланган жамиятига 73 тонна 770 килограмм, «FISH PETROLEUM» масъулияти чекланган жамиятига 378 тонна 285 килограмм, «Kamoliy+MR» масъулияти чекланган жамиятига 11 тонна 450 килограмм монопол маҳсулот бўлган техник мойни биржа котировка нархларига нисбатан паст нархларда сотишган.
Бу ҳаракатлари билан улар Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сонли қарори билан тасдиқланган «Моддий-техника ресурслари стратегик турларини сотишнинг махсус тартиби тўғрисида»ги Низом ҳамда 2011 йил 21 июнда қабул қилинган «Маҳсулотларнинг монопол турларини товар-хомашё биржаси орқали сотиш рўйхатини янада кенгайтириш ва ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 185-сонли қарори талабларини қўпол равишда бузган ҳолада унитар корхона манфаатларига 1 569 447 900 сўм миқдорида зарар етказганликда айбдор деб топилган.
Суд корхона раҳбарини 1 йил, бўлим бошлиғини эса, 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар бирига энг кам иш ҳақининг уч юз баравари (39 072 000 сўм) миқдорида жарима жазоси тайинлаган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари муқаддам ноҳақ судланган ҳамюртларимиз сингари Иброҳим Тожибоев ва Нодиржон Носировга ҳам катта умид бағишлади. Улар асоссиз ва ноқонуний айбланганини билдириб, Олий судга мурожаат қилишди. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 23 декабрдаги ажримига асосан жиноят иши қуйи инстанцияларга янгидан кўриш учун юборилди.
Апелляция суди мажлисида дастлабки тергов органи ва биринчи босқич суди Иброҳим Тожибоев ва Нодиржон Носировга жазо тайинлашда Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Олий Суд Пленумининг тегишли қарорлари талабларига амал қилмагани аён бўлди. Хусусан, текшириш хулосаларининг қайси асосларга биноан ишончга сазоворлигини қўшимча далиллар тўплаш орқали текширмасдан, текшириш далолатномалари ва гувоҳ М. Маматов кўрсатмасининг ўзигина уларни айблаш учун етарли далил бўла олиши ёки йўқлигига ҳуқуқий баҳо бермаган. Қолаверса, ҳар иккала судланувчини гувоҳлар Б. Турсунов, Ш. Жамолов, А. Исматуллаев ва А. Бобожоновнинг кўрсатмаларини ҳисобга олмасдан, фақат тахмин ва фаразларга асосланган ҳолда айбдор деб топган. Бу билан суд жиноят ишини юритишнинг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган ва барча судлар учун ягона ҳамда мажбурий бўлган ҳақиқатни аниқлаш ва айбсизлик презумпцияси талабларини бузган.
Бундан ташқари дастлабки тергов органи ва суд гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда бошқа тақдим қилинган ҳужжатларни ишончга сазовор далиллар билан ҳақиқатга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини аниқламай, асослантирилмаган ҳужжатли тафтиш юзасидан тузилган хулосаларни нима сабабдан мақбул далил деб эътироф этганини ёритиб бермаган.
Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши, 83-моддасида эса, иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, содир этилган жиноятга дахли бўлмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айбсиз деб топилиши ва реабилитация қилиниши белгиланган. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Бувайда тумани судининг 2017 йил 16 январдаги ҳукмини бекор қилиб, И. Тожибоев ва Н. Носировни Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» бандларига мувофиқ айбсиз деб топиб, оқлади. Бундан ташқари уларга реабилитация қилиниши муносабати билан етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддаларида тартибида ҳал қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Шу тариқа икки ҳамкасбнинг эл-юрт, қўни-қўшни, қавму қариндош ва ёру дўстлари орасида юзи ёруғ бўлди. Улар энди адолат тантанасини умр бўйи қалбларида ҳис қилишади. Бу эса, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг амалий ифодасидир.
Фарҳоджон ҒАНИЕВ,
Фарғона вилояти суди
раиси ўринбосари,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш