ХАВФЛИ ГИРДОБ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Бу борада тегишли қонун ва қарорлар қабул қилиниб, хавфли илллатга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Хусусан, мазкур масалага бевосита масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил қилинди. Энг муҳими, ҳар бир соҳа фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳаётий мисоллар асосида кенг кўламли ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳам йўлга қўйилган. Аммо…
Афсуски, айрим кимсалар ўзининг боши деворга урилмагунча кўзларини очмаяпти. Энг ачинарлиси, айни шу тоифадаги шахслар моддий манфаатга дуч келганида нафсини жиловлай олмаяпти. Оқибатда эл-юрт орасида бошлари эгилиб, юзшувут бўлиб қолмоқда.
Оқ халат кийиб, «шифокор» деган шарафли номга сазовор бўлган Роҳила Боқижонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2020 йил 4 мартдан 2020 йил 29 июнга қадар — атиги 4 ой давомида Норин тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаган. Бироқ у ана шу қисқа вақт мобайнида нафс домига тушишга «улгурди».
Гап шундаки, 2020 йилнинг май ойида унинг уйига эски таниши Санобар Турдибоева келиб, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли «Сирмоқ» қишлоқ врачлик пунктига патронаж-ҳамшира вазифасига ишга кириш ниятида эканини айтади.
— Майли, ишга оламан. Лекин бунинг ўзига яраша харажати бор, — дейди Р. Боқижонова.
Р. Боқижонова ишга кириш «харажати»ни 300 АҚШ доллари қилиб белгилайди ва 15 май куни 200 долларни пора тариқасида олади.
Орадан 10 кун ўтиб, Санобар унга яна 100 доллар беради. Бироқ негадир уни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқнинг чиқиши чўзилиб кетади.
Санобар қайта-қайта сўрайвергач, бирлашма бошлиғи унинг 0,5 ставкага ишга қабул қилиш ҳақидаги аризасига қўл қўйиб, бирлашма иқтисодчиси З. Ўрмоновага берганини маълум қилади.
Шунга кўра, Санобар иқтисодчига учрашади ва ундан ишга жойлашгани тўғрисидаги буйруқни олади. Лекин тахминан бир-икки ой ишласа-да, унга ойлик иш ҳақи ҳисобланмайди. Сабабини сўраганда, Р. Боқижонова маош кейинги ойга тўланишини айтади.
— Менга ярим ставканинг ойлиги камлик қиляпти. Бир ставкага ўтказишнинг иложи борми?, — деб сўрайди Санобар орадан бир неча ой ўтгач.
— Яна юз доллар берсангиз, тўлиқ ставкага ўтдим деяверинг, — дейди Р. Боқижонова.
Бу гапни эшитган С. Турдибоева эртаси куниёқ ота-онасидан 100 доллар олиб, бирлашма раҳбарига беради.
Пулни кўриб «эриб» кетган Р. Боқижонова эса, дарҳол ҳамширадан тўлиқ штат бирлигига иш қабул қилиш хусусида ариза ёздириб олади. Лекин орадан анча вақт ўтса-да, Санобарнинг маошидан дарак бўлмайди. Шу боис у бирлашма бош ҳисобчиси О. Раҳимжоновга учрашади. Бош ҳисобчи амалда мавжуд бўлмаган штат бирлиги учун иш ҳақи ҳисоблай олмаслигини маълум қилади.
Шундагина С. Турдибоева алданганини англаб етади ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилади.
Буни қарангки, ўша куниёқ қишлоқ врачлик пунктида ишловчи ҳамширалар унинг уйига ичига 200 доллар ва бир миллион 20 минг сўм солинган конвертни ташлаб кетади.
Шундан сўнг Санобар Роҳилага уяли телефони орқали қолган 100 долларини қачон қайтаришини сўраб, хабар жўнатади. Кўп ўтмай келган жавобда эса, Р. Боқижонова қолган пулни бир-икки кунда қайтариб беришини билдиради.
22 август куни Санобар яна ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этиб, қайтариб олинган пулларни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Норин тумани бўлимига тақдим қилади. Оқибатда Р. Боқижоновага нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Норин туманидаги 27-умумтаълим мактаби директори Соҳибжон Эрмаматов ҳам нафс қутқусига алданганлардан бири. У ўтган ўқув йили бошида янги иш бошлаган «Ҳуқуқ» фани ўқитувчиси Жўрамирза Асадуллаевни хонасига чақиртириб, очиқчасига мактабга ишга қабул қилиш ўз-ўзидан бўлмаслигини, яъни озгина «чиқим» қилиши зарурлигини айтади.
— Хўш, қанча беришим керак? — дея дангал сўрайди Жўрамирза ҳам.
Директор «чиқим» миқдорини 150 АҚШ доллари қилиб белгилайди. Бироқ бу ишнинг жиноят эканини яхши билган ҳуқуқшунос ўқитувчи мактаб директорининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, 6 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси «Ишонч телефони»га мурожаат қилади. Департамент ходимлари галдаги суҳбатни ёзиб олиш учун унга овоз ёзиш қурилмасини топширишади.
8 октябрь куни директор телеграмм канали орқали Жўрамирзага «Эртага хонамга келинг, дарсингизни 13,5 соат қилиб қўйдим» деган хабарни ёзиб юборади. Бу эса, директорнинг пулни олиб келишга ундови эди.
Ж. Асадуллаев айтилган вақтда директорга учрашади ва атайин баҳона қилади.
— Укам талаба, шароитимиз унча яхши эмас. Шунинг учун ҳозирча юз доллар бериб турай.
— Ука, бозор қилиб юбордингиз-ку. Майли, эртага юз долларини олиб келасиз. Қолганини кейинги ойлигингиздан берасиз, — дейди раҳбар.
Эртаси куни Жўрамирза кимёвий ишлов берилган 1 миллион 30 минг сўм пулни мактаб раҳбарига олиб келиб беради. Шундан сўнг директорга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Албатта, қонун устуворлиги таъминланган жамиятимизда ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Яқинда ушбу жиноий ишлар жиноят ишлари бўйича Норин тумани судида кўриб чиқилди.
Суд Роҳила Боқижонова ва Соҳибжон Эрмаматовга қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.
Мулоҳаза қилиб кўрилса, тиббиёт ва таълим соҳасида раҳбар лавозимида ишлаган шахсларнинг коррупция гирдобига тушишига уларнинг нафсига учгани аён бўлади. Нафсини жиловлай олмаган бу кимсаларнинг аянчли тақдири бошқалар учун ўрнак бўлса, ажаб эмас.
Зеро, коррупция гирдоби касбу лавозим танламайди.
Жасур ҚУРБОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Норин тумани суди раиси
Фикр қолдириш