ҚАРЗ ЮКИ ҚОНУНЧИЛИКДА ҚАНДАЙ ТАРТИБГА СОЛИНГАН?

Бировга қарз бериш орқали муҳтож кишининг оғирини енгил қилиш яхши, албатта. Бироқ қарз олувчининг муаммоси ҳал бўлиши асносида қарз берувчида пайдо бўладиган муаммо ва кейинчалик икки ўртада келиб чиқадиган низо бундай яхшиликнинг савобини йўққа чиқариши ҳам бор гап.

Афсуски, бугунги кунда қарз масаласи билан боғлиқ низолар оз эмас.

Фуқаролик судларида кўрилаётган низоларнинг салмоқли қисмини ҳам қарз ол­ди-бердисига тааллуқли иш­лар ташкил этади. Шунинг ўзиёқ бугунги кунда одамлар ўртасидаги қарз муносабатлари нечоғли оғ­риқли тус олиб бораётганини кўрсатади.

Одатда, жисмоний ва юридик шахс­лар ўртасидаги зиддият, можаролар суд муҳокамасига сабаб бўлади. Ўрни келганда шу­ни айтиш жоизки, қарз боис чин дўст­лар, ҳатто ака-ука, ота-она, қариндош-уруғ, ҳамкасб биродарлар ҳам бир-бири би­лан юз кўрмас бўлиб кетиши мумкин.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Хонқа туманидаги Сарапоён қишлоғида яшовчи Жасур Маҳмудов ва унинг қўшниси Иброҳим Раҳимов (исм-шарифлар ўз­гартирилди) ўртасида қарз­­ олди-бердиси боис бошланган оддий баҳс-мунозара пировардида катта можарога айланиши, оқи­батда ўртадаги муносабатларга жиддий путур етишини улар ававалбошданоқ анг­лай олишмади. Оқибатда 2018 йилнинг октябрь ойи­да И. Раҳимов Ж. Маҳмудовга берган 5 миллион сўм миқдоридаги қарз орадан ярим йил ўтса ҳамки эгасига қайтмади. Қарздор пул эгасининг қатор талаб ва сў­ров­ла­рини оқибатсиз қолдирди. Пировардида эса, қарз­ни қайтариш мажбурияти зиммасида эканини очиқчасига инкор этиб қўя қолди.

Таассуфки, ҳаётда ваъда вафоси билан гўзал эканини хаёлига ҳам келтирмайдиган кимсалар учраб туради. Жамият ҳаётининг ўз йўриғи, талаб-у та­қозолари бор ва у халқи­миз ҳоҳиш-иродасига ­ҳа­м­­о­ҳанг тарзда яратилган қонунлар, тартиб-таомиллар, қоида ва тамойилар тимсолида муносиб ифодасини топган.

Масаланинг амалий ва ҳуқу­қий ечимлари амалдаги Фуқаролик кодексида аниқ ва муфассал ифодасини топган. Унда белгиланган қоидаларга изчил риоя этган киши пулига ҳам, молига ҳам «ку­йиб» қолмайди.

Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тараф (қарз олувчи) га қарз шартномаси асосида пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз­ олувчи эса, уни берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча қийматдаги пул ёхуд ашёларнинг хили, сифати, миқдорига баравар мулк-бисот (қарз суммаси) ни қайтариб бериш мажбу­рия­тини зиммасига олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган ва қабул қилиб олинган пайтдан эътиборан кучга киради.

Бироқ масаланинг бош­­­қа бир эътиборли жиҳати ҳам бор. Ушбу кодекснинг 733-моддасида уқдирилишича, фуқаролар ўр­та­си­даги қарз шартномаси, агар унинг ҳажми энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўл­са, оддий ёз­ма шаклда, башарти, тарафлардан би­ри юридик шахс бўл­ганида эса, унинг қийматидан қатъи назар, ёзма равишда тузилиши шарт. Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя этмаслик ушбу кодекснинг 109-моддасида уқдирилганидек, унинг ҳақи­қий эмаслигига олиб келмайди, аммо низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганини гувоҳларнинг кўр­сатма­лари билан тасдиқлаш ҳу­қу­қидан маҳрум қилади. Тарафлар битимнинг тузилгани, мазмуни ёки бажарилганини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидир.

Қонунда ёхуд томонларнинг келишувида тўғ­ри­дан-тўғри кўрсатилган ҳолларда битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳа­қиқий эмаслиги билан боғлиқ оқибатларга олиб келади.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки қарз берувчи тарафидан муайян ҳажмдаги пул ёки ашёлар топширилганини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳи­собланади. Қо­нун талабига мувофиқ, қарз олувчи унинг суммасини тегишли шартномада назарда тутилган муддатда ёки тартибда эгасига қайтариши шарт. Ушбу омил қарз берувчиларнинг қонун билан қў­риқланадиган ҳуқуқ­лари ҳимоя қи­линишини кафолатлайди. Берилган пул ёки ашёларни қайтариш муддати шартномада бел­гиланмаган ҳолда, уни олувчи тараф берувчи шахснинг ушбу қарзни қайтаришга оид талабини шу ҳақда сўров олинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида бажариши лозим.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, қарз муносабатларидан келиб чиқадиган барча ҳолатлар ва унинг ҳуқуқий ечимлари қонун ҳужжатларида муфассал белгилаб қўйилган. Чунончи, қарз олувчи пул ёки бошқа ашёларни берувчидан амалда олмагани ёки шартномада кўр­са­тил­га­нидан кам миқдорда олганини исбот қилиб, мазкур ҳужжат юзасидан даволашиш ҳуқуқи­га эга. Ёзма шаклда тузилиши зарур бўл­ган қарз шартномаси бў­йича гувоҳларнинг кўр­сатмалари ёр­дамида даволашиш эса, мумкин эмас. Қонун шарт­номани алдаш, зўрлик иш­латиш, таҳдид қилиш, тазйиқ ўтказиш йў­ли билан ёхуд қарз олувчининг вакили берувчи тараф билан ёмон ният­да келишиши оқибатида ёки қи­йин вазиятлар таъсирида тузишни қо­ра­лай­ди.

Қарз шартномаси юзасидан даволашув жараёнида тегишли қимматликлар ҳа­қиқатан ҳам, берувчи тарафдан олинмагани аниқланса, низо объекти сифатида муҳокама этилаётган ушбу ҳужжат тузилмаган ҳисобланади.

Қарздор тараф пул ёки ашёларни берувчидан шартномада кўрсатилганидан амалда кам миқдорда олган ҳолларда  мазкур ҳужжат ана шу миқдордаги қим­мат­лик­лар юзасидан тузилган ҳисобланади.

Қарз борасида баён этилгани сингари ҳуқу­қий­ асослар юқорида исм-шарифи зикр қилинган фуқаролар ўртасида ҳам рўй бергани аниқланди. Маълум бўлишича, И. Раҳимов берилган қарзни музокара, муроса йўли билан ундиришнинг иложи қолмагани боис судга мурожаат қилган. Бу жараёнда қарз олувчи Ж. Маҳмудов ўзи келтирган далилларни тасдиқлай олмади.

Тарозида эса, қарз берувчининг далил-исботлари тош босди. Суд унинг қонуний талабини қаноатлантирди. Қарз­дорлик бар­тараф қилинди.

Бундан кўринадики, қарз оқилона ва самарали фойдаланган ҳалол кишилар учун чиндан ҳам, қулай имконият. ўараз ният­ни кўз­лаганлар учун эса, мисоли боши берк кўча. Омонатга хиёнат йў­лига кирганларнинг егани ҳеч маҳал юқ­майди, рўзғори ҳам бут бўлмайди. Турмушнинг паст­қам, хатарли кўчаларидан софдиллик, ҳалоллик, поклик янглиғ инсоний фазилатларга қўл берган кишиларгина чиқиб кета олишади. Қарз масаласида эса, мудом бўш ваъда-ю, қу­руқдан-қуруқ сўзлар, уни олиш ва беришга оид жим-жимадор «далил-исботлар»га эмас, балки қо­нунга, одамийлик мезонларига суянмоқ даркор.

Сардор Каримов,

фуқаролик ишлари бўйича

Урганч туманлараро суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: