ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИГА ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА ШИКОЯТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ
Ўзбекистон Республикаси Олий судига иқтисодий ишлари бўйича апелляция тартибида шикоят қилиш тартиби
Иқтисодий процессуал кодексининг 260-моддасига мувофиқ, Олий суднинг Иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанцияда кўрилган иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқади.
Мазкур кодекснинг 261-моддасига кўра, апелляция шикояти Олий суднинг Иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати номига ёзилиб, ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида қарор чиқарган судга топширилади.
Ушбу муддат ўтказиб юборилган бўлса, ИПКнинг 262-моддасига асосан, апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиб, муддатни тиклаш ҳақида апелляция инстанцияси судига илтимоснома билан мурожаат қилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий судига иқтисодий ишлар бўйича кассация тартибида шикоят қилиш тартиби
ИПКнинг 283-моддасига биноан, биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган кассация шикояти Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.
Ушбу кодекснинг 284-моддасига кўра, кассация шикояти Олий суднинг Иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.
Мазкур кодекснинг 285-моддасига асосан, кассация шикояти апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.
Кассация шикояти беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома кассация шикоятини бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва кассация шикоятини бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
ИПКнинг 294-1-моддасига кўра, кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги масала иш судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 305-1-моддасига асосан, ушбу кодекснинг 282-моддасида кўрсатилган шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарларига ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисидаги ариза кассация шикояти (протести) бериш муддати ичида, мазкур муддат ўтказиб юборилган ҳолларда эса, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.
Апелляция ва кассация шикояти бериш ҳуқуқига эга шахслар
ИПКнинг 259, 282-моддаларига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилинган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга, биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилган ишлари бўйича суднинг қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақли.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга, биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилган ишлари бўйича суднинг қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақли, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан тўлиқ ёки қисман кассация тартибида шикоят қилиниши мумкин.
ИПКнинг 265 ва 288-моддаларига мувофиқ шикоятга
давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция (кассация) шикояти ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
апелляция (кассация) шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, вакилнинг имзолашга доир ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома) илова қилиниши керак. Ишончномада вакилнинг апелляция ёки кассация шикоятини имзолаш ваколати махсус кўрсатилган бўлиши лозим.
Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига хорижий инвесторлар томонидан даъво ариза ва шикоят бериш тартиби
ИПКнинг 34-моддасига кўра, йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тақдим этилиши мумкин.
Йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар, шунингдек, товар ва молия бозоридаги рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига тақдим этилиши мумкин.
Апелляция (кассация) шикояти бераётган тараф
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга (давлат божи ставкаларининг 2-кичик банди) асосан, суд қарори билан ундириш белгиланган, агар қарорда кўрсатилмаган бўлса, даъво ариза берилганда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган давлат божи ставкасининг 50 фоизи миқдорида давлат божи (мазкур қонуннинг 8-моддасида кўрсатилган давлат божи тўлашдан озод қилинган шахслардан ташқари) ҳамда БҲМнинг 8% миқдорида почта харажати тўлайди (ҳозирда 245 000*8% = 19 600 сўм).
Олий суднинг давлат божи тўланадиган ҳисоб рақами:
4014 1086 0426 2773 4221 03011 (иқтисодий ишлар бўйича)
Почта харажати тўланадиган хисоб рақами:
4014 1086 0262 7779 5010 0011 001
Фикр қолдириш