АСОССИЗ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ ВА ТАДБИРКОРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ
Қувасой шаҳри давлат солиқ инспекцияси Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритиб, шаҳардаги «SUBMARINE SHARK» масъулияти чекланган жамиятига 106 миллиард 982 миллион 114 минг 262 сўмлик молиявий жарима қўллашни сўраган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, «SUBMARINE SHARK» масъулияти чекланган жамиятининг айби нима, нега унга нисбатан молиявий жарима қўллаш керак бўлиб қолди?
Аниқланишича, масъулияти чекланган жамият 2020 йил 13 июлдан 26 октябрга қадар 11 та корхона ҳамда 6 та фермер хўжалигининг 28 миллион 351 минг 764 АҚШ доллари миқдоридаги муддати ўтган дебитор қарздорлигини қабул қилиб олган. Аммо ўзи бирорта ҳам ташқи савдо шартномаларини имзоламаган. Марказий банк ва Фарғона вилояти божхона бошқармасининг тегишли маълумотномаларида «Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими»да 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, «SUBMARINE SHARK» масъулияти чекланган жамиятининг ташқи савдо операциялари бўйича 13 миллион 970 минг 763 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжудлиги қайд этилган.
Қувасой шаҳри давлат солиқ инспекцияси эса, ана шу маълумотларга таяниб, судга давъво ариза киритган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 24-бандига асосан экспорт контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати товарларга нисбатан «экспорт» божхона режими бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан, хизматларга (ишларга) нисбатан эса, бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги керак. Бунда енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) таъсири юзага келган ҳолатда хорижий валютадаги тушумнинг тушиши муддати ушбу таъсир юз берган давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган енгиб бўлмайдиган кучнинг амал қилиши даврига узайтирилади. Қолаверса, ушбу Низомнинг 27-бандига мувофиқ чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар, шунингдек, «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида товарларни юртимизга олиб кириш ва расмийлаштириш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни 30 банк кунидан ортиқ таъминламаган импорт қилувчилар (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун 60 банк куни) белгиланган муддатлар тамом бўлгандан кейин 180 кунгача кечикканда тушмаган валюта маблағлари ёки «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилмаган товарлар, шунингдек, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар суммасининг 10 фоизи, 180 кундан 365 кунгача кечикканда 20 фоизи, 365 кундан ортиқ кечикканда 70 фоизига тенг миқдорда бюджетга қўшимча жарима тўлайди.
Бинобарин, Қувасой шаҳри давлат солиқ инспекцияси ушбу Низом талабларидан келиб чиқиб, жавобгарга нисбатан 106 982 114 262 сўмлик жарима қўллашни сўраган.
Бироқ судда кўрсатма берган Фарғона вилояти божхона бошқармаси мутахассиси «SUBMARINE SHARK» масъулияти чекланган жамияти қабул қилиб олинган дебитор қарздорликлар учун жавобгар эмаслигини, аксинча, хорижий корхона билан экспорт ва импорт шартномасини тузган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилиши кераклигини билдирди.
Ана шу асосларга биноан суд хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилишини инобатга олиб, Қувасой шаҳри давлат солиқ инспекциясининг даъво аризасини қаноатлантиришни рад этди. Бунга солиқчиларнинг молиявий жарима бўйича даъво ариза киритишда қонун талабларини бузишгани сабаб бўлди.
Чунки Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддасида «Ишни кўриш вақтида давлат органи ёки бошқа орган, юридик шахс, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир. Хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин. Хусусий ажрим тегишли давлат органлари ва бошқа органлар, юридик шахслар, мансабдор шахслар, фуқароларга юборилади. Улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шарт. Агар суд низони кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар қилади» деб белгиланган.
Шу боис суд даъво талабларини рад этиш билан бирга Қувасой шаҳри давлат солиқ инспекциясининг «SUBMARINE SHARK» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги талаби, ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими дастурида 28 351 764 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган дебиторлик қарздорликни шаклланиши, жавобгар ва 17 та хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган экспорт шартномаси бўйича қабул қилиб олинган дебитор қарздорликни қонунийлиги ҳамда дастурга киритилган маълумотларга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича хусусий ажрим чиқариб, Давлат солиқ қўмитасига юборди.
Кўриниб турганидек, масалага юзаки ёндошилгани туфайли тадбиркор сарсон бўлди. Суд ёрдамида бузилган ҳуқуқлари тикланган тадбиркор бошидан ўтказган воқеа тафсилоти бошқаларга ҳам сабоқ вазифасини ўташи зарур. Зеро, ҳар бир ишда қонунга риоя этган киши ҳеч қачон ютқазмайди.
Ҳусниддин ЖАМОЛИДДИНОВ,
Фарғона туманлараро
иқтисодий суди судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш