МУЛКДОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИНИНГ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ АҲОЛИГА МУНОСИБ ТУРМУШ ШАРОИТИ ЯРАТИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Аввало шуни айтиш керакки, Конституциямизнинг 53-моддасига кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Мулк­дор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Шу асосда юртимизда хусусий мулк устуворлигини таъминлаш ва унинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтиришга оид бир қатор қонунлар қабул қилинди.

Бунда, айниқса, 2020 йил 23 де­кабр­да «Мулкдорлар ҳу­қуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши му­­носабати билан Ўзбе­кистон Республикасининг айрим қо­нун ҳужжатларига ўз­гартиш ва қўшим­ча­лар киритиш тўғ­ри­сида»ги қо­нун қа­бул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур қонун аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, мулк­дорларнинг қо­нуний ҳу­қуқ ва манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Мазкур қонуннинг қабул қи­линиши билан амалдаги бир қатор қонун ва меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — хусусий мулкни ҳимоя қи­лиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Узоқ йиллардан буён ижтимоий ҳаётда баъзан адолатсизликка учраган мулкдорларнинг тақдири турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётганди. Мулкдорлар ҳу­қуқлари бундан буён ҳуқу­қий жиҳатдан кафолатланди, десак, тўғри бўлади.

Чунки ушбу қонунга мувофиқ, ўтган йил­нинг 23 декабридан бошлаб ер участка­ла­рини давлат ва жамоат эҳ­тиёжлари учун олиб қўйиш фақат қуйидаги мақсадларда:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўр­сатиши учун ерлар бериш;

Ўзбекистон Республикасининг халқа­ро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб олиш;

автомобиль ва темир йўл­лар, аэ­ропорт­лар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темирйўл транспорти объект­лари, кўп­рик­лар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият­ объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш;

аҳоли пунктлари бош режаларининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуришга оид қисмини­ ижро этиш мақсадида, шунингдек, қонунларда ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида тўғридан-тўғ­ри назарда ту­тилган бош­қа ҳолларда амалга оширилади.

Мулкдорлар ҳуқуқларининг чинаккам кафолати яратилар экан, амалдаги Ер кодекси ҳам ўз­гар­тиришлардан четда қолгани йўқ. Унга кўра, эндиликда ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи ер участ­касини олиб қўйиш ҳа­қи­даги тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарори ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўл­маган тақдирда, бу қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

Корхоналар, бинолар ва иншоотлар қуриш учун ер участ­каларини олиб қўйиш­дан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар лойи­ҳалаш бошлангунга қадар ҳудудни комплекс ривожлантиришни таъминлашни инобатга олган ҳол­да объект қуриладиган жой, участканинг тахминий ўлчами ва уни ажратиш шарт­­­ларини ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар, шунингдек, тегишинча вилоят ёки туман (шаҳар) ҳокими ёхуд Вазирлар Маҳкамаси билан олдиндан келишиб олиши шарт.

Бундай тарзда келишиб олинмагунга қадар лойиҳа ишларини молиялаштиришга йўл қўйилмайди.

Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳамда объект қу­риладиган жойни олдиндан келишиб олиш, шунингдек, ер ажратиб беришни расмийлаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Юқорида қайд этилган ян­ги қонун билан амалдаги «Хусусий мулкни ҳимоя қи­лиш ва мулкдорлар ҳуқуқ­ла­рининг кафолатлари тўғ­рисида»ги қо­нунга ҳам бир қа­тор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Унга кўра:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳо­ким­ла­ри­нинг олиб қўйилаётган ер участ­касида жойлашган кўч­мас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қа­рори фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилинади.

Ер участкасини олиб қў­йиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган, ер участ­касини олиб қў­йиш муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан, бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бош­қа харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғ­рисида қарор қабул қилишга олиб қў­йи­лаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган тақдирда эса, суд қарорида белгиланган жисмоний ва юридик шахс­ларнинг зарарлари, шу жумладан, бой берилган фойдаси ва қо­нун­чиликда назарда тутилган бошқа харажатлари қопланганидан сўнг йўл қўйилади.

Ер участкасини олиб қў­йиш ва уй, бошқа иморатлар, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-да­рахт­ларни қўпориб ташлаш тўғ­рисидаги қа­рор аҳоли пункт­ларининг бош режаларига, шу­нинг­дек, турар жой даҳалари ҳамда кичик даҳаларини батафсил режалаштириш ва қуриш ло­йи­ҳаларига мувофиқ қабул қилинади.

Олиб қўйилаётган ер участ­касидаги уй, бошқа иморатлар, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахт­лар­ни­ қў­пориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бў­йича олдиндан ва тўлиқ қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди.

Давлат органлари уй, бош­­­қа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтларнинг мулк­дорини қабул қилинган қарор тўғрисида бузиб ташлаш бошланишидан камида олти ой олдин, билдиришномага те­гишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жў­қорғи Кенгеси, халқ депутатлари ви­лоят­­лар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорининг кў­чирма нусхасини илова қилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Олиб қўйилаётган ер участ­каларидаги уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бунда хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинаётганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати ана шу мол-мулк бевосита олиб қўйилишидан олдинги пайт­даги ёки олиб қў­йилиши ҳа­қи­да­ги хабар мол-мулк­­­нинг қийматига таъсир кўрсатган пайт­даги ҳо­латга кўра, баҳоловчи ташки­лот томонидан белгиланади.

Мулкдор хусусий мулк ҳу­қуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қа­рорга рози бўлмаган тақдирда, бу қа­рор суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар амалга оширилиши мумкин эмас. Низони кў­риб чиқишда мулк­дорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари ҳам ҳал этилади.

Ер участкасини олиб қў­йиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участка­сида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган, ер участ­касини олиб қў­йиш муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан, бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бош­қа харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши ло­зимлиги ҳа­қидаги нормалар шу пайтга қадар қо­нун­чи­ликда мавжуд эмас эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, айнан ушбу қонунда давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиз эканлиги белгиланди. Эндиликда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ҳамда бекор қилинмаслиги хусусий мулкнинг ҳақи­қий кафолатига айланди. 

Бундан ташқари қуйидаги кўчар ва кўч­мас мол-мулк, яъни:

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштирилган корхоналарда давлат мол-мулкини хусусийлаштиришни амалга ошириш пайтида аниқланмаган кўчар ва кўчмас мол-мулк;

корхона ҳудудида жойлашган, давлат тасарруфидан чиқаришни ва хусусийлаштиришни амалга ошириш пайтида тасарруф этиш ҳуқу­қи­сиз фойдаланишга берилган кўчар ва кўчмас мол-мулк давлат тасарруфидан чиқарилган ҳамда хусусийлаштирилган корхоналарнинг мол-мулки деб эътироф этилиши белгиланди.

Қонунга мувофиқ, давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган ва хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно.

Бундай буён давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қий­матини баҳолаш натижаларини қай­­та кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас, деб топиш ва бекор қилиш масалалари юза­сидан давлат ор­ганлари, шу жумладан, назорат, ҳу­қуқ­ни муҳофаза қи­лувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш тақиқланади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қи­лишни кучайтириш, уларга янада қулай шарт-шароитлар яратишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, ўз нав­батида, хусусий мулк­чилик­нинг иқтисодиётни ривожлантиришдаги ҳиссасини янада оширади.

Бу борада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мукаммаллиги ва ошкоралиги, давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилувчиларга янада кенг қулайликлар яратиш мақсадида аҳолининг барча қатламлари учун кўрсатиладиган интерактив хиз­матларни кенгайтириш, фойдали дастурий таъминотларни амалиётга изчил татбиқ этиб бориш олдимизда турган устувор вазифадир.

Мақсудбек Саидов,

Тошкент шаҳар суди

раиси ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: