ҚАРЗДАН ҚУТУЛАМАН ДЕБ 23 ЁШЛИ ЙИГИТ ИККИ КИШИНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ
Умр яратганнинг бандаларига берган бебаҳо инъомидир. Шу боис ўзга шахсни тириклик неъматидан бебаҳра этиб, унинг ҳаёт шамини бевақт ўчиришга ҳеч ким ҳақли эмас. Буни Бош қомусимизнинг 13-моддасида қайд этилган «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади» деган конституциявий қоида ҳам тасдиқлайди.
Аммо Ўзбекистон туманида яшовчи Равшанбек Мирзаёқубов бўйнидаги қарзидан қутулиш мақсадида қабиҳ жиноятга қўл урди. Устига-устак танишлари Фазлиддин Толипов ва Собиржон Останақуловни ҳам ўзининг жиноятига шерик қилди.
Тергов ва суд жараёнида аниқланишича, Равшанбек гоҳ шахсий «Matiz» русумли автомашинасида киракашлик қилар, баъзида эса, қассобчилик билан ҳам машғул бўларди. Бироқ топганини расамати билан сарфламагани боис қўлида пул турмасди. Шунинг учун 2019 йилнинг октябрь ойи ҳолатига кўра, электр энергиясидан 16 000 000 сўм қарз бўлиб қолади. Оқибатда Мажбурий ижро бюроси ходимлари унинг уйини электр тармоғидан узиб кетишади. Қолаверса, ўша пайтда Р. Мирзаёқубовнинг бошқа танишларидан ҳам қарзи кўпайиб кетиб, ҳақдорлар эшигини қоқиб келаверишади. Ҳисоблаб кўрса, жами қарзи 27 000 000 сўмга етиб қолган экан. Шунда «Нима қилсам бўларкин, бу қарз балосидан қандай қутулсам экан?» — деган ўй унинг фикру хаёлини эгаллаб олади. Охир-оқибат бирорта пулдор кимсаникига ўғирликка тушишни режалаштиради. Бу хусусда Фазлиддин ва Собирга айтганида, улар айни режани маъқуллашмайди.
Буни қарангки, ана шу жиноий қилмишни амалга ошириш учун бош қотириб юрган кунлари — 2019 йил декабрь ойининг бошларида у Қўқон шаҳрига, С. Останақулов устачилик қилаётган бир хонадонга ёрдамга боради. Ўша дамда хонадонга қўшни бўлган Дўстмурод Ҳалимовнинг шаҳарнинг энг обод маҳаллаларидан ҳовли сотиб олмоқчилигидан хабар топади. «Ҳозирги пайтда шаҳардаги ҳовлиларнинг ўртача нархи саксон минг доллардан кам эмас. Демак, Дўстмурод аканинг шунча пули бор экан-да?» — деган ўй келади бирдан унинг хаёлига.
— Ҳовли оламан, дейишига қараганда акахонда пул сероб шекилли. Унинг уйига бир меҳмон бўлсакмикан-а? — дея у маслаҳат солади Фазлиддин ва Собиржонга.
— Бу гапни хаёлингдан чиқар. Нима беш-олти йил «ўтириб» келмоқчимисан? — деб уни йўлдан қайтармоқчи бўлишди ошналари.
Лекин Р. Мирзаёқубовга бу насиҳатлар кор қилмади. Чунки у қандай йўл билан бўлмасин қарзидан қутулишни ўйларди. Шунинг учун янги йил байрами ўтган дастлабки кунларнинг бирида кечқурун Равшанбек Д. Ҳалимовнинг кўчасига «разведка»га борди. Яъни Дўстмурод аканинг хонадони атрофида кузатув камераси бор-йўқлигини билиб, текшириб келди.
Ҳатто ўша уйга қўшнининг девори ва томи орқали тушишни ҳам мўлжаллади.
Шундан сўнг — 2020 йил 5 январь куни у тунги соат 23.00 ларда «Matiz» автомашинасида Ф. Толипов ва С. Останақуловни Дўстмурод Ҳалимовнинг хонадони яқинига бошлаб борди. Аммо бу гал Фазлиддин ҳам, Собир ҳам унга қаршилик қилишмади. Аксинча, Равшанга «беминнат» ёрдам бериш учун унинг ортидан эргашишди. Энг қизиғи, у уйидан чиқаётганда скотч, арқон, уч жуфт қўлқоп сотиб олишни, шунингдек, қассобчиликда фойдаланадиган 2 дона пичоғини ҳам олишни унутмаганди. Бу эса, унинг мақсади фақатгина ўғирлик эмас, қаршиликка дуч келса, қотиллик қилишни ҳам режалаштирганидан далолат беради.
Хуллас, шундан сўнг улар анча берироқда ўғирликка тушиш учун қулай пайт пойлаб ўтиришади. Соат миллари 2020 йил 6 январь тунги 1.30 ларга етганда бояги ашёлар билан қуролланиб, боши ва қўлларига ниқоб кийиб, Д. Ҳалимовнинг ҳовлисига девордан ошиб тушишади. Р. Мирзаёқубов қўлида пичоқни кўриб, Ф. Толипов «ақлингни йиғиб ол» дейди унга. Кошки эди ўша дамда Р. Мирзаёқубовнинг қўлоғига гап кирса.
Шундан сўнг уччовлон ҳовлидан уйга киришади. Шунда диванда ухлаб ётган шахс қимирлаб қолади. Буни кўриб, улар бирдан тўхташади. Сўнг диван ёнига бориб, одеял устидан пичоқ санча бошлашади. Кутилмаган ҳамладан эсанкираб, бошини кўтарганда эса, жабрланувчи Д. Ҳалимовнинг турмуш ўртоғи Манзура Одилжонова эканини билиб қолишади. Кейин аёл дод солмаслиги учун баданининг яна дуч келган жойига пичоқ санчишади. Шу маҳал Дўстмурод ака ҳам чўчиб уйғониб кетади ва ўрнидан туриб, Р. Мирзаёқубовни тепиб юборади. Бундан эса, «қаҳрамонимиз» баттар тутоқиб кетади. Натижада унга ҳам ташланиб, хонадон соҳибининг дуч келган жойига пичоқ санчаверади. Аммо бу билан ҳам қаноатланмай Манзура опанинг бўйнига пичоқ тортиб юборади. Сўнг Фазлиддин ва Собирнинг кўмаги билан Д. Ҳалимовни ҳам шундай усулда шафқатсизларча ўлдиради.
Бироқ босқинчилар хоналарни, жовон ва сандиқларни титкилаб ҳам пул топа олишмайди. Кейин жиноий режалари амалга ошмаганидан хуноблари ошиб, Фурқат туманининг Қўқонбой қишлоғига келишади. Бу ерда эса, видеокузатувга тушиб қолганликларидан шубҳаланиб, кийимлар, арқон, қўлқоп, скотч, ниқоб ва пичоқларни бензин сепиб ёқиб юборишади.
Буни қарангки, қотилликдан кейин ҳеч қанча фурсат ўтмай, Ф. Толипов Қозоғистонга, С. Останақулов эса, Россия давлатига кетиш орқали жиноий жавобгарликдан қочишга уринишади. Фақат Р. Мирзаёқубов айбини бўйнига олиб, ички ишлар бўлимига мурожаат қилади.
Албатта, қилни қирқ ёрган қонун ҳимоячилари унинг кўрсатмалари асосида Фазлиддин ва Собирни ҳам тутиб келишади. Оқибатда қотил ҳамтовоқларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судида эса, ушбу иш кўриб чиқилди. Яъни суд Р. Мирзаёқубовни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “и”, “п” бандлари, 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари, Ф. Толиповни кодекснинг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “и”, “п” бандлари, 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари, С. Останақуловни кодекснинг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “и”, “п” бандлари, 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари билан айбдор деб топди. Шунга биноан, Р. Мирзаёқубовни умрбод, Ф. Толипов ва С. Останақуловга эса узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида уларга Жиноят кодексининг 76-моддаси тартибида авф этиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.
Шу ўринда бир гап. Жиноят иши материалларига кўра, Р. Мирзаёқубов 23 ёшда, Ф. Толипов 28 ёшда, С. Останақулов эса, 24 ёшда экан. Шундай экан, ҳали 25 ёшга ҳам кирмаган йигитнинг бир умр, 30 ёшни ҳам қораламаган ҳамтовоқларининг бўлса, салкам чорак аср умрини темир панжаралар ортида ўтказиши жуда жиддий, аянчли ва ўз навбатида, ўша туман, ўша маҳалла аҳли учун шармандали ҳолат эмасми? Жиноятчиларнинг ота-онаси қадди букилиб, эл-юрт олдида юзлари шувит бўлганичи?
Беҳзод ЭРГАШЕВ,
Фарғона вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш