ҚИММАТГА ТУШГАН АЛДОВ
Қўшни Тожикистон Республикасидан Сурхондарё вилоятида яшовчи жияниникига меҳмонга келган Шукур Қурбонов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ер участкаси сотиб олганда сарсонгарчиликка дуч келаман деб ўйламаган эди…
У Жарқўрғон туманида яшовчи жияни Бозорбой Жўрақуловникида меҳмондорчиликда ўтирган чоғида қизиқ гапни эшитиб қолди:
— Тоға, олдинги гал келганингизда, шу атрофда сотиладиган ер участкаси бўлса, сураб-суруштиргин, пулини қанча деса ҳам, майли, келишамиз, деган эдингиз. Қўшни қишлоқлик Собир аканинг сотиладиган ер участкаси бор экан. Эртага шуни бориб кўрсак, нима дейсиз?
Эртаси куни тоға-жиян Собир Маҳкамовнинг уйига боришди. Улар қисқа салом-аликдан сўнг қишлоқдан унча узоқ бўлмаган ер участкасини бориб кўришди. С. Маҳкамов 0,42 сотих ер участкаси келинига тегишлигини маълум қилди.
— Келиним ҳозир чет элга ишлагани кетган, яқинда ўзи ҳам келиб қолади, — деди у. — Аммо агар ер участкасига харидор чиқадиган бўлса, савдолашиб, сотиб юбораверинг, пулига намунали уй-жойлардан олмоқчиман, деб розилик берган. Агар савдомиз тўғри келса, ер участкаси сизники бўлади. Кадастр хужжатларини эса, келиним келгач, ўзининг гувоҳлигида расмийлаштириб берамиз.
Қисқа музокарадан сўнг савдо «пишди». 0,42 сотих ер майдони 18 минг АҚШ долларига сотилди.
Тез орада Ш. Қурбонов ер участкасида дастлабки қурилиш ишларини бошлаб юборди. Ер участкасини ҳужжатлаштириш С. Маҳкамовнинг келини ҳали ҳам қайтмагани баҳонасида ортга сурилаверди. Бу эса, Шукур аканинг кўнглига хавотир солди. Шу боис Жарқўрғон тумани «Ер-мулк кадастр» бўлимига мурожаат қилди. Шунда ушбу ер майдони фермер хўжалиги ҳисобида экани маълум бўлди.
Фириб тузоғига илиниб, «чув» тушганини англаб етган Ш. Қурбонов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилди.
Суриштирув ва тергов асносида С. Маҳкамов ўзгалар мулкига нисбатан фирибгарлик ва товламачилик жиноятларини содир этгани аён бўлди.
Суд фирибгарнинг жиноий кирдикорларини атрофлича ўрганиб чиқиб, унга нисбатан қонуний жазо тайинлашда Ш. Қурбоновга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганини инобатга олди.
Кези келганда шуни айтиш жоизки, бу борада Ш. Қурбоновнинг хатти-ҳаракатларини ҳам оқлаб бўлмайди. Чунки унинг қўшни мамлакатда яшаб туриб, Жарқўрғон туманида ҳеч қандай рўйхатда турмасдан, расмий хужжатларсиз ер участкаси сотиб олиши қонунга хилоф. Бу каби ўйламай босилган қадам эса, уни сарсонгарчиликка гирифтор қилди. Бинобарин, амалдаги қонунларни четлаб ўтиб, қинғир йўлни ихтиёр этганлар афсус-надоматда қолиши тайин.
Олим Тоғаев,
жиноят ишлари бўйича
Шеробод тумани суди раиси
Фикр қолдириш