ҚАРОР ТОПГАН ҲАҚИҚАТ

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган инсонпарвар ислоҳотлар натижасида ноҳақ айбланган кўплаб шахслар оқланмоқда. Бузилган ҳуқуқлари тикланган, эл-юрт олдида юзи ёруғ бўлган юртдошларимиз орасида турли касб эгалари бор.

Улардан бири Навбаҳор ту­­мани прокурори лавозимида ишлаган Фахриддин Бегимовдир. У 2012 йил 29 де­кабр­да пора олишда айбланиб, қа­моққа олинган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, туман прокурори нима учун жазоланган?

Гап шундаки, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2013 йил 14 августдаги ҳукмига биноан унга 12 та ҳо­лат бўйича айблов эълон қи­­линган.

Жумладан, Ф. Бегимов ноқонуний равишда Нав­баҳор тумани давлат санитария эпидемиология назорати маркази бош шифокори Ш. Тошевдан туман прокуратураси биносини таъмирлаган ус­таларнинг овқатланиш харажатларини қоплашни талаб қилгани етмагандек, унинг фаолиятини қўллаб-қуватлаш ва раҳнамолик қилиши эвазига уч юз минг сўмни пора тариқасида олган.

Шунингдек, у Навбаҳор тумани молия бўлими мудири Ўктам Раҳимовни ҳам пора беришга мажбурлаган. Натижада у 2011 йил ноябрь ойида молия бўлими масъул ходими М. Жумабоев орқали икки юз минг, кейинчалик Л. Йўл­дошев орқали беш юз минг сўм­ни пора тариқасида Ф. Бегимовга берган.

Бундан ташқари суд ҳукмида Фахриддин Бегимовнинг 2012 йил январь ойида якка тартибдаги тадбиркор У. Сайдуллаевдан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қуватлаш ва раҳнамолик қилиши эвазига умумий қиймати уч миллион тўрт юз минг сўмлик 2 дона темир дарвоза олгани ҳам қайд этилган.

Мана шу тарзда Ф. Бегимов 2012 йил февраль ойида Нав­баҳор тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Жасур Қурбоновдан уч юз минг сўм, туман халқ таълими бў­лими мудири Суннат Ўроқовдан беш юз АҚШ доллари ва уч юз минг сўм, «Сармиш» шир­кат хўжалиги раиси Асатулло ўуломовдан бир минг саккиз юз АҚШ доллари, «Агро­банк»­нинг Кескантерак бўлими бошқарувчиси Азиз Турсуновдан бир миллион сўм, «Халқ банки»нинг Навбаҳор филиали бошқарувчиси Абдумурод Жумаевдан икки юз минг сўмни пора сифатида олганликда айб­ланган. Пировардида унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б» банди би­лан жи­ноят иши қўзғатилган. Жи­ноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Ф. Бегимовни 3 йил муддатга ҳу­қуқ­ни муҳофаза қилувчи органлар тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум қилган ҳолда 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этган. Суд ҳукмида Олий Мажлис Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги амнистия актига асосан судланувчига тайинланган жазо тўртдан бир қисмига қисқартирилган.

По­ра тариқасида берилган маблағларни эса, давлат даромадига ундириш белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2016 йил 14 январдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгартирилган. Ф. Бегимовнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б» бандидан шу модданинг 210-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандларига қайта квалификация қилиниб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинланган.

Ам­нистия актларига мувофиқ жазо муддати қисқартирилиб, суд­­ланувчи жазодан озод қилинган.

Аммо бу ҳолатлар собиқ прокурорни қаноатлантирмади. Бироқ у ўзини айбсиз, деб ҳисобласа-да, ўша пайтда сабр қилишдан ўзга чораси йўқ эди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар бошлангач, унда адолатни тиклашга умид пайдо бўл­ди. Шундан сўнг Олий судга назорат тартибида шикоят ёзади. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 18 октябрдаги ажримига асосан жиноят ишлари бў­йича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2016 йил 14 январдаги ажри­ми­­ бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кассация инстанцияси судида кўриш учун юборилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Жиноят кодексининг 210-моддасида мансабдор шахс­нинг хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда муайян ҳаракатни пора бераётган шахс­нинг манфаатларини кўзлаб ба­жариши эвазига мулкий манфаатдор бўлиши учун жавобгарлик белгиланган. Бироқ Ф.Бегимов суд мажлисида тергов органи томонидан ўзига нисбатан сохта аризалар уюштирилгани, дастлабки тергов ва биринчи босқич судида жисмоний тазйиқ остида иқ­рорлик кўрсатмаларини бергани, аслида ҳеч кимдан пора олмаганини таъкидлади. Гу­воҳ­лар Ш. Тошев, Л. Йўлдошев, А. Турсунов, У. Сайдуллаев, А. Ғуломов, Н. Қосимов, А. Жумаев, Й. Тўраев, Ў. Раҳимов, С. Ўроқов ва М. Жумабоев ўзларига нисбатан ўтказилган тазйиқ туфайли собиқ туман прокурорини айблашга қаратилган кўрсатма беришганини маълум қилишди. Қолаверса, жиноят иши ҳужжатларида Ф. Бегимовнинг пора олганини тасдиқловчи аудио ёки видео ёзувлар ҳам мавжуд эмас. Энг эътиборлиси, собиқ прокурор пора олиш вақтида ушланмаган, пора предмети ҳисобланган пуллар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилмаган. Бундай ҳолатда эса, суд ҳукми ва ажримларини қонуний, асосли ва адолатли деб бўлмайди.

Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки суд­ланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қо­нунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айб­сиз ҳисобланиши, гумон қи­линувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши зарурлиги белгиланган. Ана шу қонуний асосларга таянган суд жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2013 йил 14 августдаги ҳукмини бекор қилиб, уни айбсиз деб топди ва оқлади. Шу билан бирга, оқлов ажримида Ф. Бегимовга мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддалари асосида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Қонун устуворлиги туфайли ноҳақ айбланган Ф. Бегимовнинг оқлангани адолатнинг ҳамиша барқарор эканидан далолатдир. Зеро, ҳаётда баъзан ҳақиқат топталгандек туюлади, аслида эса у мутлоқ ўз­гармас тушунча ҳисобланади.

Муҳтарама ТУРҒУНОВА,

Тошкент шаҳар суди судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: