БЕҲУДА СОВРИЛГАН УМР
Суднинг айбланувчига нисбатан чиқарган навбатдаги ҳукмидан сўнг унинг гарданига муқаррар жазодан ташқари исноднинг оғир юки ҳам ортилди.
Гурланлик 42 яшар Сергей Цойнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) кирдикорлари юзасидан шу пайтгача уч марта эълон қилинган ҳукмдан сўнг унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш бўйича тайинланган жазоларнинг умумий миқдори 35 йил-у 6 ойга етди.
Унинг сўнгги қилмиши юзасидан ўтказилган суд жараёни дард бемуолажа, қулф эса, калитсиз бўлмаслигини бир қадар исботлагандай бўлди. Демак, сурункали жиноят аталмиш оғир дарднинг ҳам давоси, муолажаси бор ва судланувчи келажакда маънан, руҳан, ахлоқан тузалиб, жамиятга, оиласи ва яқинлари бағрига қайтиши, тинч, осуда турмуш кечириши учун имконият эшиклари ҳали очиқ.
…Сергей узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб қайтгач, меҳнат тирикчилик манбаи эканини англаб етди. Шу боис тадбиркорликнинг этагини тутди, оила қурди, фарзанд кўрди ва бу ҳол суднинг охирги ҳукмида ижобий ҳамда жазони бирмунча енгиллатувчи омил сифатида эътироф этилди.
Қанийди, бу сингари ҳолатлар қалтис қадамлар, қинғир қилмишлардан холи тарзда намоён бўлса?! Афсуски, бундай бўлмади.
Сергей ўзини яна қора қилмишлар кўчасига урди.
Ўтган йилнинг июнь ойида Сергей таниши Мансур Бозорбоевни ўзи билан бирга Самарқандга боришга кўндирди. Улар эрта тонгда енгил автомашинада Ургут туманига етиб келишди. Йўл чарчоғи Мансурни тезда элитди. Сергейнинг «Сен машинада ётиб ухлайвер, мен терак нархини аниқлагани бозорга кетаяпман», дея айтган гапигина қулоғида қолди.
Ҳамроҳи автомашинада қолгани Сергей учун айни муддао бўлди.
У бозор йўли бир четда қолиб, бир неча ой муқаддам Ургутга кўмир сотган чоғида танишган ҳамтовоғи — терговда шахси аниқланмаган «Алишер» билан аввалдан келишилган учрашув манзили сари ошиқди. Ҳамтовоқлар учрашгач, Сергей 2 минг 300 АҚШ доллари ва 35,5 миллион сўм эвазига харид қилинган қимматбаҳо «мол»ни қўлга киритди.
Донг қотиб ухлаётгани боис Мансур ҳамроҳининг қилмишидан бехабар қолди. Аниқроғи, буни Сергей ҳам истамади. Сергей ими-жимида «мол»ни бўлакларга ажратди-да, автомашинанинг қўл етмас, кўз илғамас жойларига яширди.
Ортга қайтиш чоғида уларни «Саримой» масканида йўл-патруль хизмати ходимлари кўздан кечиришди. Сергейнинг чўнтакларини текшираётиб, ўткир ҳидли модда изқуварларнинг эътиборни тортди.
Шунда Сергей ноилож изқуварларга автомашинанинг турли жойларига бўлакланган ҳолда яширилган «мол»ни бус-бутунлигича топширди.
«Топилдиқ»нинг ўзига келсак, у анойи матоҳ эмас. Нақд ажал уруғи — инсон ҳаёти ва соғлиги кушандаси. Сергейнинг ён чўнтаклари ва у бошқарган автомашинадан топилган 336,05 грамм вазнли «опий» ва 10 та «Трамадол Ланнахер» дори воситаси, яъни одамнинг онгги ва вужудини фалажловчи, емирувчи «оғу» экани маълум бўлди.
Шу аснода Сергейнинг шериги М. Бозорбоевнинг кийими ва чўнтаклари ҳам кўздан кечирилди. Хайрият, у жиноий қилмишга оид шубҳа-гумонлардан холи қолди. Айни пайтда Сергей содир қилган жиноий қилмишга алоқаси йўқлиги ҳам маълум бўлди.
Сергей ушбу «мол»ларни сотиб, фойда кўриш учун эмас, балки гиёҳвандлик дардига чалингани боис ўз истеъмоли учун 2 минг 300 АҚШ доллари ҳамда 35 милион 500 минг сўм эвазига харид қилганини қайта-қайта такрорлади.
Тергов ҳужжатларида қайд этилишича, шахси номаълум қолган «Алишер» билан бир неча ой давом этган борди-келдилар ўз «ҳосил»ини берган.
Сергей ургутлик «ҳамкори»дан 2020 йил бошларида даставвал 15 грамм, орадан кўп ўтмай 130 грамм, март ойида 60 грамм миқоридаги «тарьяк» гиёҳвандлик моддасининг ҳар граммини 18 АҚШ доллари эвазига харид қилган.
Шу каби далил ва дастаклар асосида жавобгарликка тортилган омадсиз нашаванд юз берган қинғирликка қисман иқрорлик, айбига сидқидилдан пушаймонлик билдирди. Жиноий кирдикорни ўрганиш чоғида эса, тергов органи билан ҳамкорлик қилди.
Тергов органи ушбу ҳолатларни назарда тутган ҳолда гумондорнинг ҳаракатини гиёҳвандлик воситалари олди-сотдисини амалга оширишга қаратилган уриниш сифатида баҳолади. Уни Жиноят кодексининг 25 (жиноий қилмишга суиқасд), 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) бўйича айблади.
Лекин суднинг йўриғи бўлак. У ўз терговини айбловчи ёки ҳимояловчи тарафнинг далил-дастаклари асосида эмас, балки тамомила мустақил ва дахлсиз тарзда амалга оширади. Бу ҳолат ушбу жараёнда ҳам кузатилди.
Жиноий қилмишга оид тафсилотлар тергов органи томонидан тўғри аниқлангани ва талқин этилгани эътироф қилинди. Аммо уни малакалаш чоғида айрим чалкашликларга йўл қўйилгани ҳам маълум бўлди.
Шу боис масаланинг қонуний ва адолатли ечими — Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги қарорида ифодасини топган ҳолатларга мурожаат қилинди. Унга кўра, суд ҳукми тахминий хулосалардан холи бўлмоғи ва айб тўлиқ исботланган тақдирдагина чиқарилмоғи даркор.
Суд масаланинг ушбу жиҳатини синчиклаб ўрганди. Аён бўлишича, айбланувчи далилий ашё сифатида ўзидан олиб қўйилган гиёҳвандлик воситаларини ҳақ, тўлов эвазига сотиш ниятини кўзламаган. Айблов ҳужжатларида уни сотишга суиқасд ҳолатини аниқ-тиниқ исботловчи бирон-бир далил мавжуд эмас. Шу ҳақдаги қарор тахмин ва гумон асосида чиқарилган.
Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси 3-қисмида айбдорликка оид барча шубҳа-гумонларни бартараф этиш имкони тугаган тақдирда масала айбланувчи, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши белгиланган. Бундай вазиятда судланувчининг гарданига Жиноят кодексининг гиёҳвандлик воситалари ёхуд психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилолф тарзда сотишга суиқасд қилишни кўзда тутувчи 25,273-моддаси 5-қисми бўйича юклатилган айбни эътироф этишнинг иложи йўқ.
Айни пайтда айбланувчи 2020 йилнинг январь-март ойлари мобайнида шахси номаълум «Алишер»дан бир неча марта гиёҳвандлик воситаларини сотиб олганини аниқ-тиниқ тасдиқлайдиган далил-исботлар ҳам мавжуд эмас.
Суд ушбу ҳолатларни эътибордан соқит этмади. Судланувчининг қилмиши етарли асосларсиз баҳоланганига эътибор қаратди. Шу муносабат билан унинг зиммасига Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми бўйича юклатилган айб бир қадар юмшатилди ва ушбу модданинг шу қабилдаги жиноий кирдикорларни такроран содир этиш ҳолларини назарда тутувчи 3-қисми «а» бандига қайта малакланди.
Аммо гиёҳвандлик, гиёҳфурушлик аталмиш қилғилик ҳеч кимга рўшнолик келтирмайди, аксинча, кулфат-надомат келтиради. Бундай оғир кўргуликка биринчи галда маънан ва ақлан заиф бандалар рўпара келади.
Эл-юрт лаънатлаган қилмиш, хусусан, гиёҳвандлик ва гиёҳфурушлик ҳолатларини қонун ҳам қаттиқ қоралайди.
Суд айбланувчига Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми «в» банди бўйича 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаб, уни махсус тартибли колонияда ўташ бўйича ҳукм чиқарди.
Маълумки, Жиноят кодексининг 34-моддаси даставаал оғир, кейинги гал ўта оғир қилмишларни содир қилган ва бундай киридкорларнинг ҳар бири учун 5 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан мосуво қилинган шахслар шу сингари ўта жиддий жиноий қилмишни учинчи марта содир этган тақдирда уларни ўта хавфли рецидивист деб топишни назарда тутади.
Суд шу каби жиноий кирдикорга уч марта қўл урган жиноятчини ўта хавфли рецидивист деб топди. Гиёҳвандликка муккасидан кетгани ва тиббий муолажага муҳтожлигини ҳам инобатга олди. Маҳкум жазони ўташ даврида мажбуран даволанадиган бўлди.
Алқисса, «қаҳрамон»имиз пиширган заҳар-заққум «ош» унинг ўзига буюрди.
Жиноятчи қилмишига яраша жазо олди.
Қодирберган
Яхшимуродов,
жиноят ишлари бўйича
Гурлан тумани суди раиси,
Раҳимбой Жуматов,
халқ маслаҳатчиси,журналист
Фикр қолдириш