ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

2021 йил 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар, аввало, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини амалда таъминлаш орқали уларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Одил судлов соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, судда ишларни кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонда белгиланган муҳим вазифалар моҳият-эътибори билан кафолатли суд ҳимоясини таъминлаш борасидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга ва “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида иш олиб боришга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, суд органларининг амалдаги тузилмасини замон талаблари ва халқаро стандартларга уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.

Суд қарорларини қайта кўриш институтини янада такомиллаштириш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, бу ҳақидаги қонунлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланди хамда Президентимиз томонидан имзоланди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида», «Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида», «Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида» ва «Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»гиқарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилганлиги, суд амалиётида айрим масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ҳамда қонун нормаларини бир тахлитда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги қарори лойиҳаси судларнинг эътиборини жиноят ишларини апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланишига қаратмоқда.

Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ апелляция тартибида иш юритиш маҳкум, оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг шикояти, шунингдек прокурор ва унинг ўринбосари протести бўйича қўзғатилади. Апелляция тартибида иш юритиш ҳукмнинг ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга бошқа шахслар томонидан ҳам қўзғатилиши мумкин. Улар жумласига қонунда белгиланган тартибда процесснинг у ёки бу иштирокчиси сифатида эътироф этилмаган, бироқ ўзининг ҳақиқий ҳолатига кўра суд ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар (гаров берувчи, мулки хатланган шахс ва бошқалар) киради. Шу муносабат билан биринчи инстанция суди шикоят (протест) ни қабул қилиш пайтида апелляция шикояти (протести) берган шахснинг бундай ҳуқуққа эгалигини текшириши шарт. Қонунга кўра апелляция шикояти (протести) ҳукм чиқарган суд орқали берилади. Биринчи инстанция суди ҳукми устидан апелляция шикояти (протести) ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса, уларга ҳукм нусхаси топширилган кундан эътиборан шундай муддат ичида берилади.

Белгиланган муддатларда бевосита апелляция инстанцияси судига берилган шикоят (протест) ҳукм чиқарган судга юборилиши керак. Ҳар бир апелляция шикояти (протести) келиб тушган санаси кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиниши шарт. Апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан кўриб чиқилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади. Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан йигирма кун ичида хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят (протест) берилганда, апелляция инстанцияси суди хусусий шикоятни (протестни) асосли деб топса, биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди ва ишни апелляция шикояти, протести (хусусий шикоят ёки хусусий протест) бўйича мазмунан кўради. Бунда, кўрсатилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ажрим эълон қилингандан сўнг апелляция инстанцияси судининг мажлиси кейинга қолдирилади. Қонунда апелляция тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар белгиланган. Жумладан, биринчи инстанция суди томонидан суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, процесс иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга оид ажримлар устидан шикоят (протест) берилиши мумкин эмас.

Ушбу ажримлар бўйича эътирозлар апелляция шикояти (протести) га киритилиши мумкин. Ҳукм чиқарилганидан сўнг қабул қилинган амнистия актини татбиқ этиш, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масалалари юзасидан, шунингдек, маҳкумга нисбатан ижро этилмаган бир неча ҳукм мавжуд бўлиб, кейинги ҳукмни чиқарган суд бундан бехабар бўлган ва ҳоказо ҳолларда берилган шикоят (протест), агар унда айни бир пайтда жиноят ишининг мазмуни ёки ҳукм (ажрим)нинг қонунийлиги ва асослилиги бўйича бошқа масалалар қўйилган бўлмаса, апелляция тартибида алоҳида кўрилмайди. Бу масалалар биринчи инстанция суди томонидан ҳал этилади. Бундай масалалар юзасидан чиқарилган суд ажрими устидан умумий асосларда хусусий шикоят (хусусий протест) берилиши мумкин.

Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, суд амалиётида бу борада айрим масалалар юзага келаётганлиги муносабати билан, шунингдек қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Ушбу қарор билан судларнинг эътибори фуқаролик ишини апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланишига қаратилмоқда.

Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ апелляция инстанцияси судида иш юритиш: а) даъво тартибида юритиладиган ишлар бўйича: даъвогар, жавобгар, учинчи шахс, уларнинг вакиллари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг шикояти бўйича; б) алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича: аризачи, манфаатдор шахс, уларнинг вакиллари қўзғатилади. Апелляция тартибида иш юритиш, шунингдек суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахснинг шикояти бўйича ҳам қўзғатилиши мумкин. Ушбу шахс суд ҳужжатида кўрсатилмаган ҳолларда ҳам унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланади. Суд ҳужжати устидан апелляция тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига, шунингдек тарафлар, учинчи шахслар ёки қонуний вакилнинг ҳуқуқий ворислари ҳам эга. Ишда қатнашаётган шахсвакили, шу жумладан адвокат суд ҳужжати устидан апелляция тартибида шикоят қилишга фақат бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган ҳолдагина ҳақли. Прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича апелляция протести тарафнинг мурожаати мавжуд бўлганда келтирилиши мумкин. Қонунга мувофиқ суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протест) ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. Апелляция шикояти (протести) бериш муддати ўтишининг бошланиши, тегишлича ҳал қилув қарори қабул қилинган куннинг эртасидан ҳисобланади. Қўшимча ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш муддати ҳам асосий ҳал қилув қарори чиқарилган кундан ҳисобланади. Апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан кўриб чиқилади.

Апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ёки рад қилиш ҳақида суд ажрим чиқаради. Апелляция шикояти (протести) бериш муддати тикланганда, суд ҳал қилув қарори ижросини тўхтатиш масаласини ҳал қилади, дархол ижро этилиши лозим бўлган хал қилув қарори бундан мустасно. Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин. Суднинг ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят (протест) берилганда, апелляция инстанцияси суди шикоятни (протестни) асосли деб топганда, биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди ва шикоятни (протестни) Фуқаролик процессуал кодекси талабига мувофиқлигини текшириш ҳамда ушбу кодексда кўрсатилган ҳаракатларни бажариш учун ишни биринчи инстанция судига юборади. Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўлланади, аммо ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни қабул қилган судга топширилади. Бевосита апелляция инстанцияси судига берилган шикоят (протест) Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган ҳаракатларни амалга ошириш учун суд ҳужжати қабул қилган судга юборилиши лозим. Ҳар бир шикоят (протест) келиб тушган санаси кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиниши даркор.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан суд амалиётида юзага келган саволлар ҳамда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарори лойиҳаси билан судларнинг эътибори маъмурий ишини апелляция тартибида қайта кўриш суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланишига қаратилмоқда.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига мувофиқ апелляция инстанцияси судида иш юритиш: аризачи, жавобгар, учинчи шахс, уларнинг вакиллари шикояти; тарафлар ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари шикояти; Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилининг шикояти  бўйича, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно; ишда аризачи сифатида қатнашган давлат органлари ва бошқа шахсларнинг аризаси бўйича; прокурорнинг протести бўйича  қўзғатилади. Апелляция тартибида иш юритиш, шунингдек суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахснинг шикояти бўйича ҳам қўзғатилиши мумкин.

Ушбу шахс суд ҳужжатида кўрсатилмаган ҳолларда ҳам, унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланади. Ишда иштирок этувчи шахснинг вакили, шу жумладан, адвокат, агар бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлсагина, суд ҳужжати устидан апелляция тартибида шикоят қилишга ҳақли. Суднинг ҳал қилув қарори устидан тўлиқ ёки унинг бир қисми устидан шикоят қилиниши (пртоест келтирилиши) мумкин. Қонунга мувофиқ суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протест) ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан бир ой ичида, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги суднинг қарори устидан эса у чиқарилган кундан эътиборан уч кун ичида берилиши мумкин.

Апелляция шикояти (протести) бериш муддати ўтишининг бошланиши, ҳал қилув қарори қабул қилинган куннинг эртасидан ҳисобланади. Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномаси бўйича шикоят (протест) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари узрли деб топилган бўлса, апелляция инстанцияси суди томонидан тикланиши мумкин.

Апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ёки рад қилиш ҳақида суд ажрим чиқаради. Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан кассация шикояти (протести) берилиши мумкин. Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўлланади, аммо ҳал қилув қарори қабул қилган судга топширилади.

Биринчи инстанция суди ҳар бир шикоятни (протестни) келиб тушган санасини кўрсатган ҳолда рўйхатга олиши ҳамда шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги иш бўйича эса 24 соат ичида апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт. Биринчи инстанция судига апелляция шикоятига алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки бошқа шахслардан апелляция шикояти келиб тушганда, улар ҳам апелляция инстанция судига юборилиши лозим.

Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилганлиги, суд амалиётида айрим масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ҳамда қонун нормаларини бир тахлитда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Ушбу қарор лойиҳасига кўра биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция инстанцияси судида қайта кўриш ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб, биринчи инстанция судининг хатоларини бартараф этиш имконини беради. Иқтисодий процессуал кодексига мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақлидир. Суднинг ҳал қилув қарори устидан ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқий ворислари ҳам апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда шикоятга ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи далил илова қилиши лозим. Прокурор, юқори турувчи прокурор, прокурор иштирокида кўрилган ишлар, шунингдек тарафларнинг мурожаати бўлгандагина биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолардан ташқари биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақли. Бунда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар деганда,  фойда олиш мақсад қилинмаган фаолиятдан келиб чиққан низони тушуниш лозим. Хусусан, бундай низоларга юридик фактларни белгилаш, банкротлик тўғрисидаги ишлар, ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ ишлар, чет эл судлари ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар киради. Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилинган шахснинг (шу жумладан, жисмоний шахснинг) апелляция шикоятини кўришда бундай шахс Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланади. Апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори устидан нафақат тўлиқ, балки унинг бир қисмига нисбатан ҳам берилиши мумкин. Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисми ҳам, хулоса қисми ҳам шикоят (протест) беришнинг мустақил предмети бўлиши мумкин. Иқтисодий процессуал кодексида кўрсатилган шахслар ушбу кодексга мувофиқ қабул қилинган қўшимча ҳал қилув қарорига ҳам апелляция шикояти (протести) беришга ҳақлидир. Қўшимча ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш муддати ҳам асосий ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан ҳисобланади. Судлар шуни инобатга олиши лозимки, гарчи шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш учун асослар мавжуд бўлса-да, ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт. Биринчи инстанция суди томонидан шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилишига йўл қўйилмайди. Биринчи инстанция судига шикоятга алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки бошқа шахслар томонидан янги шикоят берилган тақдирда, улар ҳам апелляция инстанцияси судига юборилади. Агар апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарорини тушунтириш, ҳал қилув қарорида йўл қўйилган хатоларни, имло (орфографик) хатоларни ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш, қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш тўғрисидаги аризалар бўйича суд мажлиси тайинланганидан кейин келиб тушса, биринчи инстанция суди бундай ариза бўйича иш юритишни тўхтатиб қўяди, ишни эса шикоят (протест) билан бирга апелляция инстанцияси судига юборади. Умумий қоидага кўра, ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) у биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. Шуни инобатга олиш лозимки, суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори, банкротлик тўғрисидаги ишда аризаларни, шикоятларни (илтимосномаларни) ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган суднинг ажрими устидан апелляция шикояти (протести) у қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.

Бундан ташқари, мажлисда Олий суд Пленумининг «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»гиқарорлари лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Нега бош прокурор ёнида, тергов департаменти бошлиги, адвокатлар палатаси раиси, бошка тергов аппаратлари рахбарлари, нодавлат нотижорат ташкилот вакиллари йук.
    Лойиха жойларга юборилиши, таклифлар олиниши керак эмасмиди.
    Купчиликни фикридан куркасизларми…

    26.04.2021 at 05:08

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: