КАСБГА ХИЁНАТ

Одатда, ҳар бир киши ҳуқуқий ёрдам зарур бўлганда, адвокатура ҳайъати ва бюроларига мурожаат қилади. Чунки малакали адвокатлар тергов-суриштирув ва суд жараёнларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиши баробарида ҳуқуқий маслаҳатчи ҳамдир. Шу боис уларнинг эл орасидаги обрў-эътибори баланд. Аммо «шоли курмаксиз бўлмайди» деганларидек, адвокатларнинг орасида ҳам қонун талабидан четга чиқадиган, аниқроғи, жиноятга қўл урадиганлари ҳам учраб туради.

Пойтахтдаги адвокатлик ҳайъатларидан бирининг адвокати лавозимида фаолият юритган Фур­қат Дадажонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 60 ёшдан ошиб, набиралар қуршовида умргузаронлик қиладиган пайтида фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятларини содир эта­ди ва ун­га нисбатан қўз­ға­тилган жи­ноят­ иши тегишли қонун нормаларига биноан айблилик масаласи ҳал қилинмаган ҳол­да ҳаракатдан тугатилади. Аммо у бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмайди. Аксинча, такроран худди шундай жиноят қўл уради. Бу гал у мижозининг бошига тушган ташвишдан «унумли» фойдаланиб қолмоқчи бўлади.

Гап шундаки, ўтган йилнинг 16 феврал куни Ф. Дадажонов «Буюк ипак йўли» метро бекати ёни­да Малика Кошкинбаева билан учрашади. Малика опа ундан ўғли Нурсултон Асқаровга нисбатан Юқо­ричирчиқ тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан қўз­ға­тилган жиноят ишида иштирок этиб, кўмак беришни илтимос қилади. Ўза­ро келишувга кўра, М. Кош­кинбаевадан адвокатлик гонарари сифатида 600 АҚШ доллари олган бўлса-да, уни адвокатлик ҳайъати ҳисобига кирим қилмайди. Бироқ жиноят иши тергови ва жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ тумани судининг суд мажлисларида қатнашади. Суд мажлиси давом этаётган пайт­да эса, мижозига «манфаатли» таклиф билдиради:

— Агар Ёшлар Иттифоқидан ўғлингизга кафолат хати олсак, иш осон битади. Менинг танишларим бор, ишни битириб бераман. Аммо улар текинга кафиллик беришмайди…

— Қанча беришим керак?, — дейди Малика опа дангал.

— Икки юз доллар берсангиз етади, — дейди адвокат бамайлихотир.

Малика опа бунга ҳам рози бўлади. Аммо адвокат қуюқ ваъдасини унутиб, пулни ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборади. Суднинг 2020 йил 19 майдаги ҳукмига биноан Н. Ас­қаров Жи­ноят­ кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди би­лан айбдор деб топилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинланади.

Шундан сўнг Ф. Дадажонов яна эски «ҳунари»ни бошлайди. Эн­ди у Малика Кошкинбаевага ўғ­лига тайинланган жазони апелляция судлов ҳайъати судья­ларини «ро­зи қи­лиш» орқали бошқа жазо турига алмаштириб беришини айтади.

Лекин бу пайтда аввал берган ваъдасининг устидан чиқмагани боис аёлнинг адвокатга нисбатан ишончи йў­қолган эди. Шунга қарамасдан «уддабурон» адвокат юқори инс­танцияга 1 500 АҚШ доллари берса, иши битишини таъкидлаб, Н. Асқаровнинг номидан апелляция шикоя­ти ёзишига розилик берди.

Ф. Дадажонов апелляция шикояти бў­йича суд мажлиси тайинланганидан хабар топган заҳотиёқ М. Кошкинбаевадан яна 1 500 АҚШ долларини санаб олади. Аммо апелляция шикояти қаноатлантирилмайди. «Уддабурон» адвокат шунда ҳам айбини тан олмай, Олий судга мурожаат қилиб, ишни ҳал қилиш мумкинлигини айтади. Шундагина Малика опа алданганини англаб етади ва фирибгарга қонуний чора кўришни сўраб, ҳу­қуқ­ни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қи­лади. Натижада Ф. Дадажоновга нисбатан Жи­ноят­ кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б», «в» банди ва 28,211-моддаси 2-қисми «а» бандига асосан жиноят иши қўз­ғатилади.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида мазкур жиноий иш кўриб чиқилди. Суд мажлисида судланувчи агар Нурсултонни озодликка чиқаришга эришолмаса, 1 500 АҚШ долларини қайтаришга келишганини, бироқ коронавирус касаллигига чалиниб қолгани туфайли М. Кошкинбаевага пулларини ўз вақтида қайтариб беролмаганини баён қилди. Бундан ташқари у тергов органи томонидан ўзи­га қўйилган айбловдан такроран белгиси ва пора бериш жиноятини чиқариб ташлашни, қолган ҳаракатларини эса, Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмига қай­та малакалашни сў­ради. Суд эса, фирибгарлик оғир ва ўта оғир жиноят­лар тоифасига кириши, мамлакатимизда кор­руп­ция­га қарши кескин кураш олиб борилаётгани, ҳуқуқшунос сифатида ўзи ҳам бу иллатга қарши курашиши шартлигини тан олмаган со­биқ адвокатнинг важларини асоссиз деб топди. Суд Ф. Дадажоновни Жи­ноят­ кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б», «в» банди ва 28,211-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима ҳамда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси та­йинлади. Шу билан бирга у 2 йил муддатга адвокатлик фао­лияти билан шуғулланиш ҳуқу­қидан маҳрум этилди. 

Шу тариқа касб мажбу­рият­ларни бажариш ўр­нига фирибгарлик йў­лини танлаган адвокатнинг юзи шувут бўлди. Обрўли ва шарафли касбига хиёнат қилган кишининг қилмиши бошқалар учун сабоқ бўлиши зарур. Зеро, жиноятга жазо муқаррардир.

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: