СУДДА АЙБИ ИСБОТЛАНМАГАН ШАХС ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛИШИ МУМКИН ЭМАС
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича қатъият билан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати халқчил эканини амалда намоён этмоқда. Айниқса, кейинги тўрт йил давомида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги дадил қадамлар халқимизда ҳақиқатнинг бардавомлиги, адолатнинг барҳақлиги ва фаровон ҳаётга бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Айтиш керакки, Жиноят кодексининг 9-моддасига мувофиқ, шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгарликка тортилади. Бироқ жиноят ишларини судларда мазмунан кўриш чоғида суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйилган ҳолатлар аниқланмоқда.
Хусусан, Бухоро вилояти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, 2019 йилда 126 нафар шахсга нисбатан 78 та, 2020 йилда 89 нафар шахсга нисбатан 64 та жиноят иши бўйича ортиқча айблов қўйилган. 2019 йилда 139 та жиноят иши бўйича 109, 2020 йилда 121 та жиноят иши бўйича 169 нафар шахсга нисбатан эълон қилинган айбловлар судлар томонидан бошқа енгилроқ моддаларга малакаланган.
Одил судлов мезони — оқлов ҳукмлари эндиликда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим асосига айланди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти, туман-шаҳар судлари томонидан 2019 йилда 58 нафар шахсга нисбатан 36 та, 2020 йилда 44 нафар шахсга нисбатан 37 та жиноят иши бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилган. Ўтган икки йилда биринчи босқич судлари 7 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмини эълон қилгани ҳам ислоҳотлар самарасидир.
Фикримизни бир жиноят иши тафсилоти асосида давом эттирадиган бўлсак, биринчи босқич судининг 2019 йил 10 майдаги ҳукми билан Янгибой Худдиев ва Ғофиржон Файзиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) судланган.
Суд Я. Худдиевни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган. Унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баравари миқдорида — 7 миллион 372 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Суд судланувчи Ғ. Файзиевни эса, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 28,209-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида — 5 миллион 529 минг сўм жарима жазоси белгилаган.
Судланувчиларнинг тергов органи депозит ҳисоб рақамига топширган 185 миллион 378 минг 12 сўм маблағи давлат фойдасига ўтказилган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди апелляция судлов ҳайъатининг 2019 йил 27 сентябрдаги ажрими билан Я. Худдиевнинг ҳаракати Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» бандидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисмига, Ғ. Файзиевнинг ҳаракати Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» бандидан Жиноят кодексининг 28,205-моддаси 1-қисмига қайта малакаланиб, жарима жазолари ўзгаришсиз қолдирилган.
Бунда судланувчиларнинг тергов органининг депозит ҳисоб рақамига тўлаган 185 миллион 378 минг 12 сўми ўзларига қайтарилиши белгиланган.
Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2020 йил 17 июндаги ажримга асосан апелляция судлов ҳайъатининг 2019 йил 27 сентябрдаги ажримини бекор қилган. Жиноят ишини янгидан кўриш учун апелляция инстанциясига юборган.
Шу ўринда биринчи босқич судининг айблов тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, Я. Худдиев 2017 йил 13 февралдан Қоракўл тумани халқ таълими бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида фаолият юритиб келган. Я. Худдиев тумандаги фойдаланишга яроқсиз мактаб биноларини бузиш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатлари халқ таълими бўлими маблағи ҳисобидан тайёрланишини яхши биларди.
Бироқ у Ғ. Файзиев билан олдиндан ўзаро тил бириктиради ва ноқонуний равишда яроқсиз биноларни бузиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ўзгаларнинг маблағи ҳисобидан амалга оширади. Масалан, тумандаги 11-мактабнинг яроқсиз биносини бузиш лойиҳа-смета ҳужжатлари «Мустафо авто транс», 29-мактаб «Қоракўллик Аслбек қурилиш», 41-мактаб «Қоракўл агротаъминот» масъулияти чекланган жамиятлари маблағи эвазига тайёрланган.
«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддаси талабига кўра, мактабларнинг эски биноларини бузиш «Товар хомашё биржаси электрон савдолари»да эълон қилиниши лозим эди. Аммо судланувчилар 3, 11, 12, 13, 22, 29 ва 41-сонли мактабларнинг бузиш ишларини назорат қилиш комиссияси аъзолари иштирокисиз, танлов ўтказмасдан амалга оширган.
Бузишдан чиққан қурилиш материалларини саноқдан ўтказиш ҳамда яроқли-яроқсизга ажратишда комиссия аъзолари иштироки таъминланмаган. Бунинг ўрнига Ғ. Файзиев сохта далолатномалар расмийлаштирган. Гарчи мактаб биноларининг бузилишидан чиққан қурилиш материалларини нархлаш учун баҳолаш ташкилотларига мурожаат этилган бўлса-да, баҳолаш ташкилотининг бу ҳақдаги ҳисоботи олинмасдан туриб, мактабларга тегишли қурилиш материаллари сохта «кимошди» савдолари орқали сотиб юборилган. 11, 13, 21 ва 22-сонли мактабларнинг қурилиш материаллари эса, «кимошди» савдоларисиз тўғридан-тўғри талабгорларга сотилган.
Судланувчилар 94 миллион 470,8 минг сўмлик қурилиш материаллари ва фойдаланишга яроқсиз иккиламчи ёғоч маҳсулотларни бозор баҳосидан арзон нархда, 90 миллион 907,1 минг сўмлик қурилиш маҳсулотларини эса, ҳисоб-варақ фактураларда акс этмаган ҳолда пуллашган. Оқибатда Я. Худдиев ва Ғ. Файзиев 185 миллион 378,1 минг сўмлик жуда кўп миқдордаги давлат мулкини ўзлаштириш ва растарата қилиш йўли билан талон-торож этган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, биринчи босқич суди иш ҳолатларига етарли баҳо берганми? Судланувчиларнинг важлари қанчалик ўринли?
Бу каби саволларга апелляция судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида жавоб топилди. Масалага Жиноят процессуал кодексининг 22-моддаси талаблари ойдинлик киритади. Чунки ушбу моддага кўра, суд жиноят юз бергани, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши, исботланиши лозим ҳолатларни синчковлик билан ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчи ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқлаши ва ҳисобга олиши лозим.
Бу талаб Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарори 4-бандида ҳам ўз аксини топган.
Апелляция судлов ҳайъати биринчи босқич суди судланувчиларга нисбатан айблов ҳукми чиқаришда ушбу қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий кўрсатмаларига амал қилмаган, деган қатъий тўхтамга келди.
Қонун мазмунига кўра, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растарата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жинояти фақат тўғри қасд билан содир этилиши мумкин. Бу ўринда айбдор ўзининг ҳаракатлари ноқонунийлигини англайди ва унинг амалга оширилишини хоҳлайди. Айбдорнинг ушбу жиноятни содир этишдаги ғаразли мақсади субъектив томоннинг зарурий белгиси ҳисобланади.
Баён этилганидек, судланувчилар мактаб биноларини бузиш орқали жуда кўп миқдордаги давлат мулкини ўзлаштириш ва растарата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда айбдор деб топилган. Афсуски, жиноят ишида эски биноларни бузишдан чиққан қурилиш материаллари ўзлаштириш ёки растарата йўли билан талон-торож қилингани гувоҳларнинг кўрсатмалари, тафтиш далолатномалари, бухгалтерия ҳужжатлари ёхуд бошқа мақбул далиллар билан исботланмаган. Қолаверса, суд Я. Худдиев ва Ғ. Файзиевнинг айбсизлиги ҳақида келтирган важларга баҳо бермаган.
Апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида Я. Худдиев туман ҳокимининг 3, 9, 11, 12, 13, 21, 22, 29 ва 41-сонли мактабларнинг эски биноларини бузиш тўғрисидаги қарорига асосан 2018 йилнинг 21 май куни буйруқ чиқарилгани, бузиш ишларини назорат қилиш мақсадида ўн бир кишидан иборат ишчи комиссия тузилгани, ишчи комиссияси таркибига Ғ. Файзиев комиссия котиби сифатида киритилганини маълум қилди.
Я. Худдиев Ғ. Файзиевга эски биноларни хатловдан ўтказиш, бузиш учун харажатлар лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, бузиш ишлари билан боғлиқ барча ҳужжатларни расмийлаштириш, бузишдан чиққан қурилиш материалларини сотувга чиқариш вазифаларини топширган. Ғ. Файзиев бўлим ҳисоб рақамида маблағ йўқлигини айтгач, ночорликдан бузиш ишларини амалга оширувчи қурилиш ташкилотлари раҳбарлари билан келишилган.
Улар «Бухоротаъмирлойиҳа» масъулияти чекланган жамиятига пул тўлаб, биноларни бузиш харажатларининг смета-лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаган.
Бузиш ишларини амалга ошириш учун пудратчилар ўртасида танлов савдолари ўтказилган. Танлов савдоларида туман халқ таълими бўлими ходимлари ҳамда бинолари бузилаётган мактабларнинг ўзидан тузилган комиссия аъзолари, қурилиш пудрат ташкилотлари вакиллари иштирок этган.
Танлов савдолари натижалари бўйича Ғ. Файзиев расмийлаштирган баённомани Я. Худдиев имзолаб, муҳр билан тасдиқлаб берган.
Бузиш ишлари бўйича ғолиб деб топилган қурувчи ташкилот билан пудрат шартномалари тузилган. Унга кўра, пудратчи ташкилотлар томонидан бинонинг бузиш ишлари амалга оширилиб, бузишдан чиққан қурилиш материаллари саноқдан ўтказилган ва яроқли-яроқсизга ажратилган. Бу ҳақда ишчи гуруҳ аъзолари далолатнома расмийлаштирган. Сўнгра консалтинг ташкилотларидан қурилиш материалларининг нархи тўғрисида хулосалар олинган ва қурилиш материаллари «кимошди» савдолари орқали сотилган.
«Кимошди» савдолари ўтказилгани тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, савдо ғолибига қурилиш материаллари юк хатлари ва счет-фактуралар билан биргаликда берилган. Сотувдан тушган пуллар тўлиқ халқ таълими бўлими ҳисоб рақамига келиб тушган. Бу эса, бузишдан чиққан иккиламчи ёғоч материалларининг 90 миллион 907 минг 100 сўмлик камомади мавжуд эмаслиги, судланувчиларга асоссиз айб қўйилганини кўрсатади.
Суд муҳокамасида судланувчиларнинг қурилиш материалларини 94 миллион 470 минг 800 сўмга арзон нархда сотгани ҳақидаги айб ҳам исботини топмади. Бўлим ҳисоб рақамида маблағ бўлмагани, туман ҳокимининг қарорига асосан бузиш ишлари қисқа муддатларда бажарилиши лозимлиги сабабли қурилиш ташкилотлари билан шартномалар расмийлаштирилган ва уларнинг маблағлари орқали бузиш ишларига лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган. Бузишдан тушган барча ишлатилган қурилиш материаллари баҳоловчи ташкилотларнинг хулосасига асосланиб баҳоланган, тўлиқ бўлим ҳисобига кирим қилинган, ҳеч қандай камомадга йўл қўйилмаган.
Биринчи босқич суди судланувчиларни айблашда эски биноларни бузишдан чиққан қурилиш материаллари сарфи бўйича «Лойиҳасувқурилиш» масъулияти чекланган жамияти мутахассислари С. Болтабоев ва Ғ. Ҳамроқулов тузган далолатномаларга асосланган.
Ушбу ҳолат бўйича судда гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган С. Болтабоев тергов органининг қарорига асосан ҳамкасби Ғ. Ҳамроқулов билан халқ таълими бўлими ҳисобидаги мактабларнинг эски бинолари бузилгандан сўнг ушбу биноларни қуришда қанча қурилиш материаллари сарфлангани ҳолатини ўрганганини маълум қилди. Эски бинолар ёғочдан қурилгани сабабли уларга ишлатилган қурилиш материаллари тахминан ҳисоблаб чиқилган ва мутахассислар, мактаб директорлари, ҳудуд маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари иштирокида далолатномалар расмийлаштирилган.
Ушбу далолатномалар илмий жиҳатдан аниқ асосга эга эмас. Ана шу бирламчи далолатномаларнинг қонуний асосга эга эмаслиги ҳолати Я. Худдиев ва Ғ. Файзиевнинг 90 миллион 907 минг 100 сўмлик қурилиш материалларини ҳисоб-варақ фактураларда акс эттирмасдан сотиб юборгани ҳақидаги суд хулосасини рад этади.
«Консультация эксперт баҳолаш» масъулияти чекланган жамиятида баҳоловчи ёрдамчиси вазифасида ишловчи Н. Қўлдошев ўз кўрсатмасида бузилишдан чиққан қурилиш материалларини жойига бориб кўрмаганини билдирди.
Бухоро вилояти давлат молиявий назорат бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари вазифасида ишловчи гувоҳ М. Келдиёров мактабларнинг фойдаланишга яроқсиз биноларини бузиш ишларининг бажаришда қонунга риоя қилинганини ўрганганини билдирди. Унинг айтишича, биноларни бузишдан ажратиб олиниб, сотилган қурилиш материалларининг бозор баҳосини Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази хулосаси ҳамда «Консультация эксперт баҳолаш» масъулияти чекланган жамиятининг 2018 йил 6 ноябрдаги хатига асосан сотилган қурилиш материалларини счет-фактурадаги нархи билан эксперт хулосасидаги емирилиш даражаси ва яроқсизлик фоизини айириб ташлаган ҳолда солиштириб, 185 миллион 378 минг 100 сўмлик камомадни ҳисоблагани, бироқ қурилишдан чиққан материалларни кўрмаганини билдирди.
— Мен «Баҳолаш ва консалтинг маркази» масъулияти чекланган жамияти раҳбари вазифасида ишлайман, — деди судда гувоҳ А. Сиддиқов. — Иш бўйича Х. Сулаймонова номидаги экспертиза маркази томонидан берилган баҳолаш хулосасини нотўғри деб ҳисоблайман. Чунки унда қурилиш материаллари жойига бориб кўрилмаган ва ўрганилмаган ҳолда баҳоланган.
Судлов ҳайъати судланувчиларни кўп миқдордаги давлат мулкини талон-торож қилганликда айблаш учун асос қилиб олинган қурилиш материаллари сарфи юзасидан тузилган далолатномаларда тахминий маълумотлар акс эттирилгани учун уларни далиллар мажмуидан чиқариб ташлади.
Иш ҳолатларидан кўринишича, халқ таълими бўлими ҳисобидаги 3, 11,12, 13, 21, 22, 29 ва 41-сонли мактабларнинг биноларини бузишдан чиққан қурилиш материаллари «кимошди» савдоси ғолиблари томонидан «Консальт Бухоро» ва «Бухоро Баҳолаш ва консальтинг маркази» масъулияти чекланган жамиятлари баҳолаган нархлар асосида харид қилинган ҳамда сотувдан тушган 174 миллион 908 минг 400 сўм маблағ халқ таълими бўлими ҳисоб рақамига кирим қилинган.
Бу эса, Я. Худдиев ва Ғ. Файзиевга нисбатан ўзлаштириш ва растарата йўли билан талон-торож қилиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказганлик айби эпизодининг асоссизлигини далиллайди.
Судлов ҳайъати судланувчиларнинг ҳаракатларида фақат тўғри қасд билан содир қилинадиган, қурилиш материалларини ўзлаштириш усули сифатидаги мансаб сохтакорлиги ёки давлат ва жамоат манфаатларига кўп миқдордаги зарар ёхуд жиддий зиён етказилишида ифодаланган мансабдорлик жинояти таркиби ҳам мавжуд эмас, деб ҳисоблади.
Жиноят процессуал кодексининг 463-моддасига кўра, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас. Ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, далиллар қонунга зид равишда олингани сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги ҳақидаги шубҳани бартараф қилишнинг имконияти йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлади. Бундан ташқари қилмишида жиноят таркиби бўлмаган шахс айбсиз деб топилиши керак.
Судлов ҳайъати қайд этилган асослардан келиб чиқиб, Я. Худдиев ва Ғ. Файзиевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас, деб топди ва Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида ажрим чиқарди. Шу тариқа Янгибой Худдиев ва Ғофуржон Файзиев айбсиз деб топилиб, оқланди.
Бири эллик саккиз, иккинчиси олтмиш олти ёшга тўлган, фарзанд ва набираларга бош икки инсоннинг оқлов ажрими туфайли юзи ёруғ бўлди.
Улар бундай инсонпарварлик намунасини умр бўйи унутишмайди.
Луқмон ҚОДИРОВ,
Бухоро вилояти суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш