ЭГРИ ЙЎЛГА БОШ ҚЎШГАНЛАР ЁХУД БОСҚИНЧИ ГУРУҲНИНГ КИРДИКОРЛАРИ ХУСУСИДА
Ҳаётда ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Бола вояга етар экан, оиладаги носоғлом муҳит, ота-онанинг тарбия масъулиятини ҳис этмаслиги, эътиборсизлик ва лоқайдлик каби иллатлар унинг охир-оқибат жиноят кўчасига киришига сабаб бўлади. Қуйида баён этиладиган воқеа ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Отасининг ичкиликка берилгани туфайли оиласи бузилгач, Нодир онасининг қарамоғида қолди. У амал-тақал қилиб, мактабни битиргач, бирор-бир ўқиш ёки касбнинг этагини тутишга, ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилмади.
Бунинг устига оилада унга тўғри йўл кўрсатадиган, интилишларини қўллаб-қувватлайдиган, рағбат берадиган одам йўқ, ёлғиз онаси рўзғор ташвишидан ортмасди. Нодир ана шундай назоратсизлик ва лоқайдлик оқибатида кўчада ўзига ўхшаб бемақсад сандирақлаб юрадиган болалар тўдасига қўшилди.
Бу орада Нодир ана шундай безори болаларга қўшилиб, жиноий қилмишга қўл урди. Шунинг оқибатида жиноий жавобгарликка ҳам тортилди. Аммо у бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади. «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас», деганларидек, яна эски «қадрдонлари»га қўшилиб, жиноят кўчасига кирди.
Хўш, кейинги жиноятларини у қандай содир этди?
У Ўткир Даминов бошчилигида жиноий уюшмага қўшилади ва бир қатор оғир жиноятларни содир этади. Жиноий гуруҳ дастлаб ўузор туманида жойлашган «Асрорбек Шаҳзодбек» хусусий мажмуасига босқинчилик уюштиради.
Тўдабоши Ўткир Боймуродовнинг топшириғига кўра, Нодир ва Ботир Маҳмудов ярим тунда хусусий савдо мажмуаси олдида пайдо бўлишади.
Буни қарангки, одамийлик қиёфасини буткул йўқотган босқинчилар мажмуа қоровули Нозим Ҳудойқуловни уриб-дўппослаб, сўнг қўл-оёғини арқон билан боғлаб ташлашади. Кейин эса, савдо мажмуаси эшигини бузиб, ичкарига киришади ва 31 миллион 020 минг сўмлик мол-мулкни ўғирлаб, воқеа жойидан ғойиб бўлишади.
Одатда, барчамиз азим шаҳар Тошкентга сайру саёҳатга боришни ният қиламиз. Таассуфки, бу уч ҳамтовоқ чиркин муддаоларини амалга ошириш учун Тошкентга йўл олишади. Босқинчилар пойтахтга етиб келишгач, Зангиота туманидаги «Эшонгузар» маҳалласи ҳудудида жойлашган Бахтиёр Шерматовга қарашли «PAYNET» шохобчасининг эшигини бузиб, компьютер жамланмалари ҳамда 200 минг сўм нақд пулни талон-торож қилишади.
Шундан сўнг бу қилмишнинг «ҳиди» чиқмаганидан ўзларича масрур бўлган жиноий шериклар янги «ўлжалар» ҳақида бош қотиришади.
Улар навбатдаги жиноятни амалга оширишда Ғузор туманида яшовчи ака-ука Акбар ва Анвар Мирзаевларни ҳам ўзларига шерик қилиб олишади.
Бу гал жиноий гуруҳ Янгийўл туманига қарашли «Намуна» маҳалласига йўл олади. Олдиндан тузилган жиноий режага кўра, босқинчилар икки нафар фарзанди билан яшайдиган Гулноза Ҳазратованинг уйига киришади.
Шундан сўнг босқинчилар Г. Ҳазратовага дўқ-пўписа қилиб, уни ўлдириш йўли билан қўрқитишади. Шўрлик аёл азбаройи қўрқиб кетганидан тили калимага айланмайди. Норасида гўдаклар эса, қўрқувдан дағ-дағ қалтираб, йиғлашга тушишади. Босқинчилар эса, хонадондан қимматбаҳо кийим-кечаклар, шунингдек, 164 минг сўм пулни ўмариб ғойиб бўлишади.
Ҳа, бу ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш, у қай кўринишда бўлмасин, беиз кетмаслиги тайин. Тўғри йўл қолиб, тубанлик йўлини ихтиёр этган «ҳаммаслаклар»нинг кирдикорлари ҳам ана шундай якун топди.
Хайриятки, шаҳар бедарвоза эмас. Ички ишлар ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари туфайли орадан кўп ўтмай жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Узоқ давом этган тергов ва суриштирув жараёнида ҳамтовоқларнинг барча жиноий қилмишлари фош бўлди.
Суд жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бирига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан узоқ муддатли қамоқ жазосини тайинлаш билан бирга жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни солидар тартибда ундириш тўғрисида ҳукм чиқарди. Яна бир гап. Биз бежизга мақоламиз аввалида жиноий гуруҳ аъзоси, судланувчи Нодир Боймуродов ҳақида батафсил тўхталмадик. Чунки у биринчи босқич судининг ҳукмидан норози бўлиб, кассация шикояти ёзди. Унинг кассация шикояти Қашқадарё вилояти судида батафсил кўриб чиқилди. Аммо кассация шикоятида келтирилган важлар ўз тасдиғини топмади.
Айтиш керакки, нопок қилмиш азалдан ҳеч кимга наф келтирмаган. Шу боис ҳаром бойлик орттириш илинжида ҳаётнинг пучмоқ кўчаларида тентираган кимсалар пайти келиб, албатта, қилмишига яраша жазо олади. Шундай экан, фақат ҳалол меҳнат, эзгу ва хайрли амаллар инсон умрини безаш билан бирга, кўнгил ҳотиржамлиги, оила ободлиги ва фаровонлигини таъминлашини унутмаслик керак. Аслида яшашнинг мазмун-моҳияти ҳам шунда.
Ҳамид Бобоқулов,
Қашқадарё вилояти суди судьяси,
Абдунаби Бобоёров,
журналист
Фикр қолдириш