ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ РАИСИ ЕХҲТ ДЕМОКРАТИК ИНСТИТУТЛАР ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА БЮРОСИ ДИРЕКТОРИ БИЛАН УЧРАШДИ
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида меҳмонларга мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, бу борадаги қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади суд ҳокимиятининг мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат.
Делегация аъзоларига давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқни таъминлаш мақсадида Олий судда маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, ҳудудларда маъмурий судлар ташкил этилгани ҳақида маълумот берилди.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддасида маъмурий судлар томонидан ҳал этиладиган ишлар кўрсатилган бўлиб, унга кўра сайлов комиссияларининг ҳатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳам таалуқлилиги бўйича маъмурий судлар судловига берилгани ҳам айтиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Европада ҳавфсизлик ташкилоти ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилгани таъкидланиб, олиб борилаётган ўзаро ҳамкорлик келгусида ҳам самарали натижаларни кўрсатишга ишонч билдирилди.
Учрашув доирасида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси
Фикр қолдириш