ҲАҚИҚАТНИНГ ОЙДИН ЙЎЛИ

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳуқуқшунослик ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган шарафли касб саналади. Етук ҳуқуқшунос бўлиш учун киши фақатгина шу йўналишда олий таълим олиши кифоя қилмайди. Бундан ташқари ёш ҳуқуқшунос турли машаққат ва синовларни мардона енгиб ўтиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда айни касбнинг сир-асрорларини чуқур ўрганиб, тажриба орттириши, тинимсиз изланиши ва энг муҳими, юксак инсоний фазилатларга эга бўлиши талаб этилади.

Учкўприк туманида яшовчи Муннаввар Қодиров ҳам бундан 25 йил аввал мактабни тугатиб, олийгоҳга ўқишга киргач, келгусида тажрибали ҳу­қуқшунос бўлиб, халқимизга хизмат қилишни орзу қилган эди. Шундай бўлди ҳам. Эзгу ниятлари амалга ошиб, прокуратура ор­ганларига ишга кирди. Аввал Қўқон шаҳар прокуратурасида жамоатчи ёр­дамчи сифатида тажриба орттира бошлади. Сўнг­ра Сўх тумани прокурорининг иш ўрганувчи ёрдамчиси лавозимига ўтказилди. Аммо…

Аммо 2008 йил октябрь ойида унинг бошига кутилмаганда жиддий ташвиш тушди. Гап шундаки, ўша пайтда М. Қодиров иш юритиувида Сўх тумани бандликка кўмаклашиш марказига оид жиноят иши мавжуд бўлиб, марказнинг молия­вий фаолияти тафтиш этилганда айрим талон-торожликлар аниқланган.

Бундан тафтишчи Р. Сур­хонов «унумли» фойдаланмоқчи бўлади. У марказ директори Субҳиддин Хизриевдан тамагирлик йўли билан 3 000 АҚШ долларини ҳамкасби Фарруҳ Шодиев­ орқа­ли пора тариқасида олади. Ана шу воқеанинг эртасига — 2008 йил 26 октябрь куни М. Қодиров Р. Сурхонов билан жиноий тил бириктирганликда гумонланиб, ишдан бўшатилади. Охир-оқибат прокурор ёр­дамчисига нисбатан ҳам жиноят иши қўз­ғатилади.

Шундан сўнг ушбу қилмиш жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судида кўриб чиқилади. Суднинг 2009 йил 5 мартдаги ҳукмига кўра, М. Қодиров Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қис­ми “б”, “в”, “г” бандлари билан айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Унинг апелляция шикояти суднинг 2009 йил 8 апрелдаги ажримига асосан қаноатлантирилмайди ва суд ҳук­ми ўзгаришсиз қолдирилади.

Кейинчалик жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судининг 2011 йил 4 мартдаги ажримига асосан М. Қодировнинг ўталмай қолган 3 йил 11 ой 29 кун жазоси Жиноят кодексининг 74-моддаси тартибида шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилади. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, жиноят ишлари бў­йича Учкўприк тумани судининг 2012 йил 19 июндаги ажримига биноан ўталмай қолган 2 йил 10 ой 15 кун аҳлоқ тузатиш иши жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинади.

Бироқ жазодан озод этилгач, собиқ прокурор ёр­дамчиси бировнинг ай­би эвазига айбдорга айланганидан норози бў­либ, юқори турувчи идораларга қай­та-қайта мурожаат қилса-да, бирон-бир натижа бўл­майди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳу­қуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширила бошлангач, унинг кўнглида адолатни қарор топтиришга ишонч уйғонади. Аниқроғи, у ўзининг айб­сизлигини исботловчи бир қа­тор далилларни тақдим этган ҳолда Ўзбекис­тон Республикаси Олий судига мурожаат қилади. Пировардида Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 18 августдаги ажримига мувофиқ жиноят­ ишлари бўйича Фарғона вилояти суди апелляция инс­тан­ция­сининг 2009 йил 8 апрелдаги ажримининг унга оид қисми бекор қи­ли­нади ва ишнинг шу қис­ми янгидан апелляция инстанцияси судида кў­риш учун юборилади.

Апелляция суди мажлисида М. Қодировнинг ноҳақ айбланиб, жазога тортилгани маълум бўлди. Жум­­ладан, Рус­там Сурхонов турли руҳий ва жисмоний тазйиқлар туфайли М. Қодировнинг ҳам жиноятга шерик бўлгани ҳақида ёл­ғон кўр­сатма беришга мажбур бўлганини тан олди. Субҳиддин Хизриев ҳам прокурор ёрдамчисининг пора талаб қилмаганини маълум қилди. Аммо даст­лабки тергов органи ва суд М. Қодировни тахмин ва фаразларга асосланган ҳолда айблаб, но­тўғри ху­лосага келган. Қо­лаверса, прокурор ёрдамчисини айблаш учун асос қилиб олинган Р. Сурхонов ва С. Хизриев, С. Хизриев ва Ф. Шодиев ўр­тасидаги суҳбат стенограммалари, уларнинг кириш-чиқиш қўнғироқлари рўйхати, юзлаштириш баённомалари холис ва ишончли далиллар эмас. Бундай ҳо­латда М. Қодировнинг ҳаракатини Жи­ноят­ кодексининг 210-моддаси 2-қис­ми билан малакалаб бўлмайди.

Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасида иш қўз­ғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳо­диса юз бермаган бўл­са, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, унинг содир этилган жиноятга дахли бўл­маса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши зарурлиги белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2009 йил 5 мартдаги ҳукмининг М. Қодировга оид қисмини бекор қи­либ, уни айб­сиз деб топди ва оқлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айни пайтда М. Қодировнинг таниш-билиш, қа­риндош-уруғ, қўни-қўш­ни ва ҳамкасблари олдида юзи ёруғ. Унинг айтишича, ўғли ҳам келажакда ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилар экан. Шу боис қаҳрамонимиз фарзандига ҳамиша ва ҳар ишда адолат ҳимоячиси бўлишини уқтиради. Зеро, ҳа­қи­қат ва адолат эгилади, букилади, аммо синмайди.

Бобохон ВАҲОБОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси,

Аҳаджон ТУРҒУНОВ, адвокат

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: