ТАВБАСИГА ТАЯНМАГАН ФИРИБГАР

Олтиариқлик Раҳмонберди Тожибоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) қора қилмишлари билан ўзига хос «рекорд» ўрнатган. У дастлаб бундан 27 йил муқаддам қотилликка қўл урган бўлса, ўтган давр мобайнида 5 маротаба турли кўринишдаги фирибгарликни содир этгани учун ўта хавфли рецидивист деб топилган.

Жиноят ишлари бў­йича Когон шаҳар судининг 2018 йил 21 сентябрдаги ажрими билан ўталмай қолган жазосини қаттиқ тартибли колонияларда ўтаётган Раҳмонберди Тожибоевнинг 2013 йилда содир этган яна бир фирибгарлиги фош қилинди.

Маълум бўлишича, Беш­ариқ туманидаги «Бек каратэ» клуби ҳамда сабзавотчиликка ихтисослашган «Ашурматов Бекмирзо орзуси» фермер хўжалиги раҳбари Даврон Ашурматов 2012 йилда Ўрта Чирчиқ тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Дониёр Султонов билан танишиб, кейинчалик каратэ спортини ривожлантириш борасида ҳамкорлик қила бошлайди. Даврон Ашурматов бир гал Тўйтепага келганида Дониёр Султонов нуфузли идоранинг юқо­ри лавозимида ишлайдиган Баҳодир Нурмуҳаммедов деган киши билан таништириб қўяди. Пўрим кийинган катта ёшдаги «амалдор» Даврон Ашурматовга телефон рақамини бериб, ҳар қандай муаммони ҳал қилишга қурби етишини билдиради. Устига устак, меҳмонга Қуръони Каримнинг аудио нусхаси ёзилган ручка ҳам совға қилади.

Орадан кўп вақт ўтмай «амалдор» Фарғонага бориб, Даврон Ашурматовнинг қуюқ меҳмони бўлади. Қайтар чо­ғи унга пойтахтдаги деҳ­қон бозоридан бирининг раислигини олиб беришни ваъда қилади.

Даврон Ашурматов бу гапни эшитгач «улуғ» инсон билан танишиб қолганига амин бўлади. Шу боис 2013 йилнинг февраль ойида «дасти узун амалдор» ўн минг АҚШ доллари миқдорида қарз сўраганда сира иккиланмай беради. Ўз навбатида, «амалдор» ҳам қарзни айтган муддатида қайтаради. Бу эса, Даврон Тожибоевнинг унга нисбатан бўл­ган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Орадан 9 ой ўтгач, сохта амалдор аввалдан режалаштирган ишига қўл уради. У Даврон Ашурматовга хориждан зотдор қорамоллар олиб келаётгани, агар керак бўлса, ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилади.

Узоқни кўз­лаган режа иш беради. Д. Ашурматов хориждан олиб келинадиган 200 бош қорамол учун бир миллиард саккиз юз минг сўмни сохта амалдорнинг қўлига тутқазади. Бунинг учун у Яккатут қишлоғида жойлашган ҳовлисини сотгани етмаганидек, қа­риндош-уруғ ва дўст­ларидан катта миқдорда қарз олади. Афсуски, Д. Ашурматов алдангани, юқори лавозимдаги «амалдор» ашаддий жиноятчи Раҳмонберди Тожибоев эканини жуда кеч англаб етади.

Бу пайтда Р. Тожибоев жазони ижро этиш муассасасида бошқа жиноятлари учун тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган эди.

Бинобарин, Д. Ашурматовнинг мурожаати асосида айбдорга олтинчи маротаба жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани судида бўлиб ўтган суд мажлисига судланувчи жазони ижро этиш муассасасидан олиб келинди.

Суд Раҳмонберди Тожибоевга илгари тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 11 938 500 сўм жарима жазосини тайинлади. Бундан ташқари жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Хулоса ўрнида бир мулоҳазани билдиришни жоиз топдик. Гап шундаки, Раҳмонберди Тожибоев яқин орада 70 ёшга тўлади. Аммо у шу табаррук ёшни оиласи ва набиралари қуршовида эмас, темир панжаралар ортида қар­ши олади. Бу эса, унинг тавбасига таянмаганини кўр­сатиши баробарида нақадар аянчли аҳволда эканининг исботидир.

Фурқатжон СОБИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Бешариқ тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: