БАРҲАМ ТОПГАН СУНЪИЙ ТЎСИҚЛАР
Урганч шаҳрида яшовчи Анвар Муродов (исм-шарифлар ўзгартирилган) нинг тирикчилиги савдо-сотиқдан. 2014 йил «Урганч буюм савдо комплекси» масъулияти чекланган жамияти билан шартнома тузиб, унга қарашли бозор ҳудудидан 25 миллион сўм эвазига саҳни 60,2 квадрат метрга тенг дўкон биносини сотиб олади.
Бироқ 2016 йилга келиб, бозор бузиладиган бино ва иншоотлар рўйхатига тушди. Бошқалар каби Анвар ҳам тирикчлик манбаидан айрилди. Аммо буниси ҳали ҳолва бўлиб чиқди. Урганч туман ҳокимлиги бу борадаги қонунчилик ва «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори талабларини бажармади. Бузилган дўкон учун унинг ҳудудига баравар бўлган ер майдонини тадбиркорга ажратиб бермади, компенсация тўланмади. Шу юзасидан қўйилган талабнинг бир қисми судда ҳал бўлди. Маъмурий суд туман ҳокими зиммасига дўкондорнинг тасарруфига тегишли ер майдонини ажратиб бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш ва ҳал этиш мажбуриятини юклади.
Товон тўловига оид талаб эса, фуқаролик суди ваколатига тегишлиги муносабати билан очиқ қолдирилди.
Шу аснода Урганч шаҳрининг Абулғози Баҳодирхон номли кўчасида жойлашган 95 квадрат метр саҳнли эски тикувчилик шаҳобчаси ва 81,5 квадрат метрга тенг дўкон бинолари 7 қаватли замонавий турар жой биносини барпо этиш муносабати билан бузиладган бўлди.
Ер-мулк эгаси Шуҳрат Комиловга (исм-шарифлар ўзгартирилган) ушбу бунёдкорликни амалга ошириш учун масъул бўлган «Ҳунарманд баракат газ инвест монтаж» масъулияти чекланган жамияти билан тегишли тартибда шартнома тузиш таклиф қилинди. Аммо мулкдор бунга рози бўлмади.
Таклиф рад қилинди. Бунинг оқибатида ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби асосида аллақачон бузиб юборилган иккита бинонинг бозор қийматига тенг салкам 109 миллион сўмлик товон пули ора йўлда қолди. Начора, низони ҳал этиш масъулиятини мазкур жамиятнинг сўрови асосида Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси ўз зиммасига олди. Иш судда кўриб чиқилди.
Лола Акбарова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва Урганч шаҳар ҳокимлиги ўртасида товон тўлови бўйича юзага келган можарони ҳам ўзаро муроса-ю, мадора асосида ҳал этишнинг иложи бўлмади. Афсуски, томонлар қонуний келишувга қўл силташди. Судлашувни афзал кўришди. Барига фуқарога қарашли икки қаватли иморатни шаҳарнинг марказий қисмини қайта қуриш муносабати билан бузишга қаратилган шаҳар ҳокимининг 2017 йилдаги 1855-к сонли қарор сабаб бўлди. Қарорга кўра, тадбиркорнинг «Зарафшон» кўчасидаги сатҳи 1100 квадрат метрдан иборат маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси ва автомобилларни таъмирлаш устахонаси жойлашган бино-иншоотлар давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган, ер-мулк эгасига эса, бошқа жойдан тегишли ҳажмда ер майдони ажратиб бериладиган ҳамда қарийб 387 миллион сўм миқдорида компенсация тўлови амалга ошириладиган бўлди. Ҳокимлик қарорнинг олиб қўйилган ҳар иккала бино ҳудудига тенг бўлган янги ер майдонини ажратиб беришга оид талабини бажарди. Бироқ товон тўловини тўлашга шошилмади. Тадбиркор аёл эса, қарор талаби бекаму-кўст бажарилишини кутди. Лекин натижа бўлмади. Шундан сўнг Урганч шаҳар адлия бўлими тадбиркорнинг шикояти асосида товон пулини ундиришни сўраб, судга мурожаат қилгач, ҳокимлик мутасаддилари тўнини тескари кийиб олишди. Улар судга қарши даъво аризаси тақдим қилишди. Томонлар ўртасидаги баҳс-мунозара муросасиз кечди. Аммо охир-оқибатда қонун устуворлиги ушбу жараёнда ҳам тантана қилди.
Зеро, қонун талабига кўра, юртимизда хусусий мулк мутлақо дахлсиз ва уни қонунга хилоф тарзда эгаллаб олиш, тасарруф этиш, асоссиз равишда олиб қўйиш ваколати ҳеч кимга берилмаган.
Мулкий муносабатларга оид тартиб-тамойиллар Конституциямизда батафсил ифодасини топган. Унга кўра, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир. Унга биноан яратилган қонунлар мажмуаси жами мулкий муносабатларнинг ҳуқуқий ечимини таъминлаш гаровига айланди. Ер участкаси олиб қўйилганда компенсация бериш тартиби эса, мавжуд қонунчилигимизда муфассал акс этди. Хусусийлаштирилган ер майдонларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш чоғида компенсация тўлови муқаррар равишда амалга оширилади. Шу билан бирга жорий этилган ҳуқуқий меъёрларда хусусийлаштирилмаган ер участкаларига бўлган муносабат ҳам ўз ифодасини топди. Уни олиб қўйишнинг адолатли, мақбул ҳуқуқий йўл-йўриқлари белгилаб қўйилди.
Зикр этилган ҳолатлар ер участкаларини олиб қўйишнинг моддий ва ҳуқуқий хусусиятларини белгилашнинг муҳим ва ҳал қилувчи омили саналади.
Бироқ юртимизда расм бўлган адолатли ва инсонпарварлик таомилларига кўра, ер майдонини бошқа узрли зарурий эҳтиёжлар, жумладан, кутилмаган вазиятлар, фавқулодда ҳолатларда компенсация тўловларини амалга оширган ҳолда ҳам олиб қўйиш мумкин. Бу иш фавқулодда хусусиятга эга бўлган табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар юз берган тақдирда ваколатли органнинг қарорига асосан, жамият манфаатларини кўзлаган ҳамда вақтинчалик ҳолатларни назарда тутган ҳолда амалга оширилади.
Мазкур тадбир вақтинчалик хусусиятга эга ва олиб қўйилган ер участкасини фавқулодда вазият барҳам топганидан сўнг собиқ эгасига қайтариш, етказилган зарарни тўлиқ қоплаш кўзда тутилган.
Шуни ҳам эслатиш зарурки, мол-мулк, шу жумладан, ер майдонини шахсий ва тижорат мақсади, шунингдек, жамият манфаатлари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай ҳолатда олиб қўйиш мумкин эмас.
Энди юқорида баён этилган қонунбузарлик ҳолатларига тўхталсак, суд Анвар Муродовнинг бузилган дўкони учун товон тўловини амалга ошириш ҳақидаги талабини асосли, бу борадаги қарзни тўлашни ойлар мобайнида пайсалга солиб келган Урганч тумани ҳокимлиги ҳаракатини ноқонуний, деб топди. Жавобгарлик масъулияти туман ҳокими зиммасида қолди. Бузиб юборилган 60,2 квадрат метр саҳнли дўкон биноси учун ҳисобланган 25 миллион сўм товон пулидан ташқари давлат божи ва адвокатлик хизмати учун даъвогар сарфлаган 2 миллион сўмни ҳам жавобгар тўлайдиган бўлди.
Бу жараёнда Шуҳрат Комиловнинг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган 95 квадрат метр саҳнли эски тикувчилик цехи биноси учун ҳисобланган 109 миллион сўмлик товон пулини олишни рад этилгани сабаблари ҳам синчиклаб ўрганилди. Бунда мулк эгаси зиммасига бузилган бинонинг бозор қийматидаги товон пулини олиш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган шаҳар ҳокимлиги ҳақ, тўловни қабул қилиш ҳақидаги таклифни рад этиб келган фуқаро ноҳақ бўлиб чиқди.
Суд бузилган иккала бино учун қарийиб 109 милион сўм миқдоридаги товон пулини ундириб, мулк эгасига бериш масаласини узил-кесил ҳал этди. Унга кўра, ҳокимлик белгиланган миқдордаги пулни тўлайдиган, мулкдор эса, уни қабул қилиб оладиган бўлди.
Мулк эгаси Лола Акбарова ва Урганч шаҳар ҳокимлиги ўртасида товон пули масаласида келиб чиққан низода аксинча ҳолат юз берди. Қонун мулкдорни ёқлади. Суд фуқаронинг шу ҳақдаги шикоятидан сўнг қарши даъво аризаси билан мурожаат қилган ҳокимлик ўз даъвосини етарли даражада асослаб беролмагани боис рад этди. Мулкдорнинг 387 миллион сўм миқдоридаги компенсация тўловига оид сўровини қаноатлантиришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблади. Бу қабул қилинган ҳал қилув қарорида ўз ифодасини топди.
Мулкий ва фуқаролик муносабатларига оид бу сингари низоли масалалар қонун талаби доирасида ечим топиши мумкин. Низо — қонунга нисбатан лоқайдлик, совуққонликнинг меваси. Масаланинг туб моҳиятига разм солган киши баён қилинган ҳаётий мисоллар амалдаги қонун талаблари маҳаллий давлат идоралари томонидан бузиб ёки нотўғри талқин этилгани, унга етарлича амал қилинмаганини яққол кўрсатади. Қонун тантанаси эса, авваламбор маъмурий бошқарув органлари мансабдор шахсларининг қатъий интизоми ва саъй-ҳаракатлари баробаринда таъминланади. Қонун устуворлигини таъминлаш эса ким бўлишидан, жамиятда қандай мавқени эгаллашидан қатъи назар, ҳар бир кишининг шарафли бурчи, масъулиятли вазифасидир.
Ғайрат Матяқубов,
фуқаролик ишлари бўйича
Урганч туманлараро суди судьяси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш